Мақолалар

МАЪНАВИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Ўзбекистон азалдан хушманзара табиати, сўлим масканлари, халқимизнинг бетакрор анъаналари ва маданияти билан чет эллик сайёҳларни ўзига жалб этиб келган. Кўҳна обидалар, муқаддас қадамжолар, тарихий-маданий ёдгорликлар доимо сайёҳлар билан файзиёб бўлган. Кейинги йилларда бу анъаналар янада ривож топиб, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва ҳукуматимиз эътибори туфайли зиёрат туризми индустрияси ҳамда инфратузилмаси янги кўриниш, мазмун-моҳият касб этди.

Жумладан, юртимиздаги йирик зиёратгоҳлар, шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий меросларини дунёга кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали имом-хатибларимиздан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилди. Эндиликда ушбу гуруҳ режа асосида Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия ва Покистон каби давлатларга юборилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 9 декабрь куни туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилди. Йиғилишда, шунингдек, соҳада амалга оширилиши керак бўлган қатор вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур АҲМЕДОВ билан суҳбатимиз юртимизда зиёрат туризми йўналишида олиб борилаётган ишлар хусусида бўлди.

Зиёрат туризмига бўлган эътибор қай даражада? Ўзбекистоннинг бу борадаги салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

Аввало, бир жиҳатни алоҳида қайд этишни хоҳлардим. Бугун бутун дунёдан Ўзбекистонга ташрифлар ҳар томонлама фаоллашган. Юртимизнинг машҳур зиёратгоҳ, қадамжо ва тарихий объектларига сайёҳларни жалб қилиш орқали мамлакатда туризмни ривожлантириш ҳам шу соҳадаги муҳим қадамлардан биридир.

Маълумки, Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакатдан бири ҳисобланади. Ана шу жиҳатдан, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг номоддий маданий репрезентатив мероси рўйхатига киритилган.

Ўз навбатида, мусулмон оламининг машҳур олимлари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Беруний, Форобийлар Ўзбекистон ҳудудида яшаб ижод қилгани ҳам мамлакатда зиёрат туризмини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, Ўзбекистон азалдан кўплаб маданиятлар ва цивилизациялар ўчоғи бўлган, бу ерда барча дин вакиллари аҳиллик ва ҳамжиҳатликда яшаб келган. Шу сабабли ҳам ислом, ҳам буддавий ва насроний динлари билан боғлиқ ноёб ёдгорликлар кенг кўламда сақланиб қолган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказида жойлашган бой маданий ва тарихий меросга эга давлат ҳисобланади.

“Crescent Rating” таҳлилларига кўра, 2026 йилга бориб юртимизга зиёратга келадиган мусулмон сайёҳлар сони 230 миллионга етади. Ўзбекистоннинг кўп асрлик ислом меросини ҳисобга олсак, зиёрат туризмини ривожлантириш мамлакат учун катта истиқболга эга.

Давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ана шу муҳим жиҳатлар, хусусан, зиёрат туризмини ривожлантириш ва унинг истиқболлари бўйича тегишли ташкилотлар олдига аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Видеоселектор йиғилишида буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган саккизта буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат, бизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича бошқа мамлакатларда мавжуд бўлмаган кенг имкониятлар бор. Бугун ана шу имкониятлар эшигини очиш, уни дунёга тараннум этиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Бугун дунёда зиёрат туризми жадал ривожланмоқда. Жумладан, мамлакатимизда туризмнинг мазкур турига давлатимиз раҳбари томонидан фармон ва қарорлар доирасида эътибор қаратилаётгани, айниқса, қувонарли. Мазкур йўналиш бўйича Дин ишлари бўйича қўмита томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Пандемия шароитида тўхтаб қолган зиёрат туризмини ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирларни 2021 йилда янада кенгроқ кўламда амалга ошириш бўйича жадал иш олиб боряпмиз.

Жумладан, юртимиздаги йирик зиёратгоҳлар, шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий меросларини дунёга кенг тарғиб қилиш мақсадида тажрибали имом-хатибларимиздан иборат тарғибот гуруҳи шакллантирилди. Эндиликда ушбу гуруҳ режа асосида Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия ва Покистон каби давлатларга юборилади.

Шу ўринда, зиёрат туризми ва алломаларимиз меросини тарғиб қилишга оид бир қанча альбом-проспектлар, китоб ва рисолалар тайёрланиб, нашр ишлари бошлаб юборилди. Албатта, ушбу материаллар турли тадбирлар ва кўргазмаларда намойиш этишга мўлжалланган бўлиб, тарғиботчиларимиз фаолияти учун ҳам муҳим дастурил-амал бўлиб хизмат қилади.

Кези келганда, эришилган амалий натижалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. 2021 йилда россиялик зиёратчиларни Ўзбекистонга қабул қилиш бўйича ҳамкорлик дастури тасдиқланди. Ҳозирда ҳар бир МДҲ давлати масъуллари билан шу тарзда алоҳида видеомулоқот ўтказиш режаси ишлаб чиқилди.

Кўпчиликка маълумки, Покистонда Нақшбандия тариқати вакиллари сони кўпчиликни ташкил этади. Шунга кўра, нақшбандия тариқати етакчиси Муҳаммад Нақиб ур-Раҳмон билан ҳамкорликда 2021 йилда покистонлик зиёратчиларнинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига ташриф режаси ҳам ишлаб чиқилди. Шунингдек, Қозоғистондан Яссавия тариқати вакилларини Тўлабий ота, Шайх Хованд Тоҳур ва Сузук ота зиёратгоҳларига олиб келиш ишлари бўйича ҳам келишувга эришилди. Айни кунларда, зиёрат туризми йўналишида Ҳиндистон, Россия ва Кавказ мусулмонлари, Индонезия, Малайзия, Покистон, Мисрдан зиёратчиларни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

Яқинда туркиялик ҳамкасблар билан бўлиб ўтган музокарада Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига зиёратларни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм имкониятлари ҳақида ҳамкорликда китоб-альбом тайёрлаш, Туркиядаги Нақшбандия тариқати вакилларининг Ўзбекистонга зиёратини амалга ошириш ҳамда қадимий обидалар, тарихий шахслар ҳақида махсус кўрсатув, фильм ва телесериаллар тайёрлаш юзасидан келишиб олинди.

Саудия Арабистонидаги ҳамкор ширкатлар билан Индонезия, Покистон ва Малайзия давлатлари зиёратчиларини Ўзбекистон орқали Умра сафарига олиб бориш бўйича ҳам амалий саъй-ҳаракатлар бошланган.

Ўзбекистонга зиёрат мақсадида ташриф буюраётган сайёҳлар орасида қайси мамлакат фуқароларининг қизиқиши юқори?

Туризмнинг айнан шу тури бўйича Туркия, Индонезия, Малайзия, Россия, Покистон, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Европа ва араб давлатлари фуқароларида қизиқиш жуда катта.

Албатта, Ўзбекистон бу соҳада инфратузилмавий ривожлантириш ишларини амалга оширмоқда. Жумладан, Президентимиз томонидан ушбу соҳани фаол ривожлантиришга қаратилган фармонлар имзоланди ва туризм миллий иқтисодиётнинг стратегик соҳасига айланди. Туркия, Малайзия, Индонезия ва Покистон давлатларининг турдош вазирликлари билан зиёрат туризми соҳасида шартномалар имзоланиб, икки томонлама алоқалар фаол ривожлантирилмоқда.

— Зиёрат туризми билан юртимизга келаётган сайёҳлар учун меҳмонхоналарда қандай шароитлар яратилган?

— Республикамиздаги барча меҳмонхоналарда мусулмон сайёҳлар талабларини қондириш мақсадида жойнамоз, Қуръон ва қибла кўрсаткичи ўрнатилиши таъминланган. Шунингдек, “Muslim-Friendly Hospitality” Мусулмон меҳмондўстлиги халқаро стандарти асосида бугунги кунда сайёҳлик йўналишлари бўйлаб 20 га яқин меҳмонхона қурилиши олиб борилмоқда.

—     Гид-таржимонларнинг тил билиши муҳим, бироқ зиёрат туризмида муқаддас қадамжолар билан боғлиқ диний ва замонавий билимлар ҳам керак. Шу маънода кадрларни ўқитиш ҳам масаланинг муҳим жиҳатларидан бири саналади.

—     Албатта, бу соҳа етук тил малакаси билан бирга гид-мутахассисларимиздан диншунослик, исломшунослик, ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияси каби фанлардан билимларни талаб этади. Мутахассис-гид хорижий зиёратчиларнинг қайси давлатдан экани, уларнинг маданияти, эътиқодий қарашлари, мазҳаби ва тариқатини инобатга олган ҳолда зиёратчилар учун маълумотларни мазмунли етказиши зарур.

Худди шу йўналишда Ўзбекистон халқаро ислом академияси мутахассислар тайёрламоқда. Жумладан, ушбу олий ўқув юртида зиёрат туризми йўналишида талабаларнинг қабули ташкил этилган бўлиб, исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш — ISESCO ҳамда UNESCO ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш кафедралари фаолият юритмоқда. Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университети ҳам бу соҳада малакали кадрлар захирасини етиштирмоқда.

Зиёрат туризми билан мамлакатимизга келаётган сайёҳларнинг йиллик ўртача сони қанча?

Юртимизга Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлардан 2018 йилда 5,1 миллион, 2019 йилда 6,7 миллион сайёҳ келган. Пандемия тугагандан сўнг, 2021 йилда ушбу кўрсаткич кескин ортиши кутилмоқда.

Айниқса, “Умра+” йўналиши (Умра ибодатини амалга ошириш учун Саудия Арабистонига Ўзбекистон орқали сафар қилиш) Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва Ислом цивилизацияси тарихидаги ўрни сабабли йирик потенциалга эга лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Бу борада Индонезия, Малайзия, Покистон, Туркия вазирлик ва идоралари билан жадал ишлар олиб борилмоқда. Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб тарқалиб, Саудия Арабистони чегараларни ёпгунга қадар, Индонезия ва Малайзия давлатларидан илк гуруҳларнинг Бухоро, Самарқанд ва Тошкентдаги зиёрат масканларига ташрифлари ташкил этилди. Ушбу зиёратчилар “Умра+” дастурига биноан юртимиздаги 3-4 кунлик зиёратдан сўнг Умра учун Саудия Арабистонига жўнаб кетиши йўлга қўйилди. Албатта, бу ишлар Саудия Арабистони Умра дастурини тиклагандан кейин давом эттирилади.

Зиёрат туризми бўйича олиб борилаётган тадқиқот ишлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий олий ўқув юртлари, тадқиқот марказлари томонидан бу йўналишда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб олий мадрасаси ҳамда республикамиз олий таълим муассасалари ва тадқиқот марказларида зиёрат туризми мавзусида PhD ва DSc илмий унвонлари бўйича академик тадқиқотларини олиб бораётган 100 дан ортиқ тадқиқотчи мутахас-сислар мавжуд.

Шунингдек, тадқиқотчиларимиз Россия (Булғор ислом академияси), Туркия (Ислом тарихи, санъати ва маданияти маркази), Миср (Ал-Азҳар университети), Буюк Британия (Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази) ва АҚШнинг турдош тадқиқот марказларида ҳам ўз илмий изланишларини олиб боряпти.

Зиёрат туризмини ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари орасида туризм йўналишидаги ўрнини мустаҳкамлаш, муносиб ўринга олиб чиқиш, қолаверса, дунё аҳлига юртимизнинг нақадар бой тарих ва маданиятга эга эканини кўрсатишдир.

“Янги Ўзбекистон” мухбири Башорат ЮНУСОВА суҳбатлашди.

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси,

2021 йил 1 январь, 1-сон

Read 1883 times

Мақолалар

Top