Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: (7) Калом сифатиға ишоратдур (Ўн олтинчи мавзу)

НАЗМ

 

(7) Калом сифатиға ишоратдур

 

Яна бир каломдур сифати,

Баркамолу тамомдур сифати.

Мутакаллимдур-у калом била,

Не тилу не оғиз, не ком била.

Нукталар, ҳарфсиз, иборатсиз,

Ҳақ адамға деди ниҳоятсиз.

Адам ул сўз  била вужуд ўлди,

Мунча тор ўлди, мунча пуд ўлди.

 

НАСРИЙ БАЁН

  1. Калом сифатининг шарҳи

 

Аллоҳ таъолонинг яна бир сифати каломдир. У зотнинг сифати баркамол ва мукаммалдир. У зот мутакаллимдир – сўз билан сўзловчи вагапирувчидир, лекин Унинг сўзлаши (инсонларда бўлганидек) тил билан, оғиз билан, танглай воситаси билан эмас.

Нукталар – покиза сўзлар, латиф гаплар, рамз ва ишоратга тўла каломларни Аллоҳ таъоло адамга – йўқликка ҳарфсиз, матнсиз ҳолда ниҳоятсиз – чек-чегарасиз айтди. Йўқлик у сўз билан бор бўлди, борлиққа айланди. Шунча тору пуд – ўриш ва арқоқ, яъни яқин, маҳкам муносабат (бир-бирига боғлиқ неча мавжудот) пайдо бўлди.

 

ИЗОҲ. Калом сифати аҳкомга – ҳукмларга тааллуқлидир. Аллоҳ таъолонинг ҳукмлари Ўз зоти билан қоим бўлган азалий каломининг тажаллийси билан  бўлиб,  бу  эса  мўъжиза  Китоби  –  Қуръони  карим  орқали  намоён бўлади.

Баъзи ақоид китобларида Аллоҳ таъолонинг субутий сифатлари саккизта деб саналган бўлиб, саккизинчи таквиндир.

(8) Таквин жаноби Ҳақнинг билфеъл  яратмоқ  сифатидир.  Бутун  бу  борлиқларнинг  ҳақиқий  яратувчиси Аллоҳ таъолодир. Бутун мукаввинот (яратилган, мавжуд нарсалар) ҳодисдир – кейин пайдо бўлгандир. Ҳодис бўлган бу мукаввинотни энг гўзал, энг мукаммал  ва  энг  одил  бир  шаклда  таквин  этган  –  яратган  зот  Удир.  Қилган ишларида  ҳикмат эгасидир, ҳукмларида эса одилдир.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

Read 2157 times
Tagged under

Мақолалар

Top