Мақолалар

“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” (еттинчи қисм)

Ҳадис: “Динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди!” (еттинчи қисм)
 
Иккинчи: ғулувга кетиш ва мафкуравий худбинлик

Ибни Ҳишомнинг “Сийратун набавийя” китобида келтирилади: “Амр ибни Ос  розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Қурайшийлардан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп етган нарса уларнинг адовати бўларди. Бир куни уларнинг катталари Ҳажарул асвад олдида тўпланиб ўтирганида мен ҳам шу ерда эдим. Улар шу тобда Расулуллоҳни эслаб қолдилар ва: “Биз бирор одамнинг ишига Муҳаммадга сабр қилганчалик сабр қилмаганмиз. Ахир у бизни ақлсиз деса, аждодларимизни адашган деса, динимизни айблаб, илоҳларимизни ҳақорат қилса, жамоатимизни бўлиб ташласа?! Ҳа, биз етарлича сабр қилдик” деган гапларни сўзлар эдилар. Шу пайтда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам келиб қолдилар. У зот рукни ямонийни истилом қилдилар, кейин Байтуллоҳни тавоф қила бошладилар. Ҳар гал уларнинг олдидан ўтганларида улар ўзаро кўз қарашлар билан нималардир имо қилар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам буни сезиб турганларини юзларидан билиб турар эдим. Расулуллоҳ иккинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна ишора қилди. Учинчи бор айландилар. Қурайшийлар яна шу ишни такрорлашди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни олдида тўхтаб: “Эй Қурайш раислари, эшитмадиларингми, нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, мен сизларни сўйиш учун келганман”, дедилар.”

Биз жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати санияларидан яхши биламизки, у зот Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшаган пайтларда ҳам ҳатто бошқа бирор ғазотларда ҳам асло бу каби ишларни қилмаганлар. Ҳеч кимни Исломга киришга мажбур ҳам қилмаганлар.                                                                                                                  
Энди Расулуллоҳнинг: “Мен сизларни суйиш учун келганман” деган сўзларини ёлғон дейиш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ асрасин, у зоти шариф ҳақларида ундай фикрлашнинг ўзи гумроҳлик ва Қуръони каримга хилофдир.

Бундан бизга маълум бўладики, у ерда Расулуллоҳ қурайшийларга бугунги экстремистлар қўллаётган ҳақиқий сўйиш ва хунрезликлар билан таҳдид қилмаган эдилар. Балки бу хитоблари Каъбани тавоф қилаётган  пайтларида сурбетларча халақит қилаётган калондимоғ қабила раисларига муносиб ҳикматли жавоблари ва сиёсатлари эди. Чунки Расулуллоҳ нафақат ўша пайтда, балки Ислом қувват олиб, мусулмонларни адади кўпайиб, ҳатто бутун Арабистон ҳудуди мусулмонлар қўлига ўтган пайтларда ҳам асло бу каби ишларга қўл урмаган эдилар. 

Бугун турли экстремистик гуруҳлар амалга ошираётган ишларини кўриб уларни китоб ва суннати мутаҳҳарадан қанчалар хабарсиз, жоҳил эканига амин бўласиз. Наҳотки улар ҳақиқий даъват бошқалар билан ўзаро маданий алоқалар ўрнатиш, ҳамжиҳат яшаш, Ислом даъватини фақат мумкин бўлган услубий ёндашувлар орқали етказиш эканлигини тушунмайдилар?! Ахир динимиз бизга бошқаларни мол-мулки ва иззат-нафсига тажовуздан тийилишни ўргатмайдими?

Юқорида айтиб ўтилган фикрларни келтиришимизни асосий сабаби, турли экстремистик тўдалар томонидан мусулмон бўлмаганларнинг қонини ҳалол деб эътиқод қилинишидир.  Бу эса ғулувга кетиш ва фикрий тажовузкорлик ҳисобланади.  Бу ҳолат жамиятга юзланаётган энг хатарли омиллардан бири. Ғулув ва мутаассиблик жамият аъзолари учун зарур бўлган мўътадилликнинг аксидир. Ҳолбуки,  мўътадиллик Ислом умматининг  асосий хусусиятлардан бири ҳисобланади.  

Мўътадиллик ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Шунингдек биз сизларни ўрта уммат қилдик”.  (Бақара, 134).

Васатия, яъни мўътадиллик сифати тўлиқ яхшилик сифати бўлиб, қиёматгача ислом умматининг ўзига хос хусусияти бўлиб қолажак.

Аммо бугунги экстремистик жамоалар ҳам ўз иддаоларига китоб ва суннатдан далиллар келтиради. Жумладан:

“Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмайдиганларга, Аллоҳ ва унинг Расули ҳаром қилган нарсаларни ҳаром деб билмайдиган ва ҳақ динга юрмайдиган китоб берилганларга қарши, то улар бўйинсунган ҳолларида ўз қўллари билан “жизя” бермагунча, жанг қилинг”  (Тавба, 29).

Уларнинг фикрича ушбу ояти карима кофирларни оммавий қирғин қилишга ундайди. Улар бу каби ояти карималар айнан Расулуллоҳ кофирлар билан уруш ҳолатида турганларида ва жанг майдонидаги шароитда нозил бўлганини эътиборга олмайдилар. Шунингдек, бундай мутассиб жамоалар ақлий ва фикрий далил ҳужжатларни ҳам қабул қилмайдилар. Агар улар масалага  соғлом фикр билан ёндашсалар эди Аллоҳ таолонинг:           

“Роббингни йўлига ҳикмат ва чиройли мавъиза билан даъват этгин. Улар билан энг гўзал услубда баҳс юритгин”, (Наҳл, 125) деган ҳукмига ёки: 

“Динда мажбурлаш йўқ. Дарҳақиқат тўғри йўл нотўғри йўлдан ажради” (Бақара, 256) каби оятларини бузиб талқин қилмас эди. Улар бу каби ояти карима ва ҳадиси шарифларни муфассир уламолар ва муҳаддислар услуби билан ўрганганларида эди ақлини банд қилган бугунги зулматлардан халос бўлар ҳамда ғайридинларни ўлдиришдек манфур ишга қўл урмас эдилар.


Улар бу жоҳилликлари билан яна Расулуллоҳни “Башорат беринглар, нафратлантирманглар” деган тавсияларини ҳам бузмоқдалар. 

Сийратни қараб чиқсак, Расулуллоҳнинг бирор киши билан  хусуматлашиб юрганларини  тополмаймиз. Бу сўзимизга қарзини талаб қилиб келган яҳудий қиссаси ёрқин мисол бўлади. У одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб шундай қўполлик қилдики, ҳатто Умар розияллоҳу анҳу унинг бўйнига қилич тортиб юборай дедилар. Шунда Расулуллоҳ: “Эй Умар, биз сени бошқача йўл тутишингни истар эдик. Сен менга қарзимни чиройли ўташимни, уни эса чиройли муомалада бўлишини тайинла. Эй Умар, у билан бориб унинг қарзини қайтаргин. Кейин унга таҳдид қилганинг учун устига 20 соъ қўшиб бер”, дедилар. 

Агар биз Расулуллоҳни суннатларига, саҳобаи киромларни йўлларига тобе бўлсак, уларнинг барчасида бағрикенглик ва  мўътадилликка чақириқ, ғулув ва тажовуздан йироқ бўлишни учратамиз. 

Бундан ташқари пурмаъно ояти карималар мазмун-моҳиятини тушуниб етишдаги мутаассиблик, Исломнинг ғайридинлар билан ўзаро гўзал алоқалар ўрнатишга қаратилган таълимотларига эътибор бермаслик, динимизнинг бир қанча кўрсатмаларига нисбатан эътиборсизлик ва енгилтаклик ҳисобланади.
Улар ҳар томонлама чегарадан чиқиб кетдилар.   

Расулуллоҳ бир сўзларида “динда чуқур кетганлар ҳалок бўлди”, деган эдилар.

Имом Нававий ушбу ҳадиси шарифни изоҳлаб, динда чуқур кетиш – сўзда ва амалда ҳаддидан ошмоқ, чегарадан чиқиб кетиш, деб изоҳлайдилар.

 

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан Тоҳир Воҳидов таржимаси

 
Read 1742 times

Мақолалар

Top