Мақолалар

Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ

Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 

(17.09.1917-24.11.1980йй.)


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Мисрлик машҳур Қуръони карим ҳофизи, қори, ушбу соҳанинг энг кўзга кўринган намояндаларидан саналади. У Қуръони каримнинг ўн хил қироати бўйича мужаввад ва мураттал тиловатлари ёзилган аудио ва видео ёзувлари орқали ўзининг хуш овози билан дунё мусулмонларига манзур бўлган.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 17 сентябрь 1917 мелодий, 1 зулҳижжа 1335 ҳижрий санада Мисрнинг ғарбий қисмидаги Танто вилоятининг Шибро аннамла қишлоғида таваллуд топган. У туғилишидан олдин отаси Халил Фуюм вилоятидан Шибро аннамла қишлоғига кўчиб келган эди. Онасининг исми Фараҳ бўлиб, қишлоқ аҳли уни Фарҳа деб чақиришар эди.


Маҳмуд тўрт ёшга етганда отаси уни Қуръон ёдлаш учун масжид қошида очилган мактабга беради. У ҳар куни Қуръонни ёдлаш учун қишлоғидан Тантодаги Аҳмадий масжидига қатнайди. Саккиз ёшида у Қуръони каримни тўлиқ ёд олади. Ўн икки ёшида Тантодаги диний маъҳадга ўқишга киради. Кейинчалик Азҳари шарифда Қуръони каримнинг ўн хил қироатини ўрганади ва қироатлар илми бўйича шаҳодатномани қўлга киритади. Шундан сўнг, хуш овози ва гўзал адоси туфайли Қуръон илмларини ўрганишга киришади.


1944 йилда биринчи марта радио орқали қироат қилиш бўйича танловда иштирок этиб, иштирокчиларнинг энг биринчи тартибида туради.


1950 йилда Тантодаги Аҳмадий масжидига қори вазифасига, 1955 йилда эса, Қоҳирадаги Ҳусайн масжидига қори вазифасига таъйин этилади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ энг биринчи бўлиб Ҳафснинг Осимдан ривояти бўйича мураттал овозли мусҳафни аудиотасмага ёздиради. Қуръони карим қориларининг ишини ташкил этадиган, уларнинг маиший аҳволига кўмаклашадиган бошқармаси ташкил этиш таклифи билан чиққан биринчи шахс ҳам Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ бўлади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ барча шаҳар ва қишлоқлардаги масжидлар қошида Қуръони каримни ёдлатиш бўйича тўгараклар ташкил этиш зарур деган чақириқ билан чиқади ва шахсан ўзи Қоҳирадаги битта масжид ва мадрасани таъмирлаш ишларига бош бўлади.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ Қуръони каримнинг маъноларини тўғри тушуниш ва тўғри кетказишда Қуръони каримни тажвид билан ўқишнинг аҳамияти катта эканлигини билар эди. Унинг наздида Қуръоннинг қироати бу, илм ва усул эди. У Қуръони каримни тартил билан қироат қилинса унинг калималарига жон киради, ўқилаётган калималарнинг маъноси қорининг кўз ўнгида гавдаланади, дер эди. Шунинг учун, Қуръони карим уни тартил билан ўқиётган қорига Қуръон оятларига ақлий ёндашмоғини, зиммасида катта масъулият бор эканлигини доимо ҳис қилдириб туради, деб таъкидлар эди.


Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарий раҳимаҳуллоҳ 24 ноябрь 1980 мелодий, 16 муҳаррам 1401 ҳижрий санада 63 ёшида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилади. Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олиб, Фирдавс жаннатига дохил айласин.

 

Homidjon Ishmatbekov

Read 2539 times

Мақолалар

Top