Мақолалар

Биринчи гуноҳи кабира (Ширк)

Катта ширк – Аллоҳга бирон бир нарсани шерик қилиш, тенг билиш ва у зот билан бирга тош, дарахт, қуёш каби бошқа нарсаларга ибодат қилишдир. У гуноҳи кабираларнинг энг каттасидир. Аллоҳнинг Ўзи сақласин. «Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур...» (Нисо сураси, 48).

Яъни ширкни кечирмайди. Ўзи хоҳлаган бандаларининг ширкдан бошқа гуноҳларини кечиради.

Ширк Аллоҳ таолонинг:

«...Албатта, Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар сураси, 53), ояти каримасидаги «барча гуноҳлар» сирасига кирмайди.

«...Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон сураси, 13).

Яъни, ширк қабиҳ амал ва яққол зулмдир, бир нарсани ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйиш, ҳаққини поймол қилишдир. Кимки яратувчи билан яралмиш – махлуқни, илоҳ билан бут-санамни баробар деб билса, шак-шубҳасиз, у ақлсиз, аҳмоқдир. «Золим» деб номланишга, ҳайвонлар қаторида саналишга лойиқдир.

«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур». Кимки Аллоҳдан бошқани илоҳ деб эътиқод қилса, ҳеч қачон жаннатга кирмайди, деган маъноларни уқиб олиш мумкин. Чунки жаннат Аллоҳни бир деб билувчи муваҳҳидлар маконидир.

«...унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида сураси, 72).

Яъни, унинг учун Аллоҳнинг азобидан қутқарувчи ҳам, ёрдамчи ҳам бўлмас. Бу ҳақда кўплаб оятлар мавжуд. Кимки Аллоҳга иймон келтириб, мўмин ҳолида вафот этса, гарчи дўзахда гуноҳига яраша азобланса-да, аниқ жаннатий бўлганидек, Аллоҳга ширк келтириб мушрик ҳолида ўлган кимса, шак-шубҳасиз дўзахийдир.

Бухорий ва Муслим ривоятида келган ҳадиси набавийяда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталари ҳақида хабар берайми?» деб уч бор сўрадилар. Биз: «Ҳа», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. Суянган ҳолда эдилар, шундан сўнг ўтириб олдилар-да: «Огоҳ бўлинглар, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дея такрорлайвердилар. Ҳаттоки, биз қанийди, сукут қилсалар, дедик» (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳалок этувчи еттита гуноҳдан сақланинглар», дедилар-да, биринчи навбатда Аллоҳга ширк келтиришни зикр қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Ибн Хаттоб, бор, одамларга «жаннатга фақатгина мўминлар киради», деб жар сол» (Муслим, Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таолодан бизни Китоб ва суннатга амал қилган ҳолимизда вафот эттиришини сўраймиз. Албатта, у раҳмлиларнинг раҳмлироғидир!

Гуноҳи кабиралар. Имом Ҳофиз Шамсуддин Заҳабий

Давоми бор...

Тошкент Ислом Институти 4-курс талабаси

Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

 

Read 6633 times

Мақолалар

Top