Мақолалар

ЖИҲОД – ИСЛОМНИ КУЧ БИЛАН ЁЙИШМИ?

Бу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, террорчилик билан «жиҳод» орасида ҳеч қандай муносабат, ўхшашлик ва алоқа мавжуд эмас, балки улар орасида жиддий қарама-қаршиликлар бор.

Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.

Бошқа эътиқод вакилларини мажбуран динга киритиш жиҳод ҳисобланмайди. Аллоҳ таоло бундай ҳаракатдан қайтаради. «Бақара» сурасининг 256-оятида шундай дейилган:

 

لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَد تَّبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ

“Динга мажбур қилиш йўқ. Ба таҳқиқтўғрилик эгриликдан ажради”.

Уламолар бирор шахс ёки мусулмон жамоа-си жиҳодни ўзича эълон қилиб, уруш бошлаши мумкин эмаслигини алоҳида уқтирадилар. Уруш маъносида талқин қилинадиган жиҳод сиёсий масала бўлганиўзига хос оқибатларни келтириб чиқаргани сабабли, Ислом шариати фақат давлат раҳбаригина бундай жиҳодни эълон қилиш ва амалга ошириш ҳуқуқига эга эканини қатъий таъкидлайди.

Огоҳ бўлиш лозимки, жиҳод мазмунидаги ҳадислардан бузғунчи ва жиноий ҳаракат-ларни асослаш, қон тўкишни оқлаш ҳамда мусулмонлар орасида фитна чиқариш мақсадида зинҳор фойдаланиб бўлмайди. Бинобарин, Қуръон ва Суннатдаги далилларга асосан айтишимиз мумкинки, муқаддас эътиқодимиз бундай амалларни бутунлай қоралайди. Бу айтилган сўзларга Қуръони карим, ҳадиси шариф ва жумҳур мусулмон уламоларининг қарорларидан далилларни баён қиламиз:

Қуръони каримдан далил: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 190-оятида шундай деган:

 

وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا

إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

“Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас”.

Мазкур ояти каримада уруш қилган кишиларга қарши уруш қилишлик ва унда ҳаддан ошиб тажовузкор бўлмаслик айтилмоқда. Ҳаттоки, уруш ҳолатида ҳам Ислом уларга зулм ва зўравонлик қилмасликни буюрмоқда.

Ислом дини барча замонларда ҳам, барча маконларда ҳам ва барча ҳолатларда ҳам адолат, эзгулик тарафдори бўлиб келган. Жумладан, эътиқод масаласида ҳам ҳеч бир замонда инсонларни Исломни қабул қилишлари учун мажбурламаган.

«Мумтаҳана» сурасининг 8-оятида эса:

 

لَّا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُم مِّن دِيَارِكُمْ أَن تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ

“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир, деган.

Бу ояти каримада эса, мусулмон бўлмаган ўзга дин вакилларига нисбатан адолатли бўлишдан ташқари, уларга яхши муомалада бўлиш яхши экани айтилмоқда. Дунёда ўзга дин вакилларига Ислом диничалик яхши муносабатда бўлишга тарғиб қилган таълимот бормикан?!

«Тавба» сураси 6-оятида эса:

وَإِنْ أَحَدٌ مِّنَ الْمُشْرِكِينَ اسْتَجَارَكَ فَأَجِرْهُ حَتَّىٰ يَسْمَعَ كَلَامَ اللَّهِ ثُمَّ أَبْلِغْهُ مَأْمَنَهُ ذَٰلِكَ بِأَنَّهُمْ قَوْمٌ لَّا يَعْلَمُونَ

“Агар мушриклардан биронтаси паноҳ сўра-са, унга паноҳ бер, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни омонлик жойига етказиб қўй. Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари учундир”, деган.

Бу ояти каримада ҳам Исломнинг бағрикенг-лик ва меҳр-шафқат дини эканини кўрамиз. Чунки паноҳ беришда ҳам бошпана бериш ва ҳамда билмаган кишилар билиши учун шароит муҳайё қилиниши бордир. Бундан ташқари уларни омонлик жойига етказиб қўйиш ҳам айтилмоқда.

Агар Ислом шариатида динга мажбурлаб киритиш жоиз бўлганида, ғайри динлар бошпана сўраганда ёки асирга тушганларида, улар устида бу ишни амалга ошириш энг яхши фурсат эмасмиди?!

Бу оятларнинг барчаси «Ҳудайбия» сулҳидан кейин, яна ҳам аниқроқ айтсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирида нозил бўлган. Шундай экан, улар, насх, яъни ҳукми бекор қилинмаган муҳкам оятлардир.

Суннати Набавийядан далил: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилиб дедилар:

 

“انْطَلِقُوا بِسْمِ اللهِ , وَفِي سَبِيلِ اللهِ تُقَاتِلُونَ أَعْدَاءَ اللهِ فِي سَبِيلِ اللهِ , لاَ تَقْتُلُوا شَيْخًا فَانِيًا ، وَلاَ طِفْلاً صَغِيرًا ، وَلاَ امْرَأَةً ، وَلاَ تَغُلُّوا“.

“Аллоҳнинг йўлига Аллоҳнинг исми ила боринглар. Аллоҳ йўлида душманларингизга қарши урушасизлар. Кекса қария, ёш бола ва аёлларни ўлдирманг. Уларни кишанбанд қилманглар”.

Бу ҳадиси шарифда ҳам мусулмонлар, бошқа уруш олиб бораётганлардан фарқли ўлароқ, душман томонидаги қариялар, ёш болалар ва аёлларни ўлдирмаслик ҳамда уларни кишанбанд қилиб зўравонлик қилмасликлари буюрилмоқда. Агар мажбурлаб Исломга киритиш жоиз бўлганида, қарши томоннинг ота-оналари, аҳли аёллари ва фарзандларини кишанбанд қилиб, сўнгра мақсадларини баён қилсалар яхши имконият бўлмасмиди?!

Ваҳоланки, мусулмон бўлмаганлар томонидан олиб борилган урушларда бу ҳадиси шарифда айтилаган сўзларнинг аксини кўрамиз.

Уламоларнинг қарори: “Абу Бакр розиял-лоҳу анҳу илк халифа бўлганларида Усома розияллоҳу анҳу ва унинг атрофидагиларни жангга юбораётиб шундай васият қилгандилар:

“Хиёнат қилманг, кишанбанд этманг, мусла (яъни инсон аъзоларини кесиб олиш) қилманг. Ёш болалар ва кекса-қариялар ва аёлларни ўлдирманг. Агар бирор қавм ёнидан ўтсангиз, ибодатхоналарида ўз ибодати ила машғул кимсаларга тегманг. Уларни ўз ҳолига қўйинг.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу васият-лари уламолар қарорига кўра марфуʼ ҳадис ҳукмидадир. Агар уруш куфр сабабли бўлганида эди, ибодатхонасида ибодат қилиб турган ёки паноҳ топиб турган номусулмон эркак ва аёлларни ўлдириш вожиб бўларди. Ваҳоланки юқорида ўтган сўзларда, ҳаттоки, бунга яқин келадиган сўзни учратмаяпмиз.

Дарҳақиқат, муқаддас динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, аввалам-бор, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.


40 Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. – Т.: Ҳилол нашр, 2014. – Б. 44.

41 Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. – Т.: Ҳилол нашр, 2014.

42 Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба ал-Куфий. Мусаннаф Ибн Аби Шайба. Ж. 6. – Риёз. Рушд, 1409/1988. – Б. 483.

Read 3456 times

Мақолалар

Top