Мақолалар

Ўзганинг ҳаққи

Бугунги кунда ҳаётимизни электр энергияси, табиий газсиз тасаввур қила олмаймиз. Хонадонларимизга зиё таратиб, тун зулматини ҳам бизга сездирмайдиган, қишнинг совуқ кунларида уйларимизни иссиқ ҳарорат билан таъминлайдиган бу икки неъмат Яратганнинг бандаларига берган буюк инъомларидан бири бўлиб, улардан оқилона фойдаланишга, исроф қилмасликка буюрилганмиз. Ҳаёт манбаимиз бўлган ичимлик сувининг қадри ҳақида эса гапириб ўтиришнинг ўзи ноўрин ва бунингсиз тириклигимиз душвор экани барча англаб етган ҳақиқатдир.

Юқорида келтириб ўтилган ва булардан бошқа неъматлар инсонларга дунё ҳаётини ислоҳ қилиш, қийинчиликларини кўтариш, қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш учун берилган ва шунинг билан бир қаторда Қуръони каримда "(Ер) юзидаги барча нарсалар фонийдир", (Раҳмон сураси 26-оят) демоқлик билан неъматлар абадий эмаслиги, маълум миқдор ва ўлчов билан чегаралаб қўйилгани маълум қилинган. Шундай бўлгач, бу табиий неъматлардан талаб этилган кўринишда фойдаланиш, уларда ҳамманинг ҳам бирдек ҳаққи борлигини унутмаслик лозим.

Ҳаётимиз давомида оммавий ахборот воситаларида, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви истеъмолининг тўловини амалга оширмаган, оширишга ҳаракат ҳам қилмаётганлар орамизда кўпчиликни ташкил этаётгани бугун айни ҳақиқатдир. Ёки бўлмаса ҳисоблагич асбобларини ортга қайтариш ҳам тобора одат тусига кириб бормоқда. Бу ишларнинг ортида эса алдов, ўзганинг ҳаққига хиёнат, бошқанинг мулкини ҳақ-ҳуқуқсиз ўзлаштириш каби динимиз томонидан буткул қораланган иллатлар ётади.

Газ ва электр токи давлатнинг мулкидир ва давлат асосини эса халқ ташкил этиши эътиборидан, ушбу неъматларнинг ҳаққини адо этмасдан фойдаланиш халқ мулкига хиёнат бўлади. Давлатнинг бюджетида шу чегара ичида яшаётган барча фуқаронинг, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳаққи бор. Коммунал тўловларни амалга оширмаётганлар зикр этилган қатламлар ҳаққини ўзлаштириб юбораётганлари, бу ишлари билан ўзганинг ҳаққини ноҳақ еяётганларини эсдан чиқармасликлари лозим. Зеро Қуръони каримда: "Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг", (Нисо сураси 4-оят) дея бизларни бошқанинг мулкига кўз олайтиришдан қайтарилган.

Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзига юклатилган вазифаларни астойдил бажариши, зиммасидаги масъулиятга виждонан ёндошиши лозим ва ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилмаслик, молига хиёнат этмаслик керак бўлади. Бунинг натижаси эса шу фуқаронинг ўзига, жамиятга, давлатга фақат ва фақат манфаат келтириши шубҳасиз. 

 

                               Зайниддин Эшонқулов:

Самарқанд вилоят бош имом хатиби ўринбосари,

Имом Бухорий жоме масжиди имом хатиби

Read 5649 times

Мақолалар

Top