Мақолалар

Бир савол сўрасам: Қариндошим берган гувоҳлигим сабабли қамалди. Бу ишим учун гуноҳкор бўламан-ми?

— Бир қариндошимизнинг қилган жиноятига гувоҳлик бергандим. Қариндошимиз қамалди. Энди унинг оиласи мени айблаяпти, қамалишига сабабчи бўлдинг, ёмонлик қилиб, гуноҳ иш қилдинг, деяпти. Мен ёлғон гувоҳлик берганим йўқ. Қилган ишим гуноҳмиди?

— Гувоҳлик жуда ҳам нозик ва масъулиятли ишдир. Чунки гувоҳлик бериш йўли билан далил-ҳужжат етишмай турган ишлар ҳал бўлади. Бир оғиз гувоҳлик сўзи билан бировга нисбатан ўлим ҳукми чиқиши ёки бекор қилиниши мумкин. Биров қамалиб кетиши ёки қутулиб қолиши мумкин. Исломда гувоҳлик адолат ила бўлишига катта эътибор берилади. Лекин ёлғон гувоҳлик бериш, гуноҳ ҳисобланади.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-она ва қариндошлар зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавойи нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан ўта хабардордир”.

Демак, гувоҳлик Аллоҳ учун бўлиши керак. Бошқа нарса учун эмас. Ана шундагина адолатли гувоҳлик бўлади. Албатта, инсоннинг ўзига қарши гувоҳлик бериши, ота-онаси ёки қариндош уруғига қарши гувоҳлик бериши осон эмас. Бу иш гапиришга осон, холос. Лекин илоҳий таълимот шуни ирода қилади. Ана шундагина ҳақиқий адолат юзага чиқиши мумкин.

Шунингдек, бу бой экан, кейин менга нисбатан ҳар нарса қилиш унинг қўлидан келади, деб қўрқиб, ёки бой экан, бунга бало ҳам урмайди, деб нотўғри гувоҳлик берманг. Тўғри гувоҳлик беринг.

Исломда гувоҳликни беркитиш ёки уни адо этишдан қочиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: “Гувоҳларнинг энг яхшиси сўралмасдан туриб гувоҳлик берадиганларидир”, – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Read 1763 times

Мақолалар

Top