Мақолалар

Икки хил тарбия

Зайд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилаганлар: “Ота-она  ўз боласига  гўзал одобдан  афзал совға бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).      

Яқинда  телеканалларимиздан бирида “Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм   намойиш этилди. Фильмда аянчли воқеалар тасвирланган: бир ўзбек аёли хорижда бошқа бир юртдоши  –  ўзбек қизини  сотиб юборгани,  хорижга  пул  ишлайман  деб кетиб жангариларга қўшилиб  қолган  ёш йигитлар ҳақида ҳикоя қилинади.    

Бир лавҳада   20-25 ёшлардаги  йигитнинг  хорижга ишлашга кетгани  ва   жангариларга қўшилиб қолгани  ҳақида  ҳикоя қилинади.   Отаси  ҳам хорижда. Онанинг кўз ёшлари тинмаяпти, амакиси  йиғилганлар олдида  сўзга чиқди. Шу амаки жигарининг фарзандини  қанотига олиб ўз фарзандлари қаторида   тарбиялаши, тўғри  йўлга солиши мумкин эди-ку?!

Айниқса, бир онанинг  ўғли хорижда жангариларга қўшилиб кетган  бошқа бир онага қарата айтган сўзлари юракларни ларзага солди. Онаизор кўзларида ёш билан  шундай деди: “Менинг ўғлим ҳарбий эди. Юртимиз чегара ҳудудида хизмат вазифасини ўташ пайтида террорчиларнинг минасига  учраб, боламнинг танаси тилка-пора бўлиб сочилиб кетган.   Фарзандимнинг танасидан    бир ҳовуч кул қолди. Шу кулни кўмдик. Сиз буни тушунасизми? Сиз  вояга етказган   Ватан хоини кабиларни  деб   ота-оналар не-не орзу-умидлар  билан катта қилган фарзандларидан  айрилди”.

Йиғилганлар қаршисида икки она юзма-юз турибди. Бири  –   юрт тинчлиги йўлида жонини фидо қилган  фарзанднинг  волидаи муҳтарамаси, яна бири  эса, ўғлининг Ватанга хиёнат қилганлигидан  қалби вайрон, юзи қора бўлган она...

Баъзилар  ёшларимизнинг  қабиҳ  йўлларга кириб кетишида ота-она, маҳалла, таълим тизимини   айблайди. Албатта,     боланинг  камолга етиши, баркамол инсон бўлиб етишишида   оила муҳитининг таъсири катта.  Бугунги кунда ёшлар ва болалар компьютер ёки қўл телефонлари  орқали   турли  сайтларга кириб,   оқибатда   ёт оқимларнинг домига тушиб қолиши мумкин. Агар фарзандларимизнинг    турли оқимларга қарши  курашчанлик  иммунитетини шакллантирсак, улар ҳеч қачон  ғараз мақсадли  кишилар  домига тушмайди.  Бунинг учун, ҳар бир ота-она   фарзандининг  нима билан қизиқаётгани, ким билан дўстлашаётганидан бохабар бўлиши,  ва албатта юқоридаги ҳадиси  шарифда келтирилганидек, фарзандига гўзал одоб бериши  лозим.  

            Шу билан биргаликда, фарзандларимизни  виртуал  қарамликдан халос этиб,  китоб билан ошно қилишимиз зарур.  Китоб мутолаа қилган,  тафаккури кенг инсон  ҳеч қачон  ёт ғояларга алданмайди.

 

М.Абдуллаева, ЎМИ мутахассиси 

Read 5559 times

Мақолалар

Top