Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (14-суннат): Сафарда такбир ва тасбеҳ айтиш

 

Мусофир тепаликка чиқаётганида такбир (“Аллоҳу акбар”) ва ҳамд айтиши (“Алҳамдулиллаҳ”), пастга тушаётганда тасбеҳ (“Субҳаналлоҳ”) айтиши лозим. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда сафарга чиқардик. Агар тепаликка кўтарилсак такбир, тушганда эса тасбеҳ айтардик” (Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: "Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аскарлари агар тепаликка кўтарилишса, такбир айтишар эди. Агар пастликка тушишса, тасбеҳ айтишар эди" (Имом Абу Довуд ривояти).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2309 times

Мақолалар

Top