Мақолалар

Юрт тараққиёти – ёшлар тарбияси ва халқ соғлиғига боғлиқ

Илм ва тафаккур инсонни маънавий ва моддий юксакликга чорлагани каби Ренессансга кишиларни илм ва тафаккур даражаси буюк инсонлар етаклайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида 40 дан ортиқ соҳа бўйича илмий асосга эга бўлган кенг қамровли нутқ қилди. Жумладан, у киши халқимиз учун бугунги даврнинг муҳим вазифаларини баён қилар экан: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”,  дея мақсадлар моҳиятини  белгилаб берди. Бунга барча моддий имкониятлар, соғлиқни сақлаш соҳаси, таълим-тарбия йўналтирилишини таъкидлаб ўтдилар.

Юртбошимиз Ўзбекистон халқини, айниқса, ёшларни уйғонишга, буюк аждодларнинг инсоният тарихида қолдирган илмий асарлари, куч-қудратини англаб етиб, уни чуқур ўрганган ҳолда бугунги ҳаётга татбиқ қилишга чақирди.

Шу ўринда тилимизда “уйғониш”, “қайта туғилиш” маъноларини англатувчи “Ренессанс” сўзи ҳақида тўхталиб ўтсак. Бу сўз франсузча бўлиб, унинг мазмуни анча кенг: маданият, илм-фан, санъат, таълим-тарбияда узоқ муддатли турғунликдан кейин қайта жонланиш демакдир. У ўзбек тилига “Уйғониш даври” деб таржима қилинган. 

Бу сўз австриялик атоқли шарқшунос Адам Меснинг 1909 йилда “Мусулмон ренессанси” номли фундаментал асари чоп этилгандан сўнг илмий асосларга эга бўлди.

Ренессанс – халқларнинг илм ва тараққиёт бобида, моддий ва маънавий жиҳатдан юксалиши демакдир. Ривожланишнинг асоси инсон фактори билан бўлади. Инсоният ўз илми ва тажрибаси билан  комиллик  сари  интилмаса, таназзулга учрайди.  

Тарихда боболаримиз илмий кашфиётлари билан қуёш мисол нур сочган эди. Давлатимиз раҳбари бу ҳақда: “Бой тарихимиз дурдонаси бўлган маданий меросимизни асраб-авайлаб, келажак авлодлар учун безавол етказишимиз зарур. Ҳозирги вақтда уларнинг сони 7 мингдан зиёдни ташкил этади”, деди. Ёшларимиз буюк боболарига муносиб авлод бўлишлари учун аждодлар етишган илм манбаларини ўрганиши  шарт.

Бизнинг бойлигимиз юксак иқтидорга эга бўлган ёшларни тайёрлашдир. Улар буюк аждодларига муносиб ўринбосар бўлиши мумкин. Бунинг учун уларни қўллаб-қувватлаб, барча зарур шароитларни яратиб беришимиз керак.

Ҳар бир жамиятнинг келажаги қандай бўлиши ёшларига берган эътибори ва тарбиясига боғлиқ. Бу борада Юртбошимиз: “Катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, ёшларимиздаги ғайрат – шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз”, деди.

Пандемиянинг оғир кунлари бошимиздан ўтади. Қийинчиликлар ҳам ҳал бўлади, иншоаллоҳ. Аммо ёшлар таълим-тарбиясига эътибор бермаслик жуда оғир асоротларга олиб келади, балки барча нарсалар бой берилади.

Биз аждодлар ва фарзандларимиз ўртасида кўприк вазифасини ўтаймиз. Демак, ёшларимизда буюк ўтмишга нисбатан муҳаббат уйғота олишимиз керак.  Моддий ва маънавий юксакликга эришишда муваффақият икки нарсага: ёшлар тарбияси ва халқимиз соғлиғини сақлашга боғлиқ.

2021 йил Президентимиз таклифи билан “Ёшларни қўллаб -қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш”, деб аталди. Бу шарафли ишда ҳар бир юртдошимиз онгли тарзда жипслашиб, фаолият кўрсатиши лозим.

Абдумутал Отабоев,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Жиззах вилояти вакили ўринбосари

Read 1910 times

Мақолалар

Top