Мақолалар

Нега вақтдан барака кетди?

Вақт инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардандир. Бошқа неъматларни қайта топиш, ўрнини тўлдириш мумкин, бироқ ўтган вақтни орқага қайтариб бўлмайди. Вақтнинг қадр-қиймати ҳам шунда.

Илм-фан тараққий этган бугунги замонда кўпчиликка бир нарса – вақт етишмайди. Ҳа, шундай. Ишонмасангиз, дуч келган одамдан сўраб кўринг, унинг учун энг камёб нарса айнан вақт бўлиб чиқади. Шу сабаб бўлса керак, бугунги одамларнинг энг оддий баҳонаси “Вақтим йўқ, ишлар кўп” дейиш бўлиб қолди. Вақт йўқлигини рўкач қилган одам, биринчи навбатда ўзини алдайди.

Аллоҳ бизга бир кеча-кундузда 24 соат бериб қўйибди. Шу вақтнинг эгаси ўзимиз. Уни қандай сарфлаш ўзимизга боғлиқ. Мана шу 24 соатни тўғри сарфлаш учун Яратган Зот бизга ақл-идрок, фаҳм-фаросат берган. Вақтнинг қули эмас, хожаси бўлган инсонгина ҳаётда муваффақият қозонади… Ёнингиздан ғизиллаб учиб ўтаётган машиналарга эътибор беринг.

Ҳатто йўл четида махсус белги ўрнатилган бўлсаям, пиёдаларни ўтказиб юбориш ёки светофор қизил чироғида бир оз тўхтаб туришга-да тоқати йўқ унинг. Нега? Чунки вақти йўқ, иши бошидан ошиб ётибди… Кўча-кўйда бирон танишингизни учратиб қолсангиз, шоша-пиша ҳол-аҳвол сўраган бўлади. Сиз билан сўрашадию, хаёли бошқа ерда. Нигоҳи сиздаю, фикру зикри иш билан банд, хаёли қаерлардадир кезиб юрибди. Сабаби иши кўп, “майда-чуйда” нарсаларга вақти йўқ…

Бизга берилган вақт неъмати қаёққа кетяпти ўзи? Нега вақтимиз йўқ? Бир ўзимизни тафтиш қилиб кўрайлик: беҳуда ишларга ҳаддан зиёд вақт ажратиб юборамиз-да, зарур юмушларга келганда “вақтимиз бўлмай” қолади.

Ҳатто эрталабдан кечгача чойхонадан бери келмай, ошналари билан карта, нарда ўйнаб ўтирадиган бекорчилар ҳам, кези келса, вақт камлигидан нолийди. Биз бугун фан-техника ривожланган асрда яшаяпмиз. Авваллари соатлаб бажариладиган ишлар ҳозир бир неча дақиқада амалга оширилади. Олдин узоқроқ жойларга бир ойда бориб келинган бўлса, ҳозир енгил машинада ғир етиб борасиз-келасиз. Орада қанча вақт тежаляпти. Шундай бўлсаям, негадир вақт етишмайди. Афсус билан айтамиз, умримизнинг кўп қисми беҳуда сарфланади, фойдасиз ишларга совурилади. Бемаъни сериаллар, бефойда суҳбатлар, ғийбат, мишмиш, масхарабозлик кунларимизни эговлайди. Шунинг учун бўлса керак, умримиздан барака кўтарилган…

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Замон яқинлашмагунича қиёмат қоим бўлмайди. Бир йил бир ойдек, бир ой бир ҳафтадек, бир ҳафта бир кундек, бир кун бир соатдек, бир соат гўё хурмо барги ёнгунча (муддатдек) бўлиб қолади” (Ушбу ҳадисни имом Аҳмад ривоят қилган). Қиёмат яқинлашгани сари вақтдан барака кетаверади. Кўп одамлар ўша озгина вақтни ҳам ўткинчи ҳою ҳаваслар, фойдасиз ишлар билан ўтказиб юборадилар. Агар биз вақт қадрига етсак, уни керакли ишларга сарфласак, Яратган Эгам умримизга барака беради.

Бугунги тезкор замонда вақтнинг ҳар дақиқасини қадрлаш, ҳаёт мазмунини англаб, умр дафтарини эзгу ишлар ила безаш ҳар бир ақлли инсоннинг бурчидир. Зеро, вақтига ҳоким бўла олган инсон уни ўзи истаган тарзда бошқаради, яхши амаллар билан бахтли ҳаёт учун замин ҳозирлайди. Вақт қадрига этмаганлар “вақтим йўқ” деб зорланиб юраверади. Умр эса бир жойда тўхтаб турмайди, ғизиллаб ўтаверади.

“Бахтли ҳаёт сари” китобидан

Read 2235 times

Мақолалар

Top