Мақолалар

Ҳукм олишга кимлар ҳақли

Ислом шариати асослари ва ҳукмлари Аҳли сунна вал жамоага мансуб тўртта мазҳабда ҳам Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавийдан олинади. Агар ушбу иккита манбадан топилмаган тақдирда ижмоъ ва қиёсга мурожаат қилинади. Бунга тааллуқли алоҳида илм шаклланган. Шариатнинг асосий манбаъларидан шаръий хукмларини ишлаб чиқиш қоидаларини ўрганадиган фанга “Усулул фиқҳ” дейилади.

Энди Қуръони каримдан хукмларни кимлар олишга хақли, деган савол туғилади. Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра ҳукмни фақатгина мужтаҳидлар олишга ҳақли. Бу борада ислом тарихида илк даврларда шаклланган мазҳаблар ва уларнинг соҳиблари мужтаҳид эканлигига шу замон уламолари иттифоқ қилганлар ва уларнинг мазҳабларига эргашганлар. Замона уламоларидан  шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий 4 та фиқхий мазҳабларга эргашиш хақида шундай дейдилар: “Мужтаҳидлар Ислом аҳкомларини аниқловчи бўлганлар, пайдо қилувчи эмас. Шунингдек, ислом умматига нубувват сўзларини муҳаддислар, нубувват маъноларини эса фуқаҳолар етказганлар. Дунёдаги барча бузғунчиликлар ўзбошимча ақлнинг маҳсулидир”.

Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ “Ал-ашбоҳ ван-назоир” номли китобларида Ибнул Ҳумомнинг таҳрир китобидан келтириб: “Тўрт мазҳаб асосли ва уларнинг машҳурлиги ва унга эргашувчилар кўплиги учун тўрт мазҳабга хилоф бўлган бошқа мазҳабга амал қилиш дурустмас, деб ижмоъ қилингандир”, дейдилар.

Ҳанафий фиқҳи тарихи, манбалари ва истилоҳлари номли китобда ижтиҳод ва мужтаҳид тушунчаларига мукаммал тариф берилиб шундай дейилган. Шаръий истилоҳда “Ижтиҳод – фақиҳ мужтаҳиднинг диний ҳукмларни билишга, асл манбаълардан диний ҳукмларни чиқаришга бор куч салоҳиятини ишга солишидир”.

Мужтаҳиддан қуйидаги илмларни мукаммал билиши талаб этилади. Қуръони карим ва унга тааллуқли бўлган илмларни барчасини мукаммал эгаллаган бўлиши, ҳадиси шариф, умуман олганда ҳадис илмига оид барча илмларни мукаммал билиши, салаф уламоларнинг сўзлари, ижмоъларини билиши, Усулул фиқҳ илмидан хабардор бўлиши, араб тилини мукаммал эгаллаган бўлиши, қиёс илмидан хабардор бўлиши зарурлиги келтирилган[1]. Раддул Мухтор номли китобда мужтаҳид  фуқаҳоларнинг табақалари тартиб билан келтирилган. Унда қайсилари мужтаҳид, яни ҳукм олишга хақли, қайсилари фақат фақиҳ мужтаҳид эмаслиги келтирилган. Ушбу манбалардан фойдаланган ҳолда мужтаҳидлар табақаларини қисқача келтириб ўтамиз:

 Биринчи табақа, мутлақ ижтиҳод соҳиблари табақаси.

 Улар Қуръон, Суннат ва бошқа шаръий далиллардан бевосита ҳукм чиқарадилар ижтиҳодларида бошқа бировнинг фикрига эргашмайдилар. Булар тўртта мазҳаб соҳиблари кабилар бўлиб, ҳар қайсилари ўз мазҳабидаги асосий қоидалар муассислари ҳукмларни Қуръон, суннат, саҳобалар сўзлари ҳамда ижмоъ ёрдамида бошқа бировга тақлид қилмасдан, эргашмасдан ўзлари истинбот (ҳукм чиқара оладиган) қила оладиган  фақиҳлардир.

Иккинчи табақа. Мазҳаб ичидаги мужтаҳидлар табақаси. Улар  Имом Абу Ҳанифа ишлаб чиққан қоидалар асосида далиллардан ҳукмлар чиқара олишга қодир фақиҳлар. Улар баъзи фаръий ҳукмларда Абу Ҳанифага мухолиф бўлсалар ҳам аслида асосий қоидаларда у зотга эргашадилар. Абу Юсуф, Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний, имом Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд, Абдуллоҳ бин Муборак каби Абу Ҳанифанинг бевосита шогирдлари ва Абдурраҳмон ибн Абу Лайло бу табақага мансубдирлар.

Учинчи табақа. Мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан ривоят қилинмаган масалалар борасида мужтаҳидлар табақаси. Улар Абу Ҳанифа ва у зотнинг асҳобларидан далили келмаган масалаларда Ханафий мазҳабининг усулий қоидаларига асосланиб ҳукмлар истинбот қиладилар. Лекин улар бирон бир масалада  усулда хам фуруъда хам мазҳаб сохиби ва унинг шогирдиларига қарши бора олмайдилар. Ушбу табақага мансуб фақиҳлар Ханафий мазҳабининг ривожланишига беқиёс хисса қўшдилар. Тахриж ва таржиҳ қоидаларини белгилаб бердилар. Фиқҳий қарашларни бир бирига қандай қиёслаш кераклигини кўрсатиб бердилар. Саҳиҳ ва заиф фикрларни ажратиш йўлларини белгилаб қўйдилар. Ушбу тоифага мансуб фақиҳлардан баъзилари қуйидагилар:

  1. Абу Бакр Хассоф Аҳмад ибн Амр Шайбоний
  2. Абу Жаъфар Ахмад ибн Муҳаммад ибн Салома Таҳовий
  3. Абул Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Ҳусан Карҳий
  4. Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Паздавий
  5. Шамсул Аимма Ҳалавоний
  6. Шамсул Аимма Абу Бакр Мухаммад ибн Аҳмад Сарахсий
  7. Фахриддин Қозихон

 Тўртинчи табақа. Тахриж соҳиблари табақаси.

Улар ижтиҳодга қодир эмаслар. Лекин илмларининг чуқурлиги, дунёқарашларининг кенглиги сабабли мазҳаб соҳиби ва унинг шогирдларидан нақл қилинган кўп эҳтимолли ҳукмларни бир неча тармоқли мужмал раъйларни ажратишга қодир бўладилар. Булар мазҳаб сохиби ва унинг шогирдлари ишлаб чиққан усулий қоидалар ва фуруъий фикрларга қараб бир тўхтамга келадилар ва ўзларининг қатъий фикрларини айта оладилар. Ал- Хидоя асаридаги тахрижи Карҳий, тахрижи Розий, тахрижи Журжоний каби истилоҳлар шу маънога қаратилган.

 Бешинчи табақа. Тақлид қилувчилардан иборат таржиҳ соҳиблари табақаси. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг саҳиҳ ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта оладиган фақиҳлар бўлиб, Абул Ҳусайн Қудурий, Бурҳониддин Марғиноний кабилардир.

Олтинчи табақа. Ривоятлардан зоҳири, нодири, заиф ёки саҳиҳи, кучли ёҳуд кучсизини ажратишга қодир муқаллидлар табақаси. Фиқҳий матн соҳиблари шулар жумласидан бўлиб улар ўз китобларида рад қилинган гапларни, заиф ривоятларни нақл қилмайдилар.

Еттинчи табақа. Юқоридагиларнинг биронтасига қодир бўлмаган муқаллидлар (тақлид қилувчилар) табақаси. Улар ориқдан семизни ажрата олмайдилар, балки кечаси ўтин тергандек топганини йиғаверадилар. Ушбу табақа фақиҳларига эргашганларнинг холига вой, дейилган. 

 Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳукмга олишда нималарга мурожат қилишлари хақида: “Биринчидан Қуръонга мурожат қиламан. Керакли хукмни ундан топа оламсам, Пайғамбар суннатларига ва ул Зотдан ишонарли ровийлар орқали ривоят қилинган саҳиҳ асарларга (ҳадисларга) мурожат этаман. Улардан ҳам тополмасам, саҳобалар сўзларини назардан ўтказиб истаганимни оламан, истамаганимни тарк этаман. Сўнгра саҳобалар сўзларидан бошқаларнинг сўзларига ўтаман. Иброҳим Наҳаъий, Шаъбий, Ҳасан Басрий ва ибн Сирин каби мужтаҳидларга келганда, мен ҳам улар каби ижтиҳод қиламан”, деганлар. Аммо бундан 250 йил олдин юзага келган мазҳабсизликни иддао қилиб мусулмонларни кофирга чиқариб уларни қони, молини ҳалол билган турли номдаги тоифалар мазҳабларни инкор қилишиб ўзларини Қуръони ва Ҳадисга амал қилувчилармиз деб кўрсатиб, Қуръон ва ҳадис турганда мазҳабга эргашилмайди деган баҳона билан ўзларига оғдириб олишга, мазҳабсизларнинг бузғунчи ғояларига  эргаштиришга интилишди. Уларнинг иддаоларича ҳар бир мусулмон Қуръон ва ҳадисдан тўғридан тўғри хукм олишга ҳақли, дейдилар. Улар мазҳабларга ва уларнинг соҳибларига турли нолойиқ гапларни айтиб уларга таъна тошларини ёғдиришган. Ҳатто уларнинг манфур бошлиқларидан бири мазҳабларни ботил ва имомларини адашган деб таъна қилган. Мазҳаблар ислом умматини тафриқага солган. Биз фақат Қуръон ва ҳадисга амал қилиб, ҳамма умматни бир қиламиз, деган иддаони қилишган. Аммо ушбу мазҳабсизлар ўтган 250 йил мобайнида ўзларини ораларида бир қанча фирқаларга бўлиниб кетдилар. Уларда муайян маслакни йўқлиги боис ўзаро, келиша олмасдан турли ихтилофларга бордилар. Жазоирлик олим Шамсуддин Бурубий мазҳабсизлар битта Жазоир мамлакатини ўзида 280 фирқага айланганини таъкидлаган.

Суриялик бутун ислом олами эътироф этган буюк уламолардан доктор Мухаммад Саъид Ромазон Бутий “Мазҳабсизлик – авом ёки мужтаҳидлик мартабасига етмаган инсоннинг қандай шаклда бўлмасин, ҳеч бир мужтаҳид имомга тақлид қилмаслигидир” дейдилар. Шунингдек у киши мазҳабсизликни ниҳоятда ёмон оқибатларга олиб боришини такидлаб: “Зеро, аниқ билдимки,  мазҳабсизлик шариати исломга таҳдид соладиган энг хатарли бидъатдир” деганлар. 

Мазҳабсизликнинг  ёмон жиҳатлари сабаб ибодатларда ҳам тутуруқсизликлар юзага келди. Мисол учун мазҳабсизлар пешин ва аср намозини қўшиб, бир вақтда ўқийдилар (ваҳоланки, ҳанафий мазҳабида ҳаждан бошқа пайтда намозларни қўшиб ўқиш йўқ). Пайпоққа масҳ тортиб кетавериш, ухлаб туриб таҳорат қилмасдан намоз ўқиб кетавериш каби бир қанча ихтилофларга сабаб бўлувчи нарсалар юзага келди. Шунингдек ислом шариатида ҳаром қилинган баъзи нарсаларга ҳам, жумладан ўзгаларни ўлдириш мақсадида ўзини портлатиб юборишни шаҳидлик, деб фатво беришган. Улар етиб борган жойда ҳали ҳануз фиқҳий масалаларда фитналар ва ихтилофлар келиб чиқмоқда. Мазҳабларга қарши ўлароқ мазҳабсизлар атайин кундалик ибодатларни бажаришда ҳанафийлар ушлаган ҳадисларни ушламасдан шозз ва ғариб ёки мансух (амали тўхтатилган) ҳадисларни ушлаб ибодатлардаги ҳайъатини бошқа бир услубда амалга оширишади. Бу қайсарликдан бошқа нарса эмас. Улар ақидавий масалаларда ҳам фиқҳий масалаларда ҳам аҳли суннанинг шаръий манбаълардан ҳукм олиш манҳажидан (йўлидан) ташқарига чиқиб кетганлари боис  бугунги кун уламоларининг кўпчилиги уларни Аҳли сунна вал жамоадан эмас, дейдилар.  

Бугунги кунда юзага келган асосий муаммоларга мазҳабсизлик сабаб экани юқоридаги мисоллар кифоя қилади. Ундан ҳам ёмони ўзларига қўшилмаган мусулмонларни куфрда айблаш, уларга суиқасд уюштириб қатл қилиш, борган жойларида мавжуд ҳукуматга қарши фитна қўзғаб боғийлик қилиш, талончилик қилиш, одам ўлдириш, экинзорларни куйдириш, шаҳарларни, турар жойларни, саноат корхоналарни вайрон қилиш, ишлаб чиқаришни издан чиқариш каби ислом шариати қайтарган ишлар мазҳабсизларнинг асосий кўринишига айланди. Хўш ушбу ишларни қайси бири Қуръон ва хадисга мувофиқ?! Бу иддаолар мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас.

Эътиборли одамга мазҳаб нимадан хукм олишини тушунтириш оддий. Исломнинг беш устуни бўлган барча амалларни ҳанафий мазҳабида асосида амалга оширилса, мисол учун кундалик ибодатларда таҳорат қилиш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш, хаж зиёратини каби амалларнинг барчаси мазҳаб уламолари томонидан Қуръон ва ҳадисдан тўғри амал қилиб кетаверадиган қилиб ҳукм олинган. Ҳеч қайси бири Қуръон ва ҳадисдан ташқаридан олинган эмас. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарида ҳар бир ханафий мазҳаби асосида амалга ошириладиган амалларга Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавиялардан далиллар келтирилган. Демак ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириб келаётганлар барча амалларида Қуръон ва ҳадисга мувофиқ амал қилаётганларини ишончи комил бўлишсин. Шуни яхши англаш керакки, ибодатларни мазҳаб асосида амалга оширганда барча амаллар Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан хукм олинган ва шунга уламолар томонидан иттифоқ қилинган. Шу сабаб қанча асрлар ўтсада ўзаро келишмовчиликлар келиб чиқмаган. Тўрттала мазҳабда кичик масалаларда фарқ бўлсада аслий масалаларда бир фикрдалар. Энг эътиборли нарса уларнинг бир бирларига бўлган ҳурматлари, бир бирларини инкор қилмасликлари эҳтиромга лойиқ. Фиқҳий китобларни қайси бирини қарасангиз ҳам бир мазҳаб олими бошқа бир мазҳаб олимини фатвосини келтиришдан олдин албатта ўша олимни ҳурматлаб, ўтиб кетган бўлса Аллоҳ раҳмат қилсин деб, унинг фикрини келтирганлар.

Юқорида келтирилган фуқаҳоларнинг табақаларида олдинги учта табақа мужтаҳид ҳисобланиб, уларгина Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ҳақли эканлиги келтирилган.  Бешинчи  табақага мансуб саналган Қудурий ва Бурҳониддин Марғинонийларнинг асарларини бутун ислом олами ўқийди. Айниқса, “Ал Ҳидоя” ни бугунги кунда хам дунёдаги кўзга кўринган ал-Азҳар каби университетларда дарслик сифатида ўқитилмоқда. Ушбу мўътабар китоб инглиз, рус тилларига ва бошқа тилларга хам таржима қилинган. Энг эътиборлиси, Бурҳониддин Марғиноний хазратлари бирон масалада ўзларича Қуръон ва ҳадисдан хукм олмаганлар. Фақатгина мазҳаб соҳиблари, мужтаҳидларнинг олган ҳукмларини келтирганлар. Улар баъзи ривоятларни бошқаларидан афзал эканини бу авло, бу энг саҳиҳ ривоят, буниси равшанроқ, бу қиёсга мувофиқроқ, бу одамлар учун фойдалироқ деб айта олганлар холос. Шундай улуғ зотлар хам тўғридан тўғри ҳукм олишга журъат этмадилар. Улар динимизни соф ҳолатда бизгача етиб келишига холис хизмат қилган зотлардан эдилар. Уларнинг барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин. Бизни хақ йўлга эргашувчилардан қилиб, турли тафриқаларга бўлиниб кетишдан, турли низо ихтилофлардан яратганни ўзи асрасин!

Д.Абдуқадиров 

“Имом Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мудири

 

 

[1]Тўлиқ маълумот олиш  учун юқорида номи келтирилган китобга мурожат қилинг)

 

Read 3263 times

Мақолалар

Top