Мақолалар

Мўминаларга ибрат мўминалар: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди”

Ислом дунёсиги муҳтарама аёлларнинг энг аввалги қаторида шубҳасиз Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг номи зикр этилади. Чунки ул муҳтарама онамиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун энг севимли рафиқа бўлган. Шу сабаб Набий алайҳиссалом Оиша розияллоҳу анҳо онамизни эркалаб, “Я Аъиш” деб чақирар эканлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун севимли бўлганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун ҳам севимлидир. Қолаверса, Оиша розияллоҳу анҳо онамиз билан боғлиқ ояти карималар нозил бўлганки, бу улуғ ҳодиса ҳам ул зотнинг Аллоҳ ҳузуридаги мартабасидан нишонадир. Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг ўзидан шундай ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди” дедилар” (Бухорий ривояти). Жаброил алайҳиссаломдек улуғ фариштанинг саломига муносиб бўлиш саодати ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Имом Термизийнинг “Шамойил”ида Набий алайҳиссалом уни “Эй муваффақа” (қамматбаҳо тош номи) деб чақирганлари келтирилган. Кўп ҳолларда “Эй Сиддиқнинг қизи, Эй Абу Бакрнинг қизи” дея мурожат қилганлар. Оиша розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломдан ўзига куния беришни сўраганда “Сени ўғлинг номи билан “Умму Абдуллоҳ” деб чақирамиз”, деганлар. Чунки онамиз опасининг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрни тарбиясига олган эди.

Насоийнинг “Сунан”ида Набий алайҳиссаломнинг бу суюкли аёлини “Эй Ҳумайро” деб чақирганларини тасдиқлайдиган икки ҳадис ҳам мавжуд.

          Жаброил алайҳиссалом Набий алайҳиссаломга айтди: “Бу сенинг дунё ва охиратдаги жуфтингдир”.

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Оиша, Жаброил сенга салом келтирди”.

Абу Мусо Ашъарий айтади: “Биз Расулуллоҳнинг саҳобалари, бирон бир ҳадис устида иккиланиб қолсак, дарров Оишадан сўрардик ва унинг бу масаладан ҳабардор эканига гувоҳ бўлардик”.

Машҳур тобеъин Масруқ ибн Аждаъ Ҳамадоний айтади: “У (яъни Оиша онамиз) Сиддиқнинг қизи сиддиқа, Аллоҳ расулининг суюклиси, Расул алайҳиссалом ҳабибасининг пок экани осмондан ҳабар қилинган зотдир”.

Имом Заҳабий айтади: “Абдуллоҳнинг онаси, Расулуллоҳ ҳалифасининг қизи саҳобаларнинг энг улуғ фақиҳидир”.

Бугун муслима аёл-қизларимиз ўзларига Оиша розияллоҳу анҳо онамиз каби улуғ соҳобияларни ибрат ва ўрнак қилиб олсалар ҳамда уларга эргашсалар ҳақиқий бахтни топадилар, икки дунё саодатига эришадилар инша Аллоҳ!

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

        

 

Read 2372 times

Мақолалар

Top