Мақолалар

Муфтий ҳазрат ҳаётига чизгилар (3-қисм)

(Давоми, 1-қисм, 2-қисм) 

Кўп таҳлил ва мушоҳадаларим асосида айтишим мумкинки, советнинг динсиз мафкураси даврида ислом дини, эътиқод масалаларининг бардавомлигида эшонбоболар, саноқли аҳли илмларнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида ўрин тутиб келган. Қайси бирлари бу йўлда жонини тиккан, яна қай бирлари соғлигини гаровга қўйиб дин учун хизмат қилиб ўтишган. Илоҳий илмни тарқатиш, оммани ахлоқий тарбиясини таъминлашга камарбаста бўлганлар ва бунга эришганлар ҳам. Тасаввур қилинг, бутун бир мамлакат худосиз,  мансабга ўтиришининг асосий имтиҳони “дин – афюн, худо йўқ” деган сўзларни такрорлашдан ибрат бўлган. Мамлакатнинг бош мафкураси, матбуоти, таълим-тарбия  концепциясида шу таълимот ҳукмрон эди. КГБ, ички ишлар, прокуратура органлари ҳам зўр бериб худосизликни тарғиб қиларди. Мабодо, қаердандир динга тарғибот бўлаётганини билишса, ўша диндорлар қаттиқ жазоланган. Қамоққа ёки  сургун азобига дучор бўлганлар. Бу ишлари учун халқ орасидан хуфялар, қулоқлар ёлланган: улар етказган маълумотлари эвазига мукофотлар ва имтиёзларга эга бўлишган. Шу қалтис даврда ҳам имонли, тақводор, асл эшонбобо ва аҳли илмлар бошларини кундага қўйиб бўлса-да,  Аллоҳ  олдидаги масъулиятини,  йўлини топиб бажарганлар. Улар том маънодаги мазлумлар эди. Мазлумнинг дуоси ижобат деган ҳадис бор. Яқиндагина қайсидир бадбахт, Расулимиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёмон фикр билдирди. Оламда мусулмон борки, у қайсидир маконда яшамасин, бу ифлоснинг иддаосига тили билан ҳам дили билан ҳам қаршилик қилди. У пайтлар эса дин афюн деса ҳам худо йўқ деса ҳам Расулуллоҳга хоҳлаган туҳматини қилса ҳам мусулмонлар жим эди. Олий ўқув юртларда, мактабларда  атеистик ташвиқот очиқчасига, давлат ҳимояси остида қилинарди. Рамазон ойи бошланиш арафасида бутун матбуот рўзага қарши фаолиятини бошлар, минглаб врачлар рўзанинг инсон соғлигига “зарар” экани ҳақида маърузалар ўқирди. Аллоҳ таоло, динимиз, унинг аҳкомларига ва Пайғамбар алайҳиссаломга кўр-кўрона тош отиб, маломатлар қилишарди. Ким бу нокасларни бу разил ишдан қайтарарди? Ҳеч ким! Ўша пайт маълум маънода уларнинг ташвиқотларига юрганлар, алданганлар, динига мусулмонлилигига бепарво бўлганлар талайгина бўлган. Қама-қамалар, жисмоний ва маънавий таъсир ўтказиш тажрибасини ўз танасида синаб кўрган,  калтакланиб, соғлигидан ажралган юртдошларимизни санаб саноғига етиш мушкул. Мана шу мушкулотлар қаршисида иймон ва эътиқод борасида бардам туриб берган қатъиятли инсонлар боис Аллоҳ бизга динимизнинг моҳиятини тўла-тукис берадиган илм ва эътиқодни насиб қилган бўлса не ажаб. Шунинг учун   халқимиз уларни қоридодалар, махдумлар, тўралар,  махсумлар, хўжалар, саййидлар, эшонбоболар деб эъзозлаб, ҳар доим иззат-икромда, керак пайтда ҳимоясига олиб юришди. Ҳаммаларидан Аллоҳим рози бўлгин!

***

Эшон ва мурид, мурид киму мухлис ким, деган мавзуда отам бот-бот ўзларининг хотираларини сўзлаб берардилар. Ёдимда айтганлари: “Йил оралатиб, қишлоғимизга эшонбоболар келарди. Собиқ шўро сиёсатига соме бўлган кишилар буни "мурид овлаш" деб киноя билан тилга олишган. Эшакка ортилган хуржунда тасбеҳ, исломнинг беш аркони содда ва равон тарзда баён этилган рисолалар ва яна қандайдир ҳадялар бўларди. Бир кун бир кишиникида, иккинчи кун унисиникида, хуллас бир ҳафта турарди. Енгил зиёфат, ўн-йигирма киши йиғилиб ҳозирги тилда айтилганда амри маъруф эшитар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар оларди.  Қишлоқ аҳлининг қарғишидан қўрқибми, хуфялар ҳам хабар беришмаган ё фойдаси йўқ дейишганми, ишқилиб тинчликда ўтарди. Мажлис охирида арзимас пулга китоб ё тасбеҳ олардик”.

Ўйлаб қоласан киши, бутун мамлакат динга қарши бўлган замонда, улар бу рисолаларни қандай йўл билан нашр қилган? Уни қўрқмасдан олиб юрган ва тарқатган?. Амри маъруф қилишгани-чи?  Ўша даврда оталаримиз жума намозини ўқиш учун вилоят марказига боришган. Саноқли масжид, саноқли одамлар... Маъруза эшитишган, маълум маънода ўзлари учун илм олишган. Аммо аксар, 99 фоиз мусулмон бўлган қишлоқ аҳолиси-чи?  Шунинг учун эшонбоболар, қоридодалар, махдумлар, тўралар, махсумлар, хўжа-саййидлар, аҳли илмлар буни идрок қилишган ва ўзлари учун хатарнок бўлса-да Аллоҳ олдидаги мажбуриятларини бажаришган. Гоҳида фикр қиласан киши, ҳозирда интернетда қайсидир ўтган олимнинг сўзини ёки ўзимиз ўқиган нималардандир қўйиб савоб умидида лайкни кутамиз. Лайк сони кўпайса  савобга эришаяпман, деб хурсанд бўламиз. Ўша пайтдаги ҳолат билан ҳозиргисини бир таққослайлик-чи? Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари бошларига тўқмоқ бўлиб ёғилиш эҳтимоли бўлган, шуни биламизми? Ўша улуғларимизнинг саъй-ҳаракатлари, дуолари самараси ўлароқ жамиятимизда минглаб қорилар, олимлар, миллионлаб намозхонлар, динини, Аллоҳни ва унинг Расулини севадиган авлод пайдо бўлганини-чи, шуларни ҳис қиламизми?! 

Барча-барчаларингиздан розимиз ва Аллоҳни раҳматини сўраймиз. Сизлардан миннатдормиз ва сизлар қилаётган дуоларимиздан баҳраманд бўлаяпсизлар деб умид қиламиз. Шулар қатори ҳазратнинг оталари Темирхон эшон бобонинг ҳам саъй-ҳаракатларидан қанчалаб кишилар баҳраманд бўлиб, иймон ва эътиқод, ҳидоят топиб тўғри йулни танлашган. Бунинг самараси эса динга, халққа, ватанга хизмат қилувчи авлодларни Аллоҳ кўпайтириб берди.

***

Ўша пайтлари каттароқ лавозимда ишлаган бир укамизга ҳазратга бўлган ҳурмат ва эҳтиромим эриш туюлган шекилли: “Дилмурод ака, нима мунча эшонбобо, ҳазрат-ҳазрат деяверасиз, – деб қолди. “Бизга шундай дейиш буюрилган”, деб қўя қолдим. Унга ортиқча изоҳнинг ҳожати йўқ эди. 

Аллоҳ раҳмат қилсин, отам умри давомида аҳли илмларни, эшон боболарнинг ҳурмат эҳтиромини қилиб ўтди. Сабабини у киши, динимизга тазйиқлар, диндорларга таъқиблар бўлган кезлари ҳам улар халққа шариат қоидаларини ўргатишдан чекинмадилар, деб изоҳлар эдилар. Ўшалар ёйган илмларнинг барокатидан бизлар, фарзандларимиз, невараларимиз то қиёматга қадар  исломда иншааллоҳ собитмиз, дердилар. 

Айтингчи ибодат, эътиқод ўлароқ яхшилик мукофоти нима бўлади?. Ахир ҳазратнинг  динимизга, мўмин мусулмонларга қилаётган хизматларини кўриб туриб ҳам ҳурматларини жойига қўймасам, эъзозламасам, кимман? Такаббурлик ёмон иллат, бу нарса ҳозирда аксар ёшларимизнинг ҳатти-ҳаракатларида, гап-сўзларида, бирор-бир киши  ёки нарсаларга бўлган муносабатида бўртиб, кўриниб қолмоқда. Бугун аҳли илмлар, уламоларни тан олмаган авлод, эртага отасини менсимаслиги мумкин. Сабаби, у зомбига айланиб боради. 

Отам раҳматликнинг аҳли илмлар, динимиз, уламоларимизга билдирган эҳтиромини мен ҳам муносиб давом эттириб келяпман, бу – масаланинг бир жиҳати. Яна бир жиҳати: буни фарзандларим, набираларим ҳам бардавом этишларига масъулман.   

***

Ҳазрат, ҳар бир ишда янгилик қилиш ва унинг  давомий  бўлишини истар, йўл ва имкон ахтарар эдилар. У киши муфтий лавозимига тайинланмасларидан олдин, Қуръон мусобақаси ислом билим юртлари талабалари ўртасида, мадраса хоналаридан бирида ўтарди. Ва бу ҳисобот кўринишига ўхшарди. Бир  куни ҳазрат мени чақириб, Қуръон мусобақаси  каттароқ ва муҳташамроқ, мусобақа бўладиган жой эса чиройли дизайн  ва мукаммал  сценарий  асосида бўлишини ва малакали тасвирчилар, монтаж  усталари керак бўлса рассомларни жалб қилиш лозимлигини таъкидлаб, топшириқ бердилар. Бу ишни аъло даражада қилиш мумкин, аммо моддий томондан муаммолар бўлишини айтганимда, ҳазрат бу ёғидан хотиржам бўлишимни уқтириб, иш  бошлашимизга фотиҳа бердилар.

Жараён бошланди, шу асно билдимки у киши аввалбошдаёқ бу тадбир учун кетадиган харажат масалаларини тегишли масъулларга тайинлаб қўйган эканлар. Биринчи Қуръон мусобақаси Тошкентдаги “Собитхон ҳожи” масжидида бўлиб ўтди. Тадбир бежирим дизайн асосида жило берилган масжид хонақоҳида, мухлис томошабинлар иштирокида чиройли тарзда ўтди. Тасвирга олиш гуруҳи эса малакали мутахассислардан иборат эди. Ижодий гуруҳнинг ишидан хурсанд бўлган ҳазрат, асрдан кейин олдиларига киришимни сўрадилар. Кирдим. Анчагина пул бериб,  “бу ўзимнинг жамғармамдан,  ишлаганларга мукофот тариқасида тарқатинг ва менинг ташаккуримни етказинг, дедилар. Бир нарсани эслатишим керак, у пайтларда диний тадбирларда қилинаётган ҳар қандай янгилик қаттиқ цензурадан ўтарди. Масалан, интернетда идора сайтига бирор янгилик ёки хабар қўймоқчи бўлсак, икки-уч жой кўригидан ўтказиб, сўнг эълон қилардик. “Ахборотнинг тезкорлиги қаерда қоларди, идоранинг имиджи, нуфузи” деган масалалар уларни зиғирчалик қизиқтирмасди. Қуръон мусобақасини чиройли тарзда ўтказишда ҳам баъзи инсонлар, ташкилотлар хуфялари ё укахонлари томонидан  огоҳлантирилганини мен ҳам, ҳазрат ҳам билардик. Иш манфий томонга ўзгариши ҳам мумкин эди. Аммо ҳазрат тап тортмасдан ўтказди. Нима қилдилар, кимга нима дедилар, тўғриси менга қоронғу. Фақат, Ўзбекистоннинг юз йиллик тарихида мисли кўрилмаган мана шу тадбир амалга ошди. Шу-шу Қуръон мусобақаси дабдаба, ўзига хос, чет элдаги мусобақалар кўринишида давом этаверди

***

Ҳазрат, бир куни мени ҳузурларига чорлаб: “Дилмурод, медиа марказ очамиз. Идора учун зарур.  Имомларимизни маърузаларини, ўтган уламоларимиз ҳақида филъмлар, "Муслим.уз" сайтимиз учун видео ролик, материаллар тайёрлайсизлар. Сарф-харажатларини Рустам билан ҳисоблаб чиқинглар; хоналар ажратсин; малакали тележурналистлар, шу соҳанинг билимдонларини топиб, шартнома тузиб, менга ҳисоботини беринглар, – деб тайинладилар.

Бу ажойиб таклиф ва имконият эди. Мана-ман, деган вазирликлар бюджетида хоҳлаганича моддий таъминоти мавжуд, аммо бу каби на режаси ва на лойиҳаси бор. Ташаккур сизга ҳазрат!  Аллоҳ сиздан рози бўлсин! Дин ташвишидаги бу ишларингиз мақбул  бўлсин!  

Ҳазрат тайинлаган ҳамма ишлар тез ва  қисқа муддатда  бажарилди. Ижодий гуруҳ учун хоналар,  телемаҳсулотларнинг олди бўлган камералар, чироқлар, монтаж  хоналар – барча-барчаси мукаммал қўйилди. Файзулохон бошчилигидаги тасвирчи, режиссёр ва монтаж усталари жам бўлишган бўлса,  Илҳом  Жуманов атрофида моҳир журналистлар йиғилишган эди. Бу ижодий гуруҳ билан анчагина ишлар қилинди. Аммо яна эски ўйин: қайсидир идоранинг қайсидир амалдорига бу ишлар хуш ёқмади. Нимаси ёқмади, бизга номаълум, эҳтимол ҳадемай махсус телеканал очишимиздан чўчишгандир, қайдам. Ҳар нима бўлганда ҳам ишлагани қўйишмади. Бу сафар ҳазратнинг аралашувлари ҳам ёрдам бермади. Тепароқдан акс-садо бўлган бўлса  керак. Анчагина ўзимга келолмай юрдим. Ҳазрат хоналарига чақириб: “Хафа бўлманг, ҳаракат ва амалларни қилдик. Аллоҳ таоло билиб турибди. Улар билан тортишиш, баҳслашиш умуман бефойда. Кези келганида ўзлари жавоб беришади, дея мени юпатган бўлдилар-у, бироқ  ўзлари ҳам тараққиёт йўлига ғов бўлганлардан ниҳоятда зада бўлганликларини, озорланганликларини юз ва кўзларидаги маъюс ҳолат ифода этиб турарди. 

(давоми бор)

Дилмурод Қўшоқов

Read 2333 times

Мақолалар

Top