Мақолалар

Қалб дардининг давоси

Энг кўп истеъфода этиладиган сўзлардан бири бўлган “тавба” сўзининг луғавий маъноси “қайтмоқ”, “бас қилмоқ”, “тийилмоқ”дир.

Истилоҳда эса, банданинг гуноҳ иши учун надомат чекиб, унга қайтмасликка аҳд қилиши, суннатда келган зикрларни айтиб юришидир.

Тавба қилиш инсонни Аллоҳ талога яқин қилади. Негаки, банда қачон хилватда ўтириб Аллоҳ таолони зикр қилиб, истиғфор айтиб тавба қилса, албатта, Аллоҳ таоло уни кечиради ва ўзига яқин тутади. Аллоҳ таолонинг бир исми Таввоб, яъни, ўта кечиримлидир.

У зот “Шуаро” сурасида: “Ва у шундай Худоки бандаларининг тавбаларини қабул қилади, гуноҳларини авф этади ва у нимани қилса ўзи билади”, деб бандаларига хушхабар берган.

Гуноҳ ва маъсиятлар бамисли хасталикдир. У инсоннинг энг нозик аъзосини – қалбини шикастлайди. Қалбнинг ҳолатига қараб бошқа аъзолар ҳам заифлашади. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ҳар бир дарднинг давоси бўлгани каби гуноҳ дардининг давоси тавбадир. Ҳар куни  Аллоҳга  юз марта истиғфор айтинг. Ҳар куни икки марта тавба қилмаган одам ўз нафсига зулм қилгандир”.

Мўминнинг ҳақиқатан тавба қилганини тўртта белгидан таниса  бўлади:

тилини бекорчи гаплардан, ғийбатдан, ёлғон  сўзлашдан тийган бўлади;

бировга ҳасад қилмайди ва кек сақламайди;

бадкирдорлардан узоқлашади ва улар билан ҳамсуҳбат бўлмайди;

гуноҳларини эслаб пушаймон бўлади. Аллоҳ таолонинг ибодати билан машғул бўлиб, одамларни яхшиликка ундайди.

Тавбанинг турлари кўп, энг олийси “нусуҳ” деб аталади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нусуҳ тавбаси ҳақида сўралганда, “ У тил билан тавба қилиб, дилдан пушаймон бўлмоқликдир. Агар тили билан тавба қилиб дилидан гуноҳ қилишга мойил бўлса, Аллоҳ таолога истеҳзо қилган бўлади”, деб жавоб бердилар. Демак, тавба қилувчи киши ўша гуноҳни қайта қилиш у ёқда турсин, ҳатто қалбидан ҳам суғуриб ташлаши, ўша гуноҳдан нафратланиши лозим. Агар бир гуноҳ қилиб, бир тавба қилиб юраверса, Аллоҳ таоло ҳузурида ўйин қилган бўлади. Бу эса улкан гуноҳдир.

Умр тез ўтиб кетади. Инсон паймонаси қачон тўлишини ҳеч қачон билмаган.  Танимиз соғ, фурсатимиз бор экан, тавбага шошайлик. Тавба махсус жой, вақт ёки ёш танламайди, уни ҳар дамда, ҳар қайси ёшда, ҳар қандай шароитда қилиш мумкин. Тавба қилмоқчи бўлган инсон ҳар куни юз марта “Астағфируллоҳал азийма ва атубу илайҳ”, деб юргани маъқул. Бу – истиғфорнинг афзали ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизга нусуҳ тавбасини насиб этсин, нафснинг васвасасидан асрасин.

Хайрулло МАРДОНОВ, 

Хожа Бухорий номли ислом ўрта-махсус билим юрти ўқитувчиси

Read 6592 times
Tagged under

Мақолалар

Top