Мақолалар

Бир савол сўрасам: Ақиқа гўштини тарқатиш мумкин-ми?

— Фарзандимизга ақиқа қилмоқчи эдик, лекин икки хонали уйда турамиз, меҳмон кутишга шароитимиз йўқ. Шу ақиқани қай тарзда ўтказсак бўлади? Уйдан ташқарида қўй сўйиб, гўштини тарқатворса ҳам бўлади-ми?

— Албатта, бир фарзанднинг дунёга келиши катта бир ҳодиса. Фақат доимий такрорланиб тургани учун унча аҳамият берилмайди, холос. Мусулмонлар орасига янги бир аъзонинг қўшилиши, унинг онасининг соғ қолиши шарафига Аллоҳ таолога ҳар қанча шукр қилинса, ҳар қанча хайри-садақа қилинса, шунча оз. Баъзи ҳолатларда одамлар бу муносабат ила ҳаддан ошиб дабдабага йўл қўймасликлари учун шариатда ақиқага нима қилиниши ва қай миқдорда бўлиши ҳам кўрсатиб қўйилган.

Ақиқага сўйилган ҳайвоннинг гўшти фақир-мискинларга тарқатиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, у гўштдан қўни-қўшни ва дояга ҳам берилса, бўлади. Ақиқа фарзанд туғилганининг еттинчи куни қилинади. Агар еттинчи куни имкони бўлмаса, ўн тўртинчи ёки йигирма биринчи куни қилинади. Агар у кунлари имкони бўлмаса, имконини топганда қилаверади.

Уйга меҳмон чақиришга имкон бўлмаса, ақиқа гўштидан фақирларга тарқатилса ҳам бўлади. Валлоҳу аълам!

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 2831 times

Мақолалар

Top