Мақолалар

«Оммавий маданият» кўланкаси ёхуд қизингиз шарм-ҳаёдан узоқлашса…

Ўғлингиз кўзингизга тик қараб, ўз билганидан қолмаса… Неварангиз Амир Темуру Жалолиддинлар жасоратига, Бухорий ва Мотуридийлар заковатига эмас, аллақандай жангари ковбойлар ҳаётига ҳавас қилса… Кўзини экрандан узмайдиган қизчангиз Эсмералда бўлиш орзусида ёнса… Аслида шу эмасми биз хавфсираётган хуружнинг ҳаётимизга кириб келаётгани, маънавиятимизга таҳдид солаётгани…

Улкан “Титаник” кемасининг Атлантика уммонига ғарқ бўлиши ўтган асрнинг энг даҳшатли фожиаси сифатида тарихга муҳрланган эди. Янги асрга келиб, Тинч уммони соҳилларидан ҳам худди шундай бир мунгли ингроқ эшитилмоқда. Бу ингроқ назаримизда, XX аср фожиасидан кўра даҳшатлироқ, кўламлироқдир.

У мисли довул сингари масофаларни писанд этмай кириб келяпти. Оҳанрабодек авлодларни ўз домига тортмоқда. Буюк маданиятларни, тамаддунларни эврилиш нуқтасига олиб чиқмоқда. Бу янги, шайтоний “демократия” ниқобидаги “оммавий маданият” кўланкасидир.

Ғарбдан келаётган бу “маданият” қартайиб қолган миллат оҳидан, авлодлар орасидаги ришталарнинг узилаётганидан, ўзлигидан мосуво бўлиб, ахлоқсизлик ботқоғига қоришиб бораётган жамият фиғонидан дарак бермоқда. Эгоцентризм ғояларини тарқатиш, ахлоқий бузуқликни, зўравонликни тарғиб этиш, бир жинслилар никоҳи, порногрофиянинг очиқ-ошкора намойиши каби иллатларга ружу қўйиш Ғарб мамлакатларида оила деган муқаддас қўрғонни вайрон этиб, қадрият ва анъаналар тизгинини буткул издан чиқармоқда. Бу жараён Оврупада танасидаги битмас ярага айланди. Гапнинг индаллосини айтганда, бир вақтлар ҳар нарсанинг чегараси борлигини билган жамият бугун соғлом муҳитнинг издан чиқишига сабаб бўлаётган омилларнинг ҳаддан зиёд кўплигидан карахт аҳволда.

Статистик маълумотларга кўра, Британияда болаларнинг 34 фоизи никоҳсиз туғилмоқда.

Бир аср муқаддам Абдурауф Фитрат “Оила” рисоласида бу хусусда тўхталиб, “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга душманлик қилган бўлади”, дея таъкидлагани бежиз эмас. Маълум бўлишича, АҚШда жиноятга қўл уриб, қамалганларнинг ярмидан кўпи бузилган оилалар фарзандлари экан. Бу ҳолдан бугунги кунга келиб ўша ғарб дунёсининг ўзи ҳам ташвишга тушмоқда.

Бойлик, манфаат учун ҳар нарсадан кечганлар Ватан ва миллат олдида масъулиятни ҳис қилиш каби аслида муқаддас саналган туйғуларни сафсата деб билганлар, ниҳоят, энди бу тушунчаларнинг инсон боласи учун нақадар муҳим эканини англашяпти. Ишратпарастликни авж олдириш, феминистларча табиий никоҳни қулдорликка қиёслаш, меҳр-оқибат туйғуларидан кўра моддий манфаатни устун қўйиш тушунчалари ва бу тушунчаларни замон талаби деб ёйиш жамиятларни емирадиган маънавий инқирозга олиб келиши рўй-рост бўлиб қолди.

Бироқ, энг ачинарлиси, бу тарғибот “оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга эътиқод сифатида тиқиштирилаётганидир. Бу ниқоб ўз ўрнида яккаҳокимлик, яъни гегемонлик қутқусидан қутула олмаган кучларга янада қўл келиб, ўз таъсир доираларини кенгайтирди. Ўзидек юришга, яшашга, ўйлашга, улар каби фикрлашга, фақатгина ўзларининг измида юришга чорламоқда. Ҳеч бир анъанани тан олмай, руҳий дунёга кириб келмоқда. Оддийгина айтганда, манқуртларни тарбиялашга хизмат қилмоқда. Эътибор беринг, айримларимиз ота-онамизнинг гапига қулоқ солмаймиз. Эркинлик ҳар нарсани қилиш мумкин, дегани деб тушунамиз. Айрим оналар қизларини тўйларга, базмларга олиб бориб, умуман бегона, номаҳрам йигит билан валсга туширишни хоҳлаб қолади. Бойликни умр мазмуни деб тушунамиз.

Айнан мана шу жўн кўринган ҳодисалар “оммавий маданият”нинг турмушимизга қилаётган хуружидир. “Оммавий маданият” таҳдидидан холимиз дейиш анойилик бўлур эди. Негаки, биз ўртада масофалар тобора қисқариб бораётган, маданиятлар бир-бири билан муштараклашиб кетаётган дунёда яшамоқдамиз. Бу жараённинг бизга дахли йўқ, дейиш шамол тегирмонига қарши курашган Дон Кихотнинг аянчли қисматидек кулгили туюлиши аниқ. Чунки шамолни тўхтатиб бўлмайди, унга қарши ҳимояланиш мумкин, холос.

“Оммавий маданият”нинг турмушимизга таъсирини кўриш учун узоққа бориш шарт эмас. Ёнимизга, ўзимизга теранроқ назар солсак, кифоя. “Алпомиш”ни ўқиб савод чиқарган, пана-пастқамларда яшириниб, “Саботул ожизин”ни, Навоий асарларини, Имом Бухорий, Имом Термизий ҳадисларини, “Ўткан кунлар”ни мутолаа қилиб катта бўлган ота-боболаримиз ёшлигимизданоқ бизга “Уч оға-ини ботирлар” жасоратидан, “Тўғри ва эгри” қисматидан сабоқ беришар, қадим алёрлардан, маталлардан сўйлашарди.

Хўш, биз-чи? Ўғлимиз кимнинг қўшиғини эшитиб улғаймоқда. Экранда қўшиқ куйлаётган йигитнинг қилиқларига қаранг: у кимга тақлид қиляпти? “Оғзидан чиққан гапни қулоғи эшитмаётган”, бачканаликни самимий кулги деб ўйлайдиган, савиясизликни оммавийлаштираётган киноасарларга қаранг, ёнингизда “шортик” ва майкада юришни киборлик билиб, маҳалла гузарига чиқаётган “акахон”га разм солинг. Ёшгина келин-куёвнинг ота-она олдида қучоқлашиб турганига эътибор қилинг.

Ахир, қуюн каби остонамизга кириб келаётган бу унсурларга муносиб жавоб бериш учун маърифатпарвар бобомиз айтганидек: “Тарбия ё ҳаёт, ё мамот” йўли эканига амин бўлмоқ керак эмасми?

Тўғри, баъзан биз учун боламизнинг тунда санғиб юриши, қизимизнинг ярим яланғоч кийимда ёнимизда ўтириши, невараларимизнинг зўравонликни, жоҳилликни тарғиб қиладиган компьютердан кўз узолмаслигига кўникиб қолганимиз табиий ҳол бўлиб туюлиши мумкин. Лекин бундай “майда муаммо”лар бир кун келиб, катта ташвишларни, таҳдидларни келтириб чиқариши турган гап.

“Оммавий маданият”ни тиқиштираётганларни, ҳомийлик қилаётганларни кузатиш учун экрандаги бемаза кино ва мусиқаларни, газета дўконларининг ташқи суратларини безаб турган олди-қочди матбуотни кузатишнинг ўзи кифоя. Номақбул Ғарб ҳаётининг кўринишлари кино, мусиқа, мода, интернет орқали омма ҳаётига киришга уринмоқда.

Алҳамдулиллаҳ, биз оқни қорадан ажрата оладиган, маънавий жиҳатдан бой анъаналарга эга миллатмиз. Ўйлаймизки, ёш авлод “оммавий маданият” ниқобидаги бузғунчи мафкураларнинг мақсади нима эканини яхши тушунади.

Аслиддин СУЮНОВ, журналист

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан

Read 2269 times

Мақолалар

Top