Мақолалар

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини қандай тушунамиз?

Савол: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: "Ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир", деган сўзларини шарҳлаб беринг. Сохта салафийлар шу гапларни далил қилиб қаерда саҳиҳ ҳадис бўлса, ўшанга амал қилиш керак, деб гапириб юришибди.

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Кўпчилик олимлар бу жумлани: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ва унга зид келувчи ҳадисдан холи бўлса, у менинг мазҳабимдир", деб тушунилади дейдилар. Яна бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларни қиёсдан устун қўйганига далилдир. Лекин бу сўз ижтиҳодга лаёқати йўқ киши қаерда саҳиҳ ҳадис кўрса, ундан ҳукм олиши жоиз дегани эмас.

Энг муҳими, мужтаҳид даражасига етмаган шахс оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Битта саҳиҳ ҳадисни ўқиб у билан ҳукм чиқарилмайди, чунки баъзи ҳадислар саҳиҳ бўлсада кейинчалик мансух (бекор) бўлган бўлиши мумкин ёки унга маънода зид келувчи ҳадис ҳам бўлиши мумкин. Саҳиҳ ҳадис китобларига илмий омонат сифатида мансух ҳадислар ҳам киритилган. Ҳукм олинадиган ҳадисларни мужтаҳид уламолар саралаб олганлар.

Мужтаҳид олимлар ҳадислардан қандай ҳукм чиқарганларини Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи маонил осор” номли китобларида кўрсатиб берганлар. Яъни, бир мавзудаги барча ҳадисларни бир жойга тўплаб, уларни саралаб, таққослаб, таҳлил қилиб охирида мужтаҳид уламоларимизнинг улардан чиқарган ҳукмларини келтирганлар.

 

САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОСИ НИМА?

 Ҳозирда мазҳабсизликка тарғиб қиладиган кишилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Воқеликда ҳам шундай бўлди, уларнинг кўзга кўринган олимлари ижтиҳод қилиб бошлади, натижада битта ягона уммат пайдо бўлмади, аксинча бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи мазҳабни келтириб чиқаришди. Пайдо бўлганига эндигина 200 йилдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик ҳозирнинг ўзида 4 та катта мазҳабга бўлинган:

  1. Ас-салафиятул-илмия (1920 й.да ташкил этилган)
  2. Ас-салафиятул-жиҳодия (1979 й.)
  3. Ас-салафиятус-сурурия (1984 й.)
  4. Ас-салафиятул-жомия (1990 й.)

Энди бу салафийларнинг устидан минг йиллар ўтса, қанча мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетаркин?! Бунинг устига мазҳабга эргашувчи мусулмонларга турли “тамғалар”ни ёпиштирадиганлар мана шундай бўлинишлардан кейин “тамға”ни ўзларига ёпиштиришлари айни адолат ва мардлик бўлади. Шу ўринда кичик маълумот, Саудиялик доктор Саъд ибн Абдуллоҳ Барик “Ал-ийжаз фи баъзи махталафа фийҳил Албоний ва Ибн Усаймин ва Ибн Боз” (яъни, “Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Боз ихтилоф қилган баъзи масалалар ҳақида мўжаз (қисқа) китоб”) номли икки жилдли китоб ёзган. Унда мавзудан маълум бўлгани каби салафийларнинг кейинги йилларда энг машҳур намояндалари ўрталаридаги ихтилофларнинг бир қисми келтирилган. Энг қизиғи китобда улар ўртасидаги ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам келтирилган ва улар анчагина (ажабки, ақидада бир нуқтага кела олмаётган салафийлар бошқаларни қандай бирлаштирар экан?!). Демак, уларнинг ҳар бирининг мазҳаби бор. Энди салафийлар уларнинг қайси бирига эргашади ва улардан бирини танлаганлар бошқалари ҳақида қандай ҳукм беради?! Яна бир ҳақли савол, охир оқибат Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳам, салафийлар ҳам (ўз) мазҳабларига эргашар экан, қайси жамоанинг мазҳаббошилари ижтиҳод мақомига лойиқ?! Тобеъинлар ва таба тобеъинлар билан бир замонда яшаб, уларнинг илмини ўзлаштирган Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмадларми (раҳматуллоҳи алайҳим) ёки бизга замондош бўлган Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Бозларми (ҳозирги кунда бу салафий олимларнинг ҳар бирининг мазҳаби шаклланган)?! Инсоф билан айтганда қайси жамоа ҳаққа яқинроқ?! Салафийларнинг пуч даъволарига маҳлиё бўлган мусулмон биродарларимизни мана шу масалада оқилона фикр юритишга чақирамиз. Чунки Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Кейинги саналган олимларнинг мазҳаблари бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос. Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилган саводул аъзам (кўпчиликни ташкил қилган ҳақ жамоа) билан турган маъқулми ёки жамоатга хилоф қилган ихтилофчилар биланми?!

 

САЛАФИЙЛИК ҲАҚИДА МАШҲУР ОЛИМНИНГ ФИКРИ

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир (яъни, чунки улар яқинда пайдо бўлган “янгилик”дир)” (231-232-бетлар).

ТУЯ ГЎШТИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни тушиниш ҳақида шундай мисол келтирганлар: “Аллоҳ таоло каминага ҳам чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, баъзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса, тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:

«Ичингизда «Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?» деб сўрадилар устоз. Талабалар:

«Бор», дейишди.

«Хўш, нимани тушундингиз бу ҳадисдан?» деб сўрадилар устоз.

«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини».

«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо биз Моликий мазҳабидагилар бундай қилмаймиз».

«Биз ҳам бундай қилмаймиз».

«Нима учун?»

«Чунки мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».

«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»

«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз», дедик.

«Бўлмаса, эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаши лозим, деганлар бўлса, улар аҳли зоҳир дейилади. Яъни булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб, гапираверадиганлар, дегани. Аммо ҳақийқий фақиҳ олимлар, шаръий далилларни нозик нуқталаригача англаб етадиганлар бундай қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз бу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб, зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб, зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», дебдилар-да, ўзлари бошлаб, таҳорат қилибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундай қилмасалар, ҳамма намозга кирганида, ҳалиги ҳид чиқарган одам ёлғиз ўзи таҳорат қилиши керак эди. Чунки ҳид чиқарганидан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганида эса, ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутулади», дея устоз сўзларини тугатдилар.

Мана шу дарс кўпларимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда кўп ҳаракат лозим эканлигини яна бир бор англаб етдик. Валлоҳу аълам!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати етакчи мутахассиси

Тоштемиров Ҳикматуллоҳ

Read 2270 times

Мақолалар

Top