Мақолалар

Яхшиликка чақириш: Бугун салавот айтдингизми?

 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳ таоло наздидаги қадр-қиммати шу қадарки, Жаноби Ҳақ ҳабибига итоатни ўзига итоат деб ҳисоблаган. Унга қарши қилинадиган кичик ҳурматсизлик солиҳ амалларнинг хабата (йўқ) бўлиб кетишига сабаб эканини таъкидлаган. Унга таъзим қилишни кўнгилларнинг тақво имтиҳони қилган. Расулига номуносиб хитоб қилишни жоҳиллик деб санаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўплаб дуруду салавот айтиб, у зотни бир зумга ҳам дилимиздан чиқармаслигимизни баён қилган. Ҳатто, намоз ўқиётганда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ассалому алайка айюҳаннабию ва роҳматуллоҳу” деб салом йўллашимизни истаган. Намоз ўқиётиб, башарга салом берса намоз фосид бўлгани ҳолда, Аллоҳ таоло Расулига намозда ҳам салом айтишни вожиб қилган.

Имом Ғаззолий айтади: “Намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сурати ва карим шахсини қалбда ҳозир айлаб: “Ассалому алайка айюҳаннабию ва роҳматуллоҳу ва баракатуҳу” дегин. Амин бўлки, сенинг саломинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб боради ва у зот ҳам сенга бундан-да гўзал бир алфозда жавоб берадилар” (Иҳёи улумид-Дин 1, 224).

Ҳолид Бағдодий ҳам “Мактубот”ининг тўртинчи мактубида аллома Шаҳоб ибн Ҳожар ал-Маккийдан нақл қилади: “Намозда ўқиладиган таҳийётнинг “ассалому алайка” жумласида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинади. Бунда Аллоҳ таоло намоз ўқиётган умматидан Расулини хабардор қилганига ишора борки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат кунида намоз ўқиганлар ёнида бўлиб, уларнинг гўзал амалларига шоҳидлик берадилар. Намоз пайти у зотнинг маънан ҳозир бўлиб, саломга алик олишларини хотирлаш эса кўнгилларда ҳушу ва ҳузунинг ортишига василадир”

Қадри ва қиймати бу қадар улуғ бўлган Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўла идрок этиб, баён қилиш қийинлиги очиқ-ойдиндир. Шундай бўлса-да, имконимиз қадар ҳар куни ихлос билан Аллоҳга ҳамд, Расули муҳатарам соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишни одат қилсак, иншааллоҳ, қиёматда номаи аъмоллари ўнг тарафдан берилувчи масъудлар қаторида бўламиз.

Абдулатиф Абдуллаев

Read 1913 times

Мақолалар

Top