Мақолалар

Ҳам сахий, ҳам ахий бўлайлик!

Долзарб мавзу 

Бир эзгу амал бор: кўнгилларни кўтариб, дилларни яйратади, одамлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаб, юзкўришмас бўлиб кетганлар кишиларни яраштиради, жамиятда тинчлик-тотувликни таъминлайди. Бу – хайру саховатдир.

Бугун юртимиздаги бараканинг омили, тинчлик-хотиржамликнинг асоси ҳам айнан хайру саховат эканини яхши биламиз. Ҳали кўпчилигимиз унутиб улгурмаган бир ҳолатни эсга олайлик. Коронавирус туфайли шу йилнинг апрель–май ойларида жорий этилган карантин даврида халқимиз саховатпешалигини яна бир карра амалда исботлаганининг гувоҳи бўлдик.

Муҳтарам Юртбошимиз «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурганларида, бу ташаббус кенг қулоч ёйиб, ҳар бир саховатпеша юртдошимизнинг эзгу аъмолига айланди. Ирмоқлар қўшилиб азим дарёга айлангани каби сахий одамларимизнинг саховатлари бирлашиб катта карвон бўлди.

Фақат шугина эмас, Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида содир бўлган табиий офат оқибатларини бартараф этишда, “Сардоба” сув омборининг ўпирилиши туфайли жабр кўрган юртошларимизга кўмак кўрсатишда ҳам халқимиз бутун дунёга ўрнак бўлди.

Ҳар бир ишдан ҳикмат излаб яшашга одатланган халқ бўлганимиз боис, кўзга кўринмас ёв, таъбир жоиз кўрилса, қалбимизни очди, ўзлигимизга қайтарди. Унутилаёзган хайрли ишларимизни тизимли йўлга солиб олишга замин ҳозирлади. Пандемия шароитида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар кўлами янада ортди.

Энг муҳими, бирлашиб, биргалашиб бало тезроқ даф бўлишини сўраб, Яратганга илтижолар қилдик. Қуръони карим, “Саҳиҳи Бухорий” бир неча юз, ҳатто минглаб марта хатм қилинди. Ҳар қандай шаароитда диний-маърифий ислоҳотлар тўхтаб қолмади. Муфтий ҳазратлари бошчилигида имом-хатиблар, отинойилар халқимизнинг оғир кунларида ҳар жиҳатдан елкадош, далда бўлишди.

Зотан, муқаддас динимизнинг ҳам шиори шу: ҳар доим эзгуликни тарғиб қилиш. Айниқса, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳити янада мустаҳкамлаш, хайрли амаллар кўлами янада кенгайтириш мўмин-мусулмон учун берилган имкониятдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир» (Бақара сураси, 261-оят), деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло бу мисол билан битта хайрли иш учун битта эмас, то 700 ва ундан ортиқ савоб ато этиши мумкинлигини билдирмоқда.

Хайрли, савобли ишлар ҳақида сўз кетганда, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан ўтказиб бир сўз дейиш мушкул. Ҳадиси шарифда: «Саховат – бир дарахт. Унинг илдизлари жаннатда, шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан ушласа, илдизлари (жаннат) сари тортади. Бахиллик ҳам бир дарахт. Унинг илдизлари дўзахда, шохлари ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни ўз домига тортади», дейилган.

Аслида, мазкур оят ва ушбу ҳадис мўмин киши учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Буни яхши англаган ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз даврида қиёматгача эсланадиган, тилларда достон бўладиган ишларни қилиб кетди.

Арабистон одатда қурғоқчил ўлка. Ёғингарчилик кам бўлган пайтларда қаҳатчилик бошланади. Бу танглик даражаси ёмғирнинг кечикиши билан боғлиқ бўлиб, ё ортади ёки пасаяди.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида инсонлар қурғоқчиликни бошидан кечирган, қаттиқ ташвишга тушган эди. Шу пайт ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга тегишли бир карвон Мадинага келиб, кўпчиликнинг жонига ора киради. Чунки ҳазрати Усмон тижоратни яхши тушунган, айни пайтда, ҳимматли, сахий киши эди. “Фойдаланиб қолишнинг айни пайти”, деб очликдан азоб чекаётган, ўлим билан олишаётган инсонларнинг ҳамёнига қўл узатиб, олиб келинган нарсаларни қиммат нархда сотишни хаёлига ҳам келтирмади. Бироқ Мадинада тижорат билан шуғулланувчиларнинг ҳаммаси ҳам бундай эмас эди.

Дарҳақиқат, қиммат нархларда савдо қиладиган тужжорлар ҳазрати Усмоннинг олдига келишиб, фойдали таклиф айтиб, молларнинг нархини туширмай, сотиб олишни сўрайди. Ҳазрати Усмоннинг жавоби эса биргина жумладан иборат бўлади:

– Менга сиздан ҳам кўпроқ фойда берувчи бордир. 

Ортига қуруқ қайтган савдогарлар ўз қаричларига кўра ҳисоб-китоб қилиб, фойдани янада ошириб, иккинчи марта келишади. Яна ўша жавоб.

Улар: “Ҳазрати Усмон юзага келган имкониятдан унумли фойдаланиб, мижоз орттириш йўлини тутяпти”, деган фикрга келади. Масалани узил-кесил ҳал қилиш учун халифа ҳазрати Абу Бакрнинг олдига бориб, Усмоннинг хатти-ҳаракатларидан шикоят қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатли халифаси ҳазрати Усмонни чақиртириб, сўрайди:

 – Бу одамлардан ҳам кўпроқ фойдани таклиф қилган ким эканини мен ҳам билишни истайман, эй Усмон. У ким?

Ҳазрати Усмон:

– Эй халифа, У буюк Аллоҳдир. Қилинган яхшиликлар учун камида бирга ўнни, ҳатто етти юзни беришни ваъда қилган. Карвондаги нарсаларнинг барчасини Аллоҳ розилиги учун эҳсон қиламан. Уни истаганимдек тарқатаман, – дейди.

Бу жавоб саховатпеша инсонлар ҳам бармоқларини тишлаб қоладиган даражадаги фазилат намунаси эди.

Лекин, афсуски, карантин пайти нарх-навони асоссиз оширган, халқини, юртдошларини, мўмин-мусулмонларни қийин аҳволга солиб қўйган айрим биродарларимиз ҳазрати Усмоннинг мазкур фидокорликларини билган, ўқиганларида эди, асло бундай ишга қўл урмаган, аксинча, карантинни имконият билиб, кўпроқ савобли ишлаони қилиб қолган бўлар эди.

Хулоса сифатида ҳазрат Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асаридан  мавзуга оид парча келтрисак: “Сахий булутдур – иши хирмон, балки махзан бермак. Бахил мўрдур – даъби хўша балки дона термак. Ҳиммат аҳлиғадур саховат ихтисоси ва бу икки шариф сифат валоят хоси. Саховат одамиға бадандур ва ҳиммат анга руҳ ва ҳиммат аҳлидин оламда юз минг футуҳ. Ҳимматсиз киши эр сонида эмас, руҳсиз баданни киши тирик демас.

Исроф сахо эмас ва итлофни маъно аҳли сахо демас. Ҳақ молин куйдурганни девона дерлар ва ёруғ кунда шамъи кофурий (оқ шам) ёққонни ақлдин бегона дерлар. Мубоҳот учун бермак худнамолиқ ва анинг била ўзин сахий демак беҳаёлиқ. Улки эл кўрмагунча бермас – лаимдур, сахий эмас. Тилаб берганни ҳам саходин йироқ бил; ибром (қисташ) била бергандин бермаганни яхшироқ бил. Бирта ўтмакни (нон) икки бўлуб, ярмин бир очға берганни сахий де; ўзи емай барин муҳтожга берганни ахий де”.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Read 2045 times

Мақолалар

Top