Мақолалар

Ақидада адашмайлик
Ислом дини ҳамиша эзгуликни тарғиб қилади, динни ниқоб қилиб турли ғаразли мақсадларни амалга оширувчи гуруҳларнинг ниятларини қоралайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳақиқий мусулмон қўлидан ҳам, тилидан ҳам ўзгаларга озор бермаган кишидир" дедилар. Ақида исломнинг асоси бўлгани учун ҳам уни бузишга ҳаракатлар ҳар доим бўлиб келган. Хусусан катта саҳобийларнинг вақтларидаёқ ақидавий баҳслар олиб боришга мажбур бўлинган эди. Тобеинлар даврига келиб ҳолат янада жиддийлашди. Чунки бу пайтда мўътазилий, қадарий, хорижий каби кўплаб бузуқ ақидадаги тоифалар тарқалиб бўлган эди. Бундан ташқари динбузарлар ва диндан ўз мақсадида фойдаланишни мақсад қилганлар ҳам кўпайган эди. Ана шундай оғир пайтларда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар ўз вазифаларини муносиб бажардилар. Улар Аҳли сунна вал жамоа ақидасини муносиб ҳимоячилари бўлиб, бу йўлда жуда машаққатли ишларни бажардилар. Бу борада имом Ашъарий ва имом Мотуридийларни алоҳида кўрсатиш мумкин. Маълумки, дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ: Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деганлар. Бугун дунё саҳнасида “Ислом” динини ниқоб қилиб олган манфур, пасткаш кимсалар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай йўл ва услублардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг асл мақсадлари анъанавий Ислом ривожига ҳисса қўшиш эмас, балки инсонларга Ислом динини ёмон кўрсатиш билан бир қаторда, анъанавий бўлган шариат аҳкомларига ўзларининг бузуқ ақидаларини тиқиштириб, ҳақиқий ислом таълимотидан узоқлаштиришдир. Шунингдек, мазкур бузуқ ақидалари билан инсонлар орасида турли фитна фасодлар ва нотинчликлар келтириб чиқариб ҳокимиятга интилиш каби мақсадларни илгари сурадилар. Чунки улар томонидан амалга оширилаётган ишларга бир назар ташлаган киши уларнинг ишлари умуман Исломга ёт эканлигини англаб етади. Албатта, улар қилаётган ишларини Исломга нисбат бериб, ўзларини оқлаш мақсадида Қуръони каримдан ёки ҳадиси шариф ва суннати Набавиядан ўзларича далиллар келтиришади. Бу далилларни ҳали Исломдан тўлиқ хабари бўлмаган ёки кенгроқ тушунчага эга бўлмаган кимсалар “тўғри” эканлигига шак шубҳа ҳам қилмайдилар. Аслида улар келтираётган оят ва ҳадисларнинг сабаби нузули - ( яъни пайғамбар алайҳиссаломга бирор бир оят ваҳий қилинганда (туширилганда) тушиш сабаби бўлган) улар эса асл мақсад ва сабабларни четга суриб ўзларининг фикрларини келтиришади. Натижада, ҳали ғўр Исломдан яхши хабари бўлмаган ёшлар бундай оқимлар таъсирига тушиб, ўзи ва ўзгаларни адаштириб нотўғри йўлдан кетиб қоладилар. Шу билан иш тугамайди, тинчгина яшаб турган она заминига хоин ва манқурт кимсаларга айланиб қоладилар. Бузуқ ақидаларга тарғиб қилаётган кимсаларнинг асл мақсадлари шу бўлиб, энди улар бундай манқуртлаштирилган кимсаларга ҳар қандай буйруқлар бериб уларни осонгина бошқаришлари мумкин бўлади. Бу улар дунёнинг хоҳлаган бурчагида ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун тайёргарлик кўрди деганини англатади. Бугун дунёда бўлаётган қонли тўқнашувларнинг асосий сабабчилари қандай ном билан чиқмасин, бузуқ ақидаларга суянган кимсаларнинг ишидир. Демак, сизу биз, ниҳоятда сергак бўлишимиз, фарзандларимизни таълим тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларга аҳли сунна вал жамоа эътиқодидан бошқа, ҳар қандай ақидалар, бузғунчи ғоялар эканлигини тушунтириб, динимиз анъанавийлигини йўқотмаслигимиз лозим бўлади. Хулоса қилиб айтганда, “Аҳли суннат вал жамоа” эътиқодининг софлиги, мўътадиллиги ва бошқа динлар билан ҳам муносабатида бағрикенглиги, ҳаётий эҳтиёжлар билан ҳамнафаслиги, тирикчилик ва тараққиёт заруратини чуқур идрок этиш бўлиб, Ўзбекистоннинг бугунги демократик тараққиёти йўлига ҳам ҳамоҳангдир. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, бугунги кунда мусулмончилигимизни, эътиқодимизни соғлом қилишга, уни мукаммал ўрганишга имкониятлар мавжуд. Мана республикамизда олий ва ўрта ислом билим юртлари, икки мингдан ортиқ масжидлар фаолият кўрсатиб турибди. Билмаганларимизни мўътабар, ҳурматли уламоларимизнинг таълиф этган китобларидан ўқиб, имом-хатиблардан сўраб ўрганишимиз даркор. Уларнинг сўзларига доим қулоқ тутишимиз ва ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Барчамиз ниятимизни пок қилиб, ватанимиз, динимиз ва халқимизга манфаати тегадиган мусулмонлар бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ таоло барчамизни фирқаланишдан сақлаб, “аҳли суннат вал жамоа” да собитқадам қилсин! Давронбек АБДУҚОДИРОВ, "Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсу ислом билим юрти мудири
Read 2025 times

Мақолалар

Top