Мақолалар

Тариқатнинг ҳақиқатини биласизми?

Мустабид тузум туфайли динимиздан узоқлашишимиз жараёнида тасаввуф илмидан, яъни тариқатдан ҳам бутунлай узоқлашиб кетганимиз айни ҳақиқат.

Кўпчилигимиз бу ҳақда умуман оддий тасаввурга ҳам эга эмасмиз. Хозирда у ҳақда турли гап - сўзлар кўпайиб кетди. Уларнинг қай бири тўғри, қай бири нотўғри эканини ажратиб олишнинг ўзи қийин бўлиб қолди.

Аслида, бу шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тўртта сўзнинг маъноси бир хил ва бир нарсанинг тўртта томони, тўртта ҳолати, тўрт жиҳатини билдиради, холос.

Юқоридаги тўртта ҳолат инсоннинг камолот босқичларидир. Маърифатли одам шу маърифатини аниқ билиб-англаган онда энг баркамол, комил ва мукаммал инсондир! Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, булар шаръий амалларни ихлос ва холис бажаришдаги даражалар, амал қилиш жараёнида инсонни қамраб оладиган маънавий ҳис-туйғулар, руҳий тарбиялар даражаси миқдоридир. Буни тушуниш учун намоз ўқишни мисол келтирамиз:

Мусулмон киши намоз ўқишни ўрганиб, мусулмонлиги сабабли барча кўрсатилган қоидалари (таҳорат, қибла, жойнамоз, ният, намоздаги қиём, қироат, рукуъ, сажда ва қаъда кабилар) билан намоз ўқишга киришиши “шариат” бўлади. Шуни қилса, бўлди у шариатга амал қилган бўлади. Ким шариатга амал қилса, унинг намози албатта қабул бўлади. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмайди”, деб марҳамат қилган (Оли Имрон сураси, 171-оят).

Энди, мана шу намоз унинг бандалик бурчи эканини ҳис қилиши, шу намоз билан Аллоҳга етишиш мумкинлигини англаши, яъни онгли равишда намоз ўқиши “тариқат” бўлади.

Энди, шу намозида худди Аллоҳ уни кўриб турганидек, Аллоҳ унинг намоз ўқишини кузатиб турибди, деган ҳис-туйғуни ҳис қилиб намоз ўқиши “маърифат” бўлади.

Намозда Аллоҳни кўриб тургандек, Аллоҳнинг ҳузурида ва “қарши”сида тургандек даражада ҳис-туйғу билан намоз ўқиши эса “ҳақиқат” бўлади.

Нафақат намоз, балки барча хайрли ва яхши ишларни бажаришда ана шундай йўл тутиш, шу ҳис-туйғулар билан амал қилиш шариатдан кейинги тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини билдиради.

Демак, улар кўпроқ шаръий амалларни ихлос билан адо қилишга қаратилади. Инсоннинг руҳий тарбияси яхшиланиб борар экан, у шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб бораверади ва алалоқибат буларнинг барчаси амалий, зоҳирий ва ботиний, руҳий ва маънавий жиҳатдан бир нарсанинг тўрт томони эканини англаб етади. Мўмин-мусулмон йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, бир йўлнинг икки томони.

Бу ҳолатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Жаброил ҳадиси” деб аталган машҳур ҳадиси шарифида айтиб берганлар. Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан учта савол сўраган. Булар имон, ислом ва эҳсон ҳақида бўлган. “Эҳсон” бу ана шу биз айтаётган, тасаввуф аҳли истилоҳидаги “маърифат” ва “ҳақиқат” тушунчаларининг айнан ифодаси эди:

“Жаброил алайҳиссалом: “Эҳсон нима?” деб сўради. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга уни кўриб турганингдек, агар уни кўрмайдиган бўлсанг, у сени кўриб турадигандек ибодат қилишингдир”, деб марҳамат қилдилар”.

“Эҳсон” сўзи луғатда яхшиликни, гўзал ишни билдиради. Яъни, шариат яхши деб топган, гўзал ва эзгу деб ҳисоблаган барча нарсалардир. Ана шу гўзал ва эзгу яхшиликларни ихлос билан амалга ошириш “эҳсон” мақоми ҳисобланади. Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Аллоҳ таоло: “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир” деб эълон қилган (Ар-Раҳмон сураси, 60-оят).

Бу ерда ибодатдаги эҳсон тушунчаси жуда кенг маънодадир. Инсоннинг бутун ҳаёти ибодатга айланиши мумкин. Бу шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат босқичларида амалга оширилиши керак. Инсон камолоти даврида бу тўртта босқични босиб ўтиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат йўлини бундай тушунтирганлар: “Аллоҳга ибодат қил ва унга бирор нарсани ширк келтирма! Аллоҳ учун худди сен уни кўриб тургандек амал қил! Аллоҳни ҳар бир тош, ҳар бир дарахт олдида эсла. Агар яширин бирор ёмон иш қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни махфий қилиб қўй. Агар бирор ёмон ишни ошкора қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни ҳам ошкора қилиб қўй. Аллоҳдан қўрққин, мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл!”.

Мусулмон шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат даражаларида турлича бўлиши, бир даражада турмаслиги, юқорилаб, пастлаб туриши, даражаси гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ бўлиши мумкин. Муҳими, шариатдан пастлаб кетмаслиги лозим. Ҳанзала розияллоҳу анҳунинг бу борадаги ҳикояти бор. У зот: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганимизда, у зот бизга жаннат ва дўзах ҳақида гапириб берардилар. Биз худди кўзимиз билан кўриб тургандек бўлар эдик. Бир куни уйимга келиб, оилам ва болаларим билан ўйнашиб, кулиша бошладим. Шунда, мана шуни эслаб қолдим”, деган эканлар.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир мақомда бўлиб, Аллоҳни кўз билан кўриб тургандек мақомда бўлишини, уйга келганда эса Аллоҳ ва унинг зикри эсдан чиқиб қолиб, бошқа мақомда бўлишини эслаган. Дарҳол бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраш учун йўлга тушган эканлар. Йўлда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни учратиб, у зотга: “Мен мунофиқ бўлдим, мунофиқ бўлиб қолдим. Менда шундай-шундай ҳолат юз беради”, деган. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам: “Бизлар ҳам шундай қиламиз-ку!”, деганлар. Яъни, бола-чақа билан бирга бўлиб, кулиб-ҳазиллашиш, ўйнаб-кулиш, дунёвий ишларни қилиш шариат чегарасида бўлиши мумкин, албатта. Буни ҳар бир мусулмон қилади. Уни қилмасдан бошқа илож ҳам йўқ. Бироқ, Ҳанзала розияллоҳу анҳу ўйлаганларидек “Аллоҳни аниқ кўриб тургандек” ҳолат ҳамиша ва ҳамма вақт бўладими?! Ҳанзала розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақида айтиб берганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилган эканлар:

“Эй, Ҳанзала! Агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек доим шундай бўлганингизда эди, фаришталар сизларнинг йўлларингизга чиқиб, сиз билан қўл бериб кўришадиган бўларди. Эй, Ҳанзала! Бир соат ундоқ, бир соат бундоқ!”.

Демак, инсоннинг шариатга ихлос ва эътиқод билан амал қилиши тариқат, ҳақиқат ва маърифатга етишишига олиб келади. Шариатга ҳам инсон ўзича амал қилиб кетавермайди, шариатни ўргатадиган устоз, мураббий ва муаллим керак бўлади, ўрганувчи эса қори, ўқувчи, мутааллим бўлади. Хуллас, мўмин-мусулмон Аллоҳга етишишда юрадиган шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, булар битта йўлнинг икки томони ва унинг ўртасидаги икки бекатлардир.

Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонни шариатга мустаҳкам амал қилиб, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб, комил инсон бўлишини муяссар этсин!

Жўрабек РАҲМОНОВ,

Фарғона шаҳар бош имом-хатиби

Read 3216 times

Мақолалар

Top