Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (17-суннат): Таҳоратли ҳолда ётиш

 

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ётоғингга келганда намозга қандай таҳорат қилсанг шундай таҳорат қил. Кейин ўнг томонингга ёт, сўнгра бундай дегин:

“Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва фаввазту амрий илайка ва важжаҳту важҳий илайка ва алжату заҳрий илайка рағбатан ва раҳбатан илайка, лаа малжааа ва лаа манжаа минка иллаа илайка, ааманту бикитобикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким пок ҳолида ухласа, унинг ҳақига бир фаришта: “Аллоҳим, бу бандангни мағфират қил. Чунки у пок ҳолида ухлади”, дейди” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон мўмин банда ухласа, унинг руҳи Аршга кўтарилади. Агар банда таҳоратли ҳолида ётган бўлса, унинг руҳига Аршда Аллоҳ таолога сажда қилишига ижозат берилади” (Ибн Муборак Китабу-з-Зуҳд, Фатҳу-л-Борий).

Ижлий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким таҳорат олган ҳолида Аллоҳ таолони зикр қилиб ўрнига ётса, то уйғонгунига қадар Аллоҳ таолонинг ибодатида қоим бўлганлар савобига мушарраф бўлади” (Фатҳу-л-Борий).

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2999 times
Tagged under

Мақолалар

Top