Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (23-суннат): Янги либос кийганда дуо қилиш

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги либос кийсалар, қуйидаги дуони ўқир эдилар:

“Аллоҳумма лакал ҳамду анта касавтанийҳи асалука мин хойриҳи ва хойри ма суниаъ лаҳу ва аъузу бика мин шарриҳи ва шарри ма суниаъ лаҳу”

“Аллоҳим, мен сендан ушбу либосдаги яхшиликни ва унга боғлиқ яхшиликни сўрайман. Мен сендан ундаги ёмонликдан ва унга боғлиқ ёмонликдан паноҳ сўрайман” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

Ҳар бир неъматни беминнат берувчи Зот Аллоҳ таолодир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон банда ўзига катта-ю кичик неъмат етганда неъмат берувчи Зотга шукр айтишга шошилади. Зеро, янги кийим кийган банда У Зотга ҳамду сано айтиб, шукр қилмоғи лозим. Чунки айнан Аллоҳ таоло унга бу кийим неъматини ато этди.

Шунинг учун янги кийим кийган киши ўша кийимнинг яхшиликларга насиб қилишини Аллоҳ таолодан сўраши лозим, токи кийимнинг ўзи ҳам яхши бўлсин, ўша кийимни кийгандан кейинги ишлар ҳам яхши бўлсин.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

 

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2563 times
Tagged under

Мақолалар

Top