Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз саҳобаларига ижтиҳод қилишга изн беришлари

Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларга ижтиҳод қилишга изн беришларига Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ҳадислари далил бўла олади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабални Яманга қози қилиб тайинлаганларида шундай деганлар: “Агар сен бирор муаммога дуч келсанг, қандай ҳукм қиласан?”. Шунда у: Қуръондан ҳукм чиқараман, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Қуръондан унинг ҳукмини топа олмасангчи?” – деб сўрадилар. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ҳукм излайман, деди. “Агар Расулуллоҳнинг суннатларидан ҳам топа олмасангчи?”, деб сўраганларида, - Унда ақлимни ишлатаман, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Муознинг елкасига қоқиб: “Расулуллоҳнинг элчисини У рози бўладиган ишга муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳунинг ижтиҳодга суянганлигини кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалар севиндилар. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёки у киши мавжуд бўлмаган вақтларда саҳобалар томонидан бундай ижтиҳодлар кўплаб содир бўлган. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг чиқарган ҳукмларидан тўғрисини тасдиқлаб, хатоларини тузатиб қўяр эдилар. Қуйида саҳобаларнинг ижтиҳодларидан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  1. Мусулмонлар Бани Қурайза қабиласи устидан ғалаба қозониб, уларни ўз қалъаларида қамал қилганларидан сўнг, улар устидан ҳукм чиқаришга Саъд ибн Муъоз разияллоҳу анҳуни тайинладилар ва унинг чиқарган ҳукмига кўнишга келишиб олдилар. Шунда Саъд Бани Қурайзанинг эркакларини қатл қилиб, аёллар ва болаларни асир олишга ҳукм қилди. Бундан хабар топган Расулулло саллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдга: “Уларнинг устида сен Аллоҳнинг ҳукми билан ҳукм қилибсан”, дедилар. Саъд ҳукм чиқаришда ижтиҳод қилиб, қўлга тушганларни Моида сурасининг 33-оятида зикр қилинган муҳорибларга қиёс қилган эди. Оят қуйидагича:

إِنَّمَا جَزَاءُ الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا أَنْ يُقَتَّلُوا أَوْ يُصَلَّبُوا أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ مِنْ خِلَافٍ أَوْ يُنْفَوْا مِنَ الْأَرْضِ ذَلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا وَلَهُمْ فِي الْآَخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ

яъни: “Дарҳақиқат, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши жанг қиладиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрувчиларнинг жазоси – ўлдирилиш ё чормихланиш ёки оёқ-қўлларининг қарама-қарши томондан кесилиши ёхуд ердан (ватандан) қувғин қилинишдир. Ана шу (жазо) улар учун бу дунёда шармандалик ва охиратда улар учун улкан азоб (ҳам бор)дир”.

         Чунки, бу қабила кишилари Аҳзоб ғазотида мусулмонларга қарши урушишда Қурайшликлар билан битим тузганлар ҳамда мусулмонлар билан ўрталарида тузилган келишувни бузганлар.

  1. Икки саҳобий сафарга чиқишиб, намоз вақти кирганда сув топа олмай, таяммум қилиб намоз ўқишади. Лекин, намоз вақти чиқиб улгурмасидан олдин сув топилади. Шунда бирлари, таҳорат қилиб намозни қайтадан ўқийди, иккинчиси эса, қайтадан ўқимай, таяммум қилиб ўқиган намози билан кифояланади. Сафардан сўнг воқеани Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга баён қилишганда, у зот иккалаларининг ижтиҳодларини тўғри деб тасдиқлайдилар ҳамда намозни қайтадан ўқимаган саҳобийга: “Суннатга амал қилибсан, намозинг жоиз”, дейдилар. Намозни қайтадан ўқиган саҳобийга эса: “Сен эса, икки марта савоб олибсан”, деб айтадилар.
  2. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб ғазотидан қайтиб, жанг либосларини ечмоқчи бўлиб турган вақтларида Аллоҳ таоло у кишига Бани Қурайза қабиласи устига юриш қилишга амр қилади. Шунда, у зот саҳобаларига: “Бирортангиз ҳам то Бани Қурайза қабиласига етиб бормагунича аср намозини ўқимасин”, дейдилар. Ҳаммалари тезлик билан Бани Қурайза қабиласи томон юрадилар. Лекин, йўлда аср намозининг вақти кириб қолиб, баъзи саҳобалар йўлда аср намозини ўқиб олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ўзларича таъвил қилишиб, у зот биздан тез юришимизни талаб қилганлар ҳолос дейишади. Қолган саҳобалар эса, гапнинг зоҳирий маъносига эътибор бериб, аср намозини Бани Қурайзага етиб борганларидан кейин ўқишди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилишганда уларнинг бирорталарининг ҳам ишларини инкор қилмадилар.
  3. Умар ибн Хаттоб ва Муоз ибн Жабал бир гуруҳ саҳобалар билан сафарга чиқишади. Умар ва Муоз ғусл қилишга мажбур бўлиб қолишади, аммо сув топа олмайдилар. Шунда, иккалалари ҳам ўзларича ижтиҳод қилишади. Яъни, Муоз туфроқ билан покланишни сув билан покланишга қиёс қилади ва таяммум қилиб намоз ўқийди. Умар эса, таяммум кифоя қилмайди деб, намозни сув топилгунча кечиктиради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб масалани баён қилишганида, у киши ҳар иккалаларининг ижтиҳодларини таҳлил қилиб, тўғри-нотўғрилигини айтдилар. Яъни, Муознинг қиёси фосидлигига ишора берадилар. Чунки, Моида сурасининг 6-оятида: “Покиза тупроқ билан таяммум қилингиз, юзингиз ва қўлларингизни силангиз”, деган таяммум ҳақида аниқ ҳужжат мавжуд. Ҳужжат мавжуд бўлган вақтда эса қиёс қилинмаслигини айтадилар. Умарга эса, таяммум таҳоратни ўрнига ўтганидек, ғуслнинг ҳам ўрнига ўтишлигини тушунтирадилар ҳамда оятдаги “аёлни ушлаш”дан мурод жимоъдан олдинги ишлар эмас, балки айнан жимоънинг ўзи эканлигини айтадилар.
  4. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важҳаҳуни Яманга қози қилиб тайинлаганларида, у киши ўша ерда ўрага йиқилиб тушиб ўлган кишиларнинг дияларини белгилаш масаласида ижтиҳод қиладилар. У қуйидагича бўлади: Одамлар ов учун ўра қазишади. Ўрага шер тушиб қолади. Уни томоша қилгани келганларнинг издиҳомидан бир киши ўрага йиқилиб тушади. У тушиб кета туриб бошқа бир одамга осилади ва оғирлиги билан уни ҳам ўзи билан олиб тушиб кетади. Ўрага йиқилаётган иккинчи одам учинчи одамни, униси эса, тўртинчи одамни тортади ва бир йўла тўрт киши ўрага тушиб ҳалок бўлади. Шунда Али разияллоҳу анҳу ўрага биринчи йиқилган кишига диянинг тўртдан бир қисмини белгилайди. Чунки, у одамларнинг бир-бирлари билан издиҳом қилишлари ҳамда устида учта кишини ўзи тортганидан кейин йиқилиб тушишлари сабабли ўлган эди. Шунинг учун, унинг қилган иши, яъни учта кишини тортгани учун диянинг тўртдан уч қисмини олиб ташлайди. Иккинчи кишига диянинг учдан бир қисмини таъйин қилади. Чунки, у биринчи киши уни тортиб юборганлиги ҳамда унинг устига икки киши йиқилиб тушганлиги учун ўрага тушиб ўлган эди. Шунинг учун кейинги икки кишининг қулашига унинг ўзи сабаб бўлгани учун, диянинг маълум миқдорини чегириб ташлади, у ҳам бўлса учдан икки қисмидир. Учинчи кишига диянинг ярмини белгилади. Чунки, у иккинчи киши уни тортиб юборганлиги учун ҳамда ўзи тортиб юборган тўртинчи кишининг қулаб тушганлиги учун ўрага йиқилиб ҳалок бўлган эди. Шунинг учун унинг қилган иши, яъни тўртинчи кишини тортиб юборгани, натижада у ҳам ҳалок бўлгани учун ундан диянинг ярмини чегириб ташлайди. Тўртинчи кишига тўлиқ дия белгилайди. Бунинг сабаби, у ўзидан олдинги кишининг тортиб юбориши натижасида қулаб ўлган эди. Лекин ўзи ҳеч кимнинг ўлимига сабаб бўлмагани учун, унга тўлиқ дия белгилайди. Дияларни тўлашни эса, ўра атрофига йиғилган қабилаларнинг зиммасига юклайди. Шунда улар бу ҳукмни қабул қилишдан бош тортиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига Али разияллоҳу анҳудан шикоят қилиб боришганда, У зот алайҳиссалом: “Ҳукм айнан Али чиқаргандек бўлади”, деганлар.

Саҳобаларнинг ижтиҳодига бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларини ўша давр шариатининг асосларидан бири деб билмаслигимиз ҳам мумкин. Чунки, сиз биласизки, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ижтиҳодлари охир оқибатда ваҳийга келиб тақалади. Яъни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодлари тўғри ёки нотўғрилиги Аллоҳ таоло томонидан оят нозил қилиниш билан тасдиқланар эди. Саҳобаларнинг ижтиҳодлари эса, охир оқибат суннатга келиб тақалар эди. Улар асосан, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан анча узоқ масофада бўлган вақтларида, гоҳида фурсатни бой бериб қўйиш хавфи бўлганда ижтиҳод қилар эдилар. Сўнгра, албатта қилган ижтиҳодларини Расулуллоҳ алайҳиссаломга баён қилиб, у кишидан ижтиҳодларининг тўғри ёки нотўғрилигини билиб олишар эди. 

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳодларининг ҳамда саҳобаларига ижтиҳод қилишга изн берилишининг ҳикмати 

Ислом шариати шариатларнинг энг сўнгиси ва якунловчисидир. У қиёмат кунигача келадиган инсонларнинг динидир. У диннинг қоидалари ва ҳужжатлари лўнда ва умумий тарзда келган бўлиб, уларда муфассал баёнлар берилмаган. Ҳолбуки, янги воқеа ҳодисалар кўпайгандан кўпайиб боради, бир чегарада тўхтаб турмайди. Ҳар бир замон халқи ўзидан олдинги замон кишиларида бўлмаган янгиликларга дуч келадилар. Бас, шундай экан, Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларга истинбот қилиш йўлларини ўргатишни, Қуръон ва ҳадисдан керакли ҳукмларни олиш кайфиятини тажриба қилиб кўришларини ирода қилдилар, токи улардан кейин келадиган аҳли илмлар ўз воқеликларидаги янгиликларга Қуръон ва суннатнинг умумий далолатларидан етарли ва тўғри ҳукм олиш имкониятига эга бўлсинлар. Шоятки бу:

مَا فَرَّطْنَا فِي الْكِتَابِ مِنْ شَيْءٍ

яъни: “Китобда (Лавҳул-Маҳфузда) бирор нарсани (ёзмасдан) қолдирмаганмиз” (Анъом сураси, 38-оят) ҳамда

وَنَزَّلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ تِبْيَانًا لِكُلِّ شَيْءٍ

яъни: “Сизга ҳамма нарсани баён қилиб берувчи Китоб (Қуръон)ни нозил қилдик” (Наҳл сураси, 89-оят) оятларида кўзда тутилган маъно бўлса ажаб эмас.

         Демак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодлари ҳамда саҳобаларга ижтиҳод қилишга рухсат беришлари билан, умматларига намуна бўлдилар. Ислом шариати замонлар оша, авлоддан авлодга қувватланиб, ривожланиб бориши учун уларга бунинг йўлини кўрсатиб кетдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

 

Read 2341 times

Мақолалар

Top