Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломга итоат – Аллоҳга итоатдир

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида мана шундай марҳамат қилади:


اَعُوذُ بِالله مِنَ اشَّيْطانِ الرَّجِيم * بِسْمِ الله الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ *


مَّنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللّهَ وَمَن تَوَلَّى فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظاً

Маъноси: 

“Кимки Пайғамбарга итоат этса, муҳаққақ, Аллоҳга итоат этган бўлур. Кимки (итоатдан) юз ўгирса (ранжиманг), Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юбормадик”.

ШАРҲ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этган киши Аллоҳга итоат этганлик мақомига эришади ва жаннатга киради.

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, элчисидир. У зотнинг ахлоқи Қуръондир. Аллоҳга ишонганлар учун дунё ва охират ишларининг барчасида энг гўзал ўрнак у зотдирлар. 

Айтган сўзлари ва қилган ишлари Аллоҳнинг тасарруфи ва изни остидадир. Қуръонни ўз ҳаётларига мукаммал тарзда жорий эта олган зотдирлар. У зотнинг буюрганлари буткул Қуръоннинг руҳига мувофиқ бўлиб, фақат ўз замонлари билан боғлиқ эмас, балки барча замонларга тегишлидир. Чунки у зотга Қуръонни очиқ шарҳлаш ва татбиқ этиш лаёқати берилган ва ҳикмат ўргатилган. Чунончи, Наҳл сураси, 44-оятида айтилади (маъноси): “(Биз у олдинги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва Китоблар билан (юборганмиз). Сизга ҳам (ушбу) Зикрни (Қуръонни) нозил қилдик, токи инсонлар учун нозил қилинган нарсани уларга (тушунтириб) баён қилиб беринг. Токи (яхши) тафаккур қилсинлар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билингларки, Аллоҳ менга Қуръон билан бирга унинг бир мислини (унинг татбиқоти ва шарҳи ўлароқ) ваҳй қилгандир», деб марҳамат қилганлар.

Оятда таъкидланганидек, Аллоҳга итоат ва муҳаббат Унинг Расулига – у зотнинг суннатига эргашмоқ билан амалга ошади. Кимки буларга кўнгил роҳати билан таслим бўлмаса, иймон келтирган ҳисобланмайди (“Файзул-Фурқон”).  

Нисо сураси, 59-оят маъноси: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар ва Пайғамбарга итоат этинглар ва ўзларингиздан бўлган ишбошиларга ҳам…”

Нисо сураси, 64-оят маъноси: “Биз ҳар бир пайғамбарни фақатгина – Аллоҳнинг изни (амри) билан – уларга итоат этилмоғи учун юбордик”.

Нисо сураси, 69-оят маъноси: “Кимда-ким Аллоҳга ва Пайғамбарга (сидқи дилдан) итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ зотлар билан бирга бўлгайдирлар. Улар қандай гўзал ҳамроҳдирлар!” 

Оли Имрон сураси, 172-оят маъноси: “У (мўъмин)лар ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам (мушрикларни қувиб, орқага суриб ташлаш учун) Аллоҳ ва Расули(нинг чақириғи)га итоат этганлардир. Ораларидан гўзал амал қилганлар ва муттақий бўлганлар (Аллоҳнинг амрларига мос яшаб, гуноҳлардан сақланганлар) учун улуғ мукофот бордир”.

Исро сураси, 16-оят маъноси: “Биз қачон бирор мамлакатни ҳалок қилишни хоҳласак, унинг (маишатпараст ва) тўқчиликдан яйраган (ўзини бой кўриб, Аллоҳга эҳтиёж сезмаган) катталарига (етказувчилар орқали ибодат ва итоат этишни) буюрурмиз. Улар у ерда (диний қоидаларни бузиб) фосиқлик (ва итоатсизлик) қилишгач, шунда у (юрт)нинг устига азоб сўзи ҳақ (ва муқаррар) бўлур. Сўнг Биз уни ер билан яксон қилурмиз”.

 Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: Фаришталар: «...Кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этса, Аллоҳ таолога итоат этган бўлади, кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, Аллоҳ таолога осийлик қилган бўлади...», – дейишди» («Саҳиҳи Бухорий», 7281-ҳадис).

Таржимон ва шарҳловчи

Мирзо Кенжабек

Read 2264 times

Мақолалар

Top