Мақолалар

Диний нашримизда: Уйланиш нафлдан афзалдир

Маҳр ва (таъминот) хотиннинг на­фақа­сига қодир бўлган кишининг агар уйлан­маса, зинога кириб кетиши аниқ бўл­са, у ҳолда уйланиш унга фарз бўлади. Чунки ҳаромдан фақатгина у билан тийи­лиш мумкин бўлган нарса ҳам фарздир. Агар маҳрга қодир бўлмаса, (уйланиш учун) қарз олиши вожиб бўлади. Аллоҳ таолонинг Ўзи унга қарзини узишда ёрдам беради. Ҳадисда уйланиш учун қарз олган киши Аллоҳ ёрдам беришни Ўз зиммасига олган уч тоифа киши қаторига кириши айтиб ўтилган. Гуноҳга кириб кетиш хавфи бўлмаган мўътадил (нормал) ҳолатда эса уйланиш – Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга иқтидо ўлароқ – суннати муак­кададир. .

Хотинга жабр-зулм қилиш хавфи бўлса, уйланиш макруҳи таҳримийга айланади. Агар уйланмасликдан зинога юриб кетиш хавфи уйланганда хотинга зулм қилиш хавфи билан қарама-қарши келиб қолса, уйланмайди. Чунки жабр-зулм банда ҳақларига алоқадор маъсият, зинодан тийилиш эса Аллоҳ таолонинг ҳақларидандир. Икки ҳақ тўқнашган пайтда банданинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан муқаддам туради. Чунки банда ўша ҳаққа муҳтож, Аллоҳ таоло эса беҳожатдир.

Уйланса, хотинга жабр-зулм қилиши аниқ бўлган кишининг уйланиши ҳаром­дир. Чунки уйланиш нафсни гуноҳдан сақ­лаш ва савобга эришишни кўзлаб жо­рий қилинган. Жабру зулм билан эса гуноҳкорлик ва ҳаромга қўл уриш бор. Мазкур фасод ишларнинг зарари уйланишдан кўзланган фойдаларни ҳам йўқ­қа чиқаради.

Уйланиш гуноҳга кириб кетиш ёки бировга зулм қилишдан холи одатий (нормал) ҳолатларда нафл ибодатлар билан машғул бўлишдан кўра афзалдир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ғурбатнинг Исломга умуман ало­қаси йўқ. Кимки уйланмасликка чақи­рар бўлса, дарҳақиқат, Исломдан бошқа­га чақирибди”.

Солиҳ аждодларимиз сўққабошлик­ни ёмон кўришган. Улар уйланмаганларни уйланишга ундашарди. Иброҳим ибн Майсара раҳимаҳуллоҳ Товус раҳ­матуллоҳи алайҳга: “Сен, албатта, уйланишинг керак ёки сенга Умарнинг Абу За­ваидга айтган гапини айтаман: Сени ожизлик ё фужурдан бошқа нарса никоҳ­дан тўсолмайди”.

Уйланиш нафл ибодатлардан афзалдир, деган қараш авлодир. Дарҳақиқат, Китоб ва суннатда буни қўллаб-қувватлайдиган далиллар жуда кўп.

 

“Ал-фиқҳул ҳанафиййи фий

савбиҳил жадийд” асаридан

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси

Read 2486 times

Мақолалар

Top