Мақолалар

Муносабатлар қонуний бўлса, панд емайсиз

ЎзА веб-сайтида эълон қилинган “Хорижга турмушга чиқаётган қизлар...” сарлавҳали мақолада (Шаҳноза Маматуропова. 21.10.2020й) қизларимизнинг айримлари Жанубий Корея, Хитой ва бошқа давлатларга ҳою-ҳавас ортидан эргашиб, турмушга чиқиб кетаётгани, хорижий мамлакатларда яшашга ҳавасмандликнинг ортида қандай сабаблар борлиги ҳақида сўз юритилган, бегона юрт фуқаролари билан суриштирмай-нетмай оила қуриб кетаётган қизларга аччиқ сабоқлар ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилган.

Акс-садо

Материалда, шунингдек, миллий қонунчилигимизда ким билан турмуш қуриш ва қаерда яшаш фуқаронинг ихтиёрий равишдаги танлови ҳисобланишига ҳам эътибор қаратилган.

Мен ҳуқуқшунос сифатида фикр билдирмоқчи бўлган мавзу ҳам айнан шу жиҳат билан боғлиқ. Зеро қонунчилик доирасида берилган ҳар қандай ҳуқуқ инсонни турли вазиятларда ўзини ўзи ҳимоя қилишга ҳам ундайди.

Тўғри, оила қуриш, турмуш ўртоғи ва истиқомат қиладиган маскан танлаш ҳар бир фуқаронинг дахлсиз шахсий ҳуқуқидир. Бироқ 18-20 ёшга тўлган қизларимиз ушбу қарорни қабул қилаётганда уларда ҳаёт тажрибаси етарли бўладими, кейинчалик турмуш кўчалари тақдим қилиши мумкин бўлган турли синовларни уларнинг ҳали қотиб улгурмаган елкаси кўтара оладими?

Шу сабабли бугунги шиддатли замонамизда ёшларимизга айтадиган сўзимиз: ўз ҳуқуқларини пухта билиши, қонун билан турли вазиятларда ўзини ҳимоя қилиши билан боғлиқ. Бу фикрларимиз, айниқса, тақдирини хорижий юрт вакиллари билан боғлашни режалаштираётган қизларимизга тегишлидир.

Ўзбекистон фуқароларининг чет эл фуқаролари билан оила муносабатлари қандай тартибга солинган, фуқароларимиз оилавий тақдирини чет эл фуқароси билан боғламоқчи бўлганида нималарга асосий эътиборини қаратиши керак?

Бу саволга жавоб излаганда, биринчи навбатда, Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини экани ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилганига эътибор қаратмоқчиман.

Оила кодексига мувофиқ мамлакатимиз ФҲДЁ органларида Ўзбекистон фуқароларининг чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан никоҳини қайд этиш ҳамда чет эл фуқаролари ўртасидаги никоҳни қайд этиш умумий асосларда, Ўзбекистон Конституцияси ва оила қонунчилиги асосида амалга оширилади.

Бунда никоҳни тузишга монелик қиладиган ҳолатлар бўлмаслиги керак, яъни ФХДЁ томонидан бўлажак келин-куёвнинг никоҳ ёшига мослиги, бошқа никоҳда бўлмаслиги ва бошқа монелик ҳолатларга аниқлик киритилиши лозим. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эл фуқаролари билан никоҳ тузилганлигини қайд этишда аризага чет эл фуқаросининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатининг нусхаси ҳамда чет эл фуқаросининг никоҳда турмаслиги ҳақидаги белгиланган тартибда легализация қилинган ёки апостиль қўйилган ҳужжат (давлат тилидаги таржимаси билан бирга) илова қилиниши лозим.

Бундай ҳужжатлар Ш.Маматуропова ўз мақоласида келтирган ҳолатлардан бири, яъни баъзи қизларимиз турмуш қурган киши ўз юртида ҳам хотини борлигини кейин билиб қолгани каби нохуш вазиятлар, алданиб қолишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон фуқароси ва чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ўртасидаги никоҳни қайд этиш агар чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш визаси никоҳ тузиладиган кунда ҳақиқий бўлсагина амалга оширилади.

Оила қонун ҳужжатларига биноан, Ўзбекистон фуқароси билан никоҳга кирган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатига никоҳ қайд этилганлиги тўғрисида белги қўйилиши (агар шахсини тасдиқловчи ҳужжатда бундай белги қўйиш учун жой мавжуд бўлса) ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

ФҲДЁ органи томонидан никоҳ қайд этилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳга кирган шахс фуқароси бўлган хорижий давлатга никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги хабарнома белгиланган тартибда юборилади.

Чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг никоҳини қайд этиш ўша давлат қонунчилигига асосан унинг ваколатли органлари томонидан ёки Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаларида мамлакатимизнинг оила қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан никоҳини қайд этиш, агар никоҳни қайд этиш Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасаси ҳудудида жойлашган ўша давлатнинг қонунлари билан тан олинганда, шунингдек, имзолашда ўша давлат ва Ўзбекистон Республикаси қатнашган конвенция ёки бошқа халқаро шартномаларга (фуқаролик ва оила ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам, консуллик-ҳуқуқий ёрдами) мувофиқ ҳоллардагина консул томонидан амалга оширилади.

Бошқа давлатда яшовчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси билан мазкур давлатнинг тегишли органларида никоҳни қайд эттирмоқчи бўлган ўша давлат фуқаросининг илтимосига кўра, консул никоҳни қайд этувчи ўша давлат органларига тақдим этиш учун ариза берувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси никоҳда турмаслиги ҳақида маълумотнома бериши мумкин (консул бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан олади).

Бошқа давлат фуқароси билан ниқоҳни қайд этиб, хорижга кўчиб кетган фуқароларимизга доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатига олинишига қонунчиликда имконият яратилган. Бунинг учун хориждаги консуллик муассасаларига бевосита мурожаат қилиниб ёки интерактив хизматлар веб-портали орқали тегишли ҳужжатлар топширилиши билан консуллик рўйхатига (доимий, вақтинча) олинади.

Мақолада «Совчилик агентлиги» ҳақида ҳам фикр билдирилган. Ўйлайманки, бундай тадбиркорлик фаолиятига ҳуқуқий баҳо, улар томонидан кўрсатилаётган бундай «холис хизмат» салбий оқибатлари ҳақида кўпроқ маълумот берилиши лозим.

Ишончим комил, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг оила қонунчилиги, шу жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан никоҳини қайд этиш ҳақидаги батафсил ҳуқуқий ахборот ФХДЁ органлари, «Оила» маркази, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан аҳолига етказилмоқда. Хорижий мамлакатлар билан очиқ ва дўстона ҳамкорлик муносабатлари чет эл фуқаролари билан никоҳни қайд этиш ҳолатини кенгайтириши аниқ факт, бу йўлда тегишли миллий қонунчилик ва халқаро шартномалар қабул қилиниб, улар такомиллаштирилмоқда. Чет эл фуқароси билан никоҳ муносабатларига киришмоқчи бўлган фуқаро Ўзбекистоннинг оила қонунчилиги ва халқаро шартнома қоидаларидан хабардор бўлмоқчи бўлса, албатта «LEX.UZ» қонун ҳужжатлари миллий базасига мурожаат қилиши ёки Оила кодексидан бохабар бўлиши, ФХДЁ, «Оил»а маркази, адвокатура вакилларидан ўзларига тегишли ҳуқуқий маълумотларни олиши керак.

Ўзбекистон Республикасида Оила институтини мустаҳкамлаш концепциясида оилаларга таъсирчан, сифатли, услубий ва консультатив ёрдам бериш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш вазифаси қўйилган. Мақолада таъкидланган муаммоларни ҳал этиш йўлларидан бири Оила кодексининг VIII бўлими – “Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги оилавий муносабатларни тартибга солиш” қоидалари бўйича кадрлар малакасини ошириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг самарали шаклларини ташкил этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Ҳеч бир ёш йигит-қизларининг никоҳ ва оила ҳуқуқларига дахл қилмаган ҳолда таъкидлашни истардимки, оила қуриш ва турмуш ўртоғи танлаш, у мамлакатимиз ичкарисида ёки ташқарисида бўлсин, ўта масъулиятли қарор қабул қилиш жараёнидир. Бунда ёшларимизга ёзилмаган, лекин ҳаётда синалган қоида – ота-оналари, яқинлари, маҳалла-кўй маслаҳатгўй ва ёрдамчи бўла олади. Ёшларимиз ҳам, ўз навбатида, ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган ёши улуғлар маслаҳатини, албатта, эътиборга олиши лозим, деб ҳисоблайман. Зеро умр савдоси – қийин савдо, дейди халқимиз.

Комил Рашидов,

юридик фанлари доктори, профессор.

ЎзА

Read 1852 times

Мақолалар

Top