Мақолалар

Мутаассиб ва бидъат аҳли жамоалари томонидан далил келтириш услуби (27-қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

Биринчи фасл

Мутаассиб ва бидъат аҳли жамоалари томонидан далил келтириш  услуби

Мутаассиб  жамоалар мазҳабсизликни даъво қилиш  натижасида шаръий аҳкомларни тушуниб етишга мутлақо ёт бўлган янги йўлни кашф қилдилар. Уларнинг иддаосига қаралганида мусулмонлар муайян бир мазҳабни тутишга мажбур эмаслар. Улар “Китоб ва Суннат кўз ўнгимиздадир. Шундай бўлгач мазкур мазҳабларга бизнинг асло эҳтиёжимиз йўқдир”, дейдилар.  Улар “мазҳабга эргашиш зарурати йўқ” дейишлари билан далил келтириш борасида янги услуб қўллашга мажбур бўлдилар. Биз қуйида уларнинг услубларидан намуналар келтириб ўтамиз. 

Улар айтадиларки: “биз шаръий аҳкомларда учта маъсум бўлган манбага таянамиз. Улар Аллоҳнинг китоби, расул алайҳиссаломнинг суннатлари ва салафи солиҳларимизнинг ижмосидир”.

Турган гапки, бу фикрларга ҳамма уламолар ва мусулмонлар оммаси бил иттифоқ иқрор бўладилар. Биз шу ерда уларнинг Китоб ва Суннатдан далил келтиришдаги бир қанча муҳим қоидаларини муҳокама қиламиз. 

1.  Шаръий далилларни ҳурматлаб улуғлаш.

Бу иборадан кўзда тутилган мақсад-муддао Аллоҳ таолонинг буйруқларини бажариш, қайтарганларидан қайтиш ва Аллоҳ оятларда белгилаб қўйган чегаралардан ўтмасликдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: 

“Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу, қалбларнинг  тақвосидандир”. (Ҳаж, 32)

“Ўшанда сизлар уни тилдан тилга кўчириб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўзлар ва буни енгил фаҳмлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улкан (гуноҳ)дир.” (Нур, 15)   

Шаръий далилларни ҳурматлаш – бу салафи солиҳларимизнинг тутган йўли эди. Бу ҳақида айтиладики, Абдуллоҳ ибни Муғаффал розияллоҳу анҳу ўз ҳамроҳларидан тош отаётган бир одамни кўрди-да унга қарата шундай деди: 

“Тош отма. Чунки расул алайҳиссалом бу ишни яхши кўрмас эдилар. Бошқа ривоятда уни тош отишдан қайтарди. Чунки бу йўл билан ов қилинмайди. Душман ҳам бартараф қилинмайди. Аммо бу иш тишни синдириб, кўзни чиқаради”, дедилар. Кейинчалик у одамни яна шу ишни қилаётган ҳолда кўрдиларда унга қарата шундай дедилар: “Сенга расул алайҳиссалом бизларни тош отишдан қайтарганларини, уни ёмон кўрганларини айтган эдим-ку!  Сен эса ҳалиям шу ишни қиляпсан. Бундай қилаверсанг сен билан асло гаплашмайман”, деган эканлар.

2. Саҳиҳ суннатларга суяниш. 

Аллоҳ таоло кўпгина ояти карималарида муминларни набий алайҳиссаломга итоат қилишга буюради.

“Аллоҳ қишлоқ (шаҳар)ларнинг (кофир) аҳолисидан ўз пайғамбарига ўлжа қилиб берган нарсалар - токи сизлардан бой-бадавлат кишилар ўртасидагина қўлма-қўл бўлиб юраверадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун - Аллоҳга, Пайғамбарга ва (у зотнинг) қариндошлари, етимлар, мискинлар ва мусофирларга тегишлидир. Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар, у сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир”, (Ҳашр, 7). 

“Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир”,  (Нисо, 70). 

Пайғамбар алайҳиссалом бир сўзларида шундай дедилар:

“Албатта менга Қуръонга қўшиб яна шунча нарса берилди”.  

Шунинг учун расул алайҳиссаломдан собит бўлган ҳамма нарса биз учун ҳужжатдир. Пайғамбмр алайҳиссаломнинг кўрсатмалари Аллоҳнинг китоби учун очиқ ойдин баёнот ва равшан қўлланмадир. Бу ҳақида ояти каримада айтилади:

“(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (аҳкомлар)ни баён қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик”, (Наҳл, 44). 

Расул алайҳиссалом яна бир сўзларида суннати мутоҳҳараларида келган ҳукмларни тарк қилган қавмларни танқид  қилиб шундай деганлар:

“Огоҳ бўлинг! Ўриндиғига ёнбошлаб ётган куйи бир одамга менинг  сўзим (ҳадиси набавий) етиб келди. Шунда у одам “биз билан сизнинг орангизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда нимани ҳалол деб топсак ҳалол деймиз. Нимани ҳаром топсак ҳаром деймиз”, дейди.  Албатта Аллоҳ таоло айрим нарсаларни ҳаром қилгани каби Алллоҳнинг расули ҳам айрим нарсаларни ҳаром қилади”. Термизий ривояти.

Ушбу улуғ мақом учун ҳам аҳли суннат уламолари набавий суннатларга илмий ва амалий жиҳатдан жуда катта эътибор бердилар. Суннатни муҳофазаси ва уни нақл қилишга, ҳамда суннатга аралашиб қолган ёлғонларни ажратишга бел боғладилар. Айниқса бу ишлар бидъат аҳлининг фитналари  кенг тарқалаётган бугунги кунимизда зарурдир.  

Илмий ва саҳиҳ услубда далил келтириш саҳиҳ ва ҳасан даражадаги ҳадисларга таянади. Аммо мавзу (тўқима) ва заиф ҳадисларни далил қилиш мумкин эмас. Улардан сақланиш вожиб бўлади.

3.  Далилларни тўғри тушуниш масаласи.

Шаръий далилларни тўғри тушуниш масаласи далил келтириш борасидаги энг асосий талаблардан биридир. Чунки бирор одам токи Китоб ва Суннатнинг далолати ва маъноларини идрок қилишда тўғри йўналишда бўлмагунича уларнинг муродини (оят, ҳадисларнинг мазмун моҳияти) аниқ англаб ололмайди. Тарихда ўтган кўпгина залолат ва бидъат аҳллари илмсизлиги ва фаҳмининг ноқислиги билан гумроҳликка юз тутган эдилар.

Бу сўзларимиз улар айтаётган мазкур учта қоиданинг мўъжазгина шарҳидир. Аммо улар мазкур талаблар билан ҳам кифояланмади. Балки ўзларининг ёндашувларидан келиб чиқиб маълум бир усулларни кашф қилдилар ва шаръий далилларни тушуниш ва ўрганишда ушбу усул қоидаларига суяниш вожиб бўлади, дейдилар.

(Давоми бор) 

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳидов

Read 1919 times

Мақолалар

Top