Мақолалар

Унутилаётган суннатлар (26-суннат): Сут ичиб, оғизни чайқаш

 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сут ичдилар, сўнгра, сув билан оғизларини чайқадилар. Сўнгра: “Унда ёғ бор”, дедилар" (Имом Термизий ривояти).

Сут А, Е, К, С, D, В, РР каби витаминлар, минерал моддалар ва аминокислоталарга жуда бой. Сут ёғлари ҳайвон ёғлари орасида энг тўлақонлиси ҳисобланади.

Сутни ҳар куни истеъмол қилиш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди ва юрак хуружи ҳамда инсульт хавфини 37 фоизга камайтиради.

Шунингдек сут мия ва асаб тизими учун фойдали, суякларни мустаҳкамлайди, иммунитетни ошириб, инфекциялардан ҳимоялайди, ошқозон касалликларида ва артериал қон босимини пасайтиришга ёрдам беради.

Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!

Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2381 times
Tagged under

Мақолалар

Top