Мақолалар

Қабр азоби

Ҳар бир мусулмон борки, Аллоҳнинг ягоналигини сидқидилдан тасдиқ қилиб, тили билан тавҳид калимасини айтади. Шунингдек, у Аллоҳнинг фаришталари, китоблари, Пайғамбарлари, қиёмат кунига, тақдирнинг яхши- ёмони Аллоҳдан эканлигига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмоғи шартдир. Яна ҳар бир мўмин банда бутун олам ягона холиқ тарафидан яратилганига қатъий ишонмоғи лозим. Агар инсон ўз тузилишига, борлиқни яратилишига, уларнинг ҳаёт қонунлари ва ҳаракатларига чуқурроқ назар солса, мазкур нарсаларни ва қонунларни вужудга келтирган ғайритабиий бир қудрат борлигига ишонч ҳосил қилади. Бу эса имон дейилади.

Шу билан бир қаторда ҳар бир мусулмон киши қабр ҳаёти ва азоби борлигига ишониши лозимдир. Дунё  ва охират ўртасида бошқа бир ҳаёт бўлиб, у барзах ҳаёти, яъни, қабр ҳаётидир.

Қабр ҳаёти ўзига хос бир ҳаётки, у ҳар хил сир-асрорларга, ғаройиб воқеа-ҳодисаларга бой бўлиб, ҳали тириклардан бирон-бир кимса уни ўзида синаб кўрган эмас. Мусулмон киши қабр ҳаёти ҳақидаги маълумотларни Аллоҳнинг китоби ва охир замон Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларидан олиши керак. Бу далилларга сидқидилдан ишониб, қалби билан тасдиқ этиши зарур. Зеро, мўминларнинг сифатларидан бўлган ғайбга имон келтириш шундай бўлади. 

Аллоҳ Ўзининг ояти каримасида бундай марҳамат қилади: “Алиф, лом, мим. Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, улар ғайбий хабарларга (Пайғамбаримиз Муҳаммад келтирган хабарларга) имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара, 1–3). 

Яна қабрда шундай кўз кўриб қулоқ эшитмаган ғаройиботлар бор. Улар  охиратга тааллуқли ҳодисалардир. Ҳа, бу ғайб нарсалар ҳақиқатда мавжуд, лекин уларнинг борлигига инсоннинг ноқис тасаввури, қисқа фантазияси, ҳис-туйғуларининг ғайриоддий нарсаларни идрок этишга ожизлиги ёки ақлий қуввати Яратганнинг белгилаб берган чизиғидан четда фаолият кўрсата олмаслиги ва шу боис унга билиш насиб этилмаган нарсаларни идрок эта билмаслиги заррача монелик қилмайди.

Масалан, қабрнинг кенг ёки тор, ёруғ-равшан ёки олов бўлиб ловуллаб туриши сингари ҳодисалар шунга мисол бўла олади. Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикматини қарангки, баъзи махлуқларини шафқат юзасидан қабрда кечадиган воқеаларни кўра олмайдиган ва эшитмайдиган қилиб қўйди. Чунки уларнинг бу воқеаларни кўришга ва эшитишга сабр ва бардошлари етмайди. Ахир банданинг кўз ва қулоқлари қабр азобининг гувоҳи бўлишга жуда ҳам заифлик қилади. Шунинг учун ҳам қулоғу кўзга ўзига хос кўринмас парда тортилади. 

Инсонлар қабрларда азобланиб ётган ўликларни кўра олишганида ғайбга имон келтиришнинг ҳеч бир қизиғи қолмасди. Шундан кейин ҳам, яъни, азобни ўз кўзи билан кўргач, инсонлар ичида бирорта динни ёлғончи дегувчи кофир кимса қолармиди? Унда бандаларни яратишдан кўзланган ҳикмат қайда қолар эди? Ахир илоҳий ҳикмат ким кофир, ким мўмин бўлишини синаб кўришдан иборат-ку.

Лекин шунга қарамасдан баъзи ҳолларда қабр азобини кўрганлар ҳам бор. Аллоҳ ўзи истаган бандаларига малоика ва жинларни кўришини ихтиёр қилганидек, қабр азобини кўришни ҳам баъзиларга насиб қилиши мумкин экан. 

Ибн Абу Дунё “Қубур” (қабрлар) деган китобларида Шаъбийнинг бир киши ҳақидаги ривоятини келтиради. У киши Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳикоя қилиб айтди: “Бадрдан ўтаётиб, ер қаъридан чиқаётган бир кишини кўриб қолдим. Қарасам, иккинчи бир киши уни темир гурзи билан ерга кириб кетгунича уряпти. У эса бир оздан сўнг яна чиқиб келяпти, иккинчи киши яна худди аввалгидек (ерга киритиб юбормоқда)”. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “У Абу Жаҳл ибн Ҳишомдир, қиёмат кунига қадар азоб тортади”.

Ибн Абу Дунё айтадилар: “Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилишича, отаси бундай деган: “Бир йўловчи (туясида) Макка ва Мадина оралиғида кетаётиб бир қабр ёнидан ўтиб қолибди. Қараса, бир одам қабридан ташқарига чиқиб олган, олов бўлиб ловиллаб ёняпти, яна (ҳамма ери) темир занжир билан кишанлаб ташланган экан... Йўловчи бечоранинг эси оғиб, ҳушидан кетиб, туясидан ағанабди. Эрталаб турса, сочи қордай оқариб кетганмиш. Кўрган-кечирганларини ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу)га айтиб берибди. У киши эса ёлғиз ҳолда шериксиз сафарга боришни таъқиқлаб қўйибдилар”.
          Абу Қузъа айтадилар: “Басра билан бизнинг ерларимиз ўртасидаги сув бўйлаб кетиб борар эдик. Шу пайт қаёқдандир эшакнинг ҳанграган овози эшитилди. Биз басраликлардан: “Бу қандай ҳанграш?” деб сўрадик. Улар айтишди: “(Бу ҳанграётган эшак эмас), бизнинг томонда бир пайтлар яшаган бир кишининг овозидир. Онаси бирор гaп айтса, унга: “Қани бир ҳанграб юборинг-чи”, дерди. Ўзи ўлганидан кейин, ҳар кеча гўридан мана шу ҳанграш овози эшитилиб туради”.

Аллоҳ Ўзининг каломида қабр ҳаётига ва қабр азобига далил қилиб бир қанча оятлар келтирган.

“(У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қойим бўладиган кунда эса, (дўзах фаришталарига): «Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз!» дейилур”(Ғофир, 46).

Улар дейдилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг. Бас, бизлар (дунёда қилган) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу азобдан) чиқишга бирор йўл борми?(Ғофир, 11).

Токи улардан (мушриклардан) бирортасига ўлим келганида: «Эй, Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтарингиз!Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам», дер. Йўқ! (У асло қайтарилмас). Бу ҳақиқатан у айтувчиси бўлган сўздир. Уларнинг ортида, то қайта тириладиган кунларигача, (икки дунё ўртасини тўсиб турадиган) бир тўсиқ бордир” (Мўминун, 99–100).

Юқоридаги ояти карималардан кўриниб турибдики, дунё  ва охират ўртасида бошқа бир ҳаёт аниқ мавжуддир. Лекин баъзи бир кишилар борки, бунга ишонишмайди.

Баъзилар қабрдаги роҳат ва азобни инкор этишади. Бу борада улар қуйидаги нарсаларни сабаб қилиб кўрсатишади. Масалан, улар: “Бир маййитни дафн қилиш учун эски бир қабр очилса, олдин қўйилган маййитда азобланиш асоратини кўрмаймиз-ку”, деб сўрашади. Шунингдек, улар яна бир маййит қабрда ҳисоб-китоб учун ўтиришини ёки бир жойда ётган икки маййитнинг бири боғу бўстонларда мазза қилиб юрган чоғда, бошқаси азоб тортиб ётишини тасаввур қила олмас эканлар.

Хўш, шу ва шунга ўхшаш даъволарга нима деб жавоб айтиш мумкин?
Инсоннинг бадани ҳаёти давомида турли роҳат ва азобларга дучор бўлади ва шундан сўнг бу (ҳис-туйғулар) унинг руҳига ўтади. Аммо барзах ҳаётида эса роҳат ёки азобни аввал руҳ ҳис қилади, сўнг бу баданга ўтади.

Аллоҳ барчаларимизни қабр азобларидан Ўзи сақласин.

 

Манбалар асосида

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ

тайёрлади

Read 11059 times

Мақолалар

Top