Мавлид ойи кирса чирой очар осмон,
Салавотга тўлиб-тошар бутун жаҳон.
Расулуллоҳ туғилмишлар ушбу ойда,
Ер куррасин қоқ маркази – улуғ жойда.
Ўшал куни бутлар ерга қулаб тушган,
Ҳидоятга ошуфта қалб кўкда учган.
Қирқ ёшида бўлди ул зот Расулуллоҳ,
Барчасига шоҳид эрур Каломуллоҳ.
Баён этиб яхши-ёмон, ўнгу сўлин,
Кўрсатганлар бизлар учун жаннат йўлин.
Умр бўйи ёлғон-яшиқ билмаганлар,
Итоатдан ўзга амал қилмаганлар.
Отамиздан, онамиздан ўта ғамхўр
Бўлганлари учун деймиз, минг ташаккур.
Қурайшликлар тинч ҳаётга солгач зулмат,
Эллик учда Мадинага қилган ҳижрат.
Олтмиш учда бу дунёни тарк этганлар,
Мавлосининг дийдорига тез етганлар.
Ўзларидан қолдирганлар гўзал ибрат,
Ҳам насиҳат, ҳам мурувват ҳамда ҳикмат.
Уммат бўлсак, суннатларин ушлаш керак,
Бидъатларни узил-кесил ташлаш керак.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ