Мақолалар

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳасида меҳнат муҳофазасига оид қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

 

Меҳнат кодексининг янги таҳриридаги “Меҳнат муҳофазаси” бобидаги 8 та асосий ўзгаришга эътибор беринг. Меҳнатни муҳофаза қилиш чораларини олдиндан режалаштиринг, ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган омиллар йўқми, акс ҳолда ортиқча харажатлардан қутулиб қололмайсиз.

“Меҳнат муҳофазаси”, “Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса”, “Касбга оид касалланиш” каби тушунчаларнинг мазмуни очиб берилади.

Амалдаги Меҳнат кодексида ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш нормалари, қоидалари ва йўриқномаларига риоя қилиш мажбурияти ҳақидаги модда бор, аммо бу соҳада иш берувчининг бундай мажбуриятлари ҳақида моддалар йўқ. Энди қонун лойиҳасида ходимнинг ҳам, иш берувчининг ҳам меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига эътибор берилган.

Ходимни ишга киришда, бошқа ишга ўтказишда, ишлаш жараёнида унинг меҳнати муҳофаза қилинишига бўлган ҳуқуқини кафолатлайдиган моддалар киритилмоқда. Агар иш берувчининг фаолияти меҳнатни муҳофаза қилишдаги қоидабузарликлар туфайли тўхтатилса, ходимнинг иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланади. Бу вақтда иш берувчи ходимни унинг розилиги билан бошқа ишга ўтказиши ва бажараётган ишига қараб иш ҳақи тўлаши мумкин, аммо бу иш ҳақи олдинги ишидаги ўртача маошидан кам бўлмаслиги керак.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 219-моддаси талабларига кўра, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилади. Меҳнатни муҳофаза қилинишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи уларни бартараф этиши шарт. Умуман олганда, ходим меҳнатни муҳофаза қилинишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар бундай таҳдидлар мавжудлигини тасдиқлаб, иш берувчи уларни бартараф этмагунча, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар таъсири мавжуд шароитда ишлашни давом этаверади. Бундай шароитларда ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилиши эҳтимоли юқори бўлади.

Шу сабабли Меҳнат кодексининг янги таҳририда ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келганлиги тўғрисида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши ва ушбу ҳолатлар бартараф этилмагунча тегишли ишларни бажаришдан бош тортиши мумкинлиги назарда тутилади. Бу давр учун ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Қонун лойиҳасида ходимнинг ишларни бажаришдан асоссиз бош тортишига йўл қўйилмаслиги чоралари кўрилган. Агар ходим ишларни бажаришдан бош тортишига важ қилиб кўрсатган унинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солаётган ҳолатлар мавжудлигига асосли гумонлар бўлиб, аслида унинг ҳаёти ёки соғлиғига ҳеч қандай таҳдидлар йўқ бўлса, иш берувчи бу ходимга нисбатан хизмат текширувини тайинлаши мумкин.

Агар хизмат текшируви натижасида ходим меҳнат шартномаси бўйича ишларни бажаришни асоссиз рад этганлиги аниқланса, иш берувчи бу ходимни интизомий жавобгарликка тортишга ҳақли.

“Меҳнат муҳофазаси” бобига меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этиш бўйича 13 та моддадан иборат параграф киритилади. Лойиҳада меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари, ишлаб чиқариш объектларини меҳнат муҳофазаси, иш жойларининг хавфсизлиги, ходимларга санитария-маиший хизматини кўрсатиш ва тиббий таъминлаш талаблари юзасидан аттестациядан ўтказиш, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланишда меҳнатни муҳофаза қилиш ҳақида моддалар биринчи марта назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва кузатуви, касаба уюшмаларининг меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишдаги ҳуқуқлари ҳақида моддалар бор.

Амалдаги Меҳнат кодексидаги каби, қонун лойиҳасида ҳам иш берувчининг ходимларни нормативлар бўйича якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаш мажбурияти ҳақида меъёр бор. Янги таҳрирда бу мажбурият янада аниқлаштирилди, унга кўра, энди ходимларни якка тартибда ҳимоя қилиш воситаларини сотиб олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш фақат иш берувчининг маблағлари ҳисобига.

Амалдаги Меҳнат кодексида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни, ходимларнинг улар меҳнат вазифаларини бажараётганда бошқача тарзда шикаст етказилишини ҳисобга олиб бориш ва текшириш битта моддада келтирилади. Аммо текширувни ўтказиш тартиб-тамойили ва муддатлари, ходимларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ходисаларни текшириш комиссиясини ташкил қилиш тартиби ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

 

ЎМИ ходими

 Жаҳонгир ХАТАМОВ

Read 2267 times

Мақолалар

Top