Мақолалар

Абу Ҳанифа

У киши Нўъмон ибн Собит ибн Зуто ибн Моҳ Таймуллоҳ ибн Саълабанинг озод қилган қули. Бошқа ривоятда айтилишича: у киши ҳур форсларнинг авлодидандир. У кишининг набиралари Исмоил ибн Ҳаммод айтадилар: биз ҳур форсларнинг авлодлариданмиз, Аллоҳга қасамки бизнинг аждодларимизнинг ҳеч қайсиси қул бўлган эмас. Бобом Нўъмон саксонинчи йил туғилганлар. Катта бобом Собит ёшлик чоғларида ҳазрати Алининг ҳузурларига борганларида, у киши бобомнинг ҳақларига ва у кишининг фарзандлари ҳақларига барака сўраб дуо қилган эканлар.

Баъзи уламолар Абу Ҳанифани табаа тобеъинлардан дейдилар. У киши тўртта саҳоба билан замондош бўлганлар. Анас ибн Молик билан Басрада, Абдуллоҳ ибн Абу Авфа билан Куфада, Саҳл ибн Саъд ас-Саъидий билан Мадинада, Абу Туфайл Омир ибн Восила билан Маккада бир даврда яшаганлар, лекин уларнинг бирорталари билан ҳам учрашмадилар. Баъзи уламоларнинг фикрига кўра Анас ибн Молик билан учрашганлар ва у кишидан: “Илм талаб қилишлик ҳар бир мусулмонга фарздир”, деган ҳадисни ривоят қилганлар.

Тўқсон олтинчи ҳижрийда оталари билан ҳаж қилдилар ва Масжид ал-Ҳарамда саҳобий Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жуз аз-Зубайдий билан учрашдилар ва у кишидан: “Кимки Аллоҳнинг динини чуқур ўрганса, унинг дунёвий ишларига Аллоҳнинг ўзи кифоя қилади ва у ўйламаган томондан унга ризқ етказиб беради”, деган ҳадисни эшитганлар. Мана шу ривоятга кўра у киши тобеъинлардандир.

Абу Ҳанифа ҳадисларни Ато ибн Абу Рабоҳдан, ибн Умарнинг озод қилган қули Нофеъдан, Қатодадан ва ўн саккиз йил хизматларида бўлган Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан ривоят қилганлар. Фиқҳни эса Ҳаммод ибн Абу Сулаймондан, у киши Алқама ан-Нахаийдан ва Асвад ибн Язиддан, улар ибн Масъуддан ўрганганлар.

Абу Ҳанифадан фиқҳни Абу Юсуф, Муҳаммад ибн ал-Ҳасан, Зуфар, Ҳасан ибн Зиёд ва бошқалар ўргандилар. Ҳадисни эса Вакиъ ибн Жарроҳ, ибн Муборак ва бошқалар ривоят қилишди.

Абу Ҳанифа ипакчилик билан шуғулланар, Куфада ипакдан тўқилган матоларни сотар эдилар. Чиройли муомала билан, харидорнинг ҳаққидан уриб қолишликдан нафратланишлари билан танилган эдилар.

У киши чиройли юзли, одамшинаванда, сахий, тақводор ва фақат билган нарсаларини гапирадиган ишончли киши эдилар. У кишини чиройли эътиборлари, аниқ қарашлари ва қиёслари фиқҳда мукаммал эканликлари ва шу бобда имом бўлганликлари тан олинган. Ибн Муборак айтадилар: фиқҳда энг кучли киши Абу Ҳанифадир, мен фиқҳ бобида у кишига тенг келадиганини кўрмадим. Яҳё ибн Саъид ал-Қаттон айтадилар: “Биз ёлғон гапирмаймиз, Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифанинг фикридан кўра яхшироғини ҳеч ҳам эшитмаганмиз. Биз ҳам у кишининг кўпгина гапларини олганмиз”. Шофеъий дедилар: “Инсонлар фиқҳ бобида Абу Ҳанифага муҳтождирлар”. Назр ибн Шамил айтадилар: “Одамлар фиқҳ бобида ҳали уйқуда ётган вақтларида Абу Ҳанифа келиб ўз фиқҳи ва баён қилган нарсалари билан уларни уйғотди”. Жаъфар ибн Робеъ айтдилар: “Мен Абу Ҳанифа билан беш йил бирга турдим, у кишидан кўра узоқ сукут сақловчи кишини кўрмадим. Агар у кишидан фиқҳдан бирор нарса ҳақида сўралса, очилиб кетар ва водийдан келаётган селдай қуйилар эдилар”. Абу Юсуф айтадилар: Мен Абу Ҳанифа билан бирга кетаётган эдим. Йўл четида икки киши гаплашиб турган экан. Бизни кўрганларидан кейин, бирлари иккинчиларига қараб: “Мана бу Абу Ҳанифа кечалари билан ухламай ибодат қилиб чиқар экан”, - деди. Абу Ҳанифа бу гапни эшитиб қолдилар ва “Ҳали мен тўғримда мен ўзим қилмайдиган ишни гапириб юришибдими”, - дедилар ва шундан кейин кечаларни бедор ўтказадиган бўлдилар. Ҳасан ибн Амора Абу Ҳанифа вафот қилганларида у кишининг жасадларини юва туриб: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин. Ўттиз йил рўза тутиб бирор марта ҳам рўзангизни очмадингиз, қирқ йил ёнбошингиз ёстиқ кўрмай кечаларни ўтказдингиз. Ўзингиздан кейингиларни кўп толиқтирдингиз, қориларни эса лол қолдирдингиз ”, - деди.

Ироқ валийси ибн Ҳубайра Абу Ҳанифани Куфанинг қозиси этиб тайинламоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бу таклифни рад қилдилар. Оқибатда у кишини юз дарра урдирди, Абу Ҳанифа эса ўз гапларида маҳкам турдилар. Буни кўрганидан кейин волий у кишини ўз ҳоллларига қўйди. Аббосий халифалардан бўлмиш Мансурнинг замони келганда, у Абу Ҳанифани Куфадан Бағдодга юборди ва у кишини ўша ернинг қозиси этиб тайинламоқчи бўлди. Абу Ҳанифа таклифни рад эттилар. Мансур Абу Ҳанифани қози этиб тайинлашга қасам ичди, Абу Ҳанифа ҳам қози бўлмасликка қасам ичдилар. Шунда Ар-Робиъ ал-Ҳожиб: “Кўрмаяпсизми амирул мўъминин қасам ичяптилар”, - деди. Абу Ҳанифа: “Амирул мўминин менга қараганда каффорот беришликка қодирроқдир”, - дедилар.

Ар-Робиъ ибн Юнус айтадилар: Мен амирул мўминин Мансурни  Абу Ҳанифа билан тортишаётганларини кўрдим. Абу Ҳанифа Мансурга: “Аллоҳдан қўрқ, омонатингга фақат Аллоҳдан қўрқадиган кишини шерик қилгин. Аллоҳга қасамки, мен сени рози қилолмайман, бас шундай экан, қандай қилиб сенинг ғазабингдан омон бўлишим мумкин? Мени бу ишга салоҳиятим йўқ”, - дедилар. Шунда Мансур: “Ёлғон гапирдинг, сен салоҳиятлисан”, - деди. Шунда Абу Ҳанифа: “ўзинг ҳукм чиқардинг, қандай қилиб сен ўз омонатингга ёлғончи кишини қози қилиб тайинламоқчисан?” – дедилар.

Абу Ҳанифа кучли ҳужжат келтира олувчи ва ҳар қандай мушкул шароитдан ҳам чиройли тарзда чиқиб кета оладиган киши эдилар. Ривоят қилишларича бир куни Абу Ҳанифа масжидда ўтирган эдилар. У кишининг олдиларига хаворижлардан бўлган бир нечта киши қиличларини кўтариб кириб келишди ва: “Эй, Абу Ҳанифа! Биз сендан иккита масала сўраймиз. Агар тўғри жавоб берсанг омон қоласан, бўлмаса ўласан”, - дейишди. Абу Ҳанифа уларга: Қиличларингизни қинига солиб қўйинглар, мен уларни кўрсам фикрим бўлинади, дедилар. Улар: “Нима учун биз қиличимизни қинига солар эканмиз? Биз қиличимизни сенинг бўйнингга тиқиб, эвазига катта мукофот олиш умидида юрибмиз”, - дейишди. Абу Ҳанифа: “Ундай бўлса саволингизни беринг!” - дедилар. Улар: “эшик олдида икки кишининг жанозаси турибди. Биттаси эркак киши, ароқ ичиб маст ҳолатида ўлди. Иккинчиси аёл киши зинодан ҳомиладор бўлди. Ҳомилани туғаётган вақтида тавба қилмай ўлди. Улар кофирми ёки мўминми?”. Савол бераётганларнинг мазҳаби бўйича битта гуноҳ қилган киши кофир бўлар эди. Агар улар мўмин десалар, у ҳолда Абу Ҳанифани ўлдиришади. Шунда Абу Ҳанифа: “У иккаласи қайси фирқаданлар, яҳудийларданми?” – дедилар. Улар: “йўқ”, дейишди. Насороларданми? – дедилар. Улар: “йўқ”, дейишди. Мажусийларданми? – дедилар. Улар: “йўқ”, дейишди. Ундай бўлса кимлардан, дедилар. Мусулмонлардан, дейишди. Шунда Абу Ҳанифа: Жавобни ўзинглар бердинглар, дедилар. Улар яна: Улар жаннатга тушадиларми ёки дўзахгами? – дейишди. Бу тўғрисида мен Иброҳим алайҳиссалом булардан кўра ёмонроқ кишилар ҳақида гапирган гапларини айтаман. (“Бас ким менга эргашса, ана ўша мендандир (менинг динимдандир). Ким менга исён қилса, яна ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)”). (Иброҳим сураси, 36-оят) ва Исо алайҳиссалом айтган гапини айтаман: “Агар уларни азобласанг, улар сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта, сен ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан”. (Моида сураси, 118-оят), дедилар. Шундан кейин улар тавба қилиб узр сўраб кетишди.

Абдулвоҳид ибн Ғайёс айтадилар: Абулаббос Абу Ҳанифа ҳақида ёмон фикрда эди. Абу Ҳанифа ҳам буни биларди. Бир куни Абу Ҳанифа амирул мўминин Мансурнинг ҳузурига кирдилар. Одамлар жуда кўп эди. Шунда Тусий ўзича: Мен бугун Абу Ҳанифани ўлдираман, деди ва Абу Ҳанифага қараб: “Амирул мўминин бизларга бир кишини бошини чопишликка буйруқ бердилар. Биз ҳайронмиз, нима қилсак экан?” – деди. Эй Абулаббос! – дедилар Абу Ҳанифа ва амирул мўминин ҳаққа буюрдиларми ёки ботилгами? Ҳаққа, деди, Абулаббос. Ундай бўлса ҳаққа эргаш, у ҳақда сўраб ўтирма, дедилар ва ёнларидаги одамларга секингина: у мени оёқ-қўлимни боғламоқчи эди, мен уни боғлаб қўйдим, дедилар.

Баъзи кишилар Абу Ҳанифани жуда оз миқдорда ҳадис биладилар, бор-йўғи ўн еттита ҳадис ривоят қилганлар, деб ўйлашади. Бу ботил сўздир. Чунки ишончли ривоятларда келишича Абу Ҳанифа бошқа имомлар билан бирга ривоят қилган ҳадисларидан ташқари ёлғиз ўзлари икки юз ўн бешта ҳадис ривоят қилганлар. У кишини муснад китоблари ҳам бўлиб, фақатгина намоз бобининг узида 118 та ҳадисни ривоят қилганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний "Таажжул алманфаъа бизавоиди рижали ал-аимматил арбаъа" китобида айтадилар: "Абу Ҳанифа муснад китобини ўзлари жам қилмаганлар, Абу Ҳанифанинг ҳадислари мавжуд бўлган китоб Муҳаммад ибн Ҳасан ривоят қилган китобу Осор китобидир. Мyҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларида ва ундан олдин ўтган Абу Юсуфнинг китобларида Абу Ҳанифадан  ривоят қилинган кўпгина ҳадислар бор. 300-ҳижрийда яшаган Ҳофиз Абу Муҳаммад ал-Хорижий Абу Ханифанинг ҳадисларини тўплашлик билан шуғуллаңди ва уларни бир мужалладга жамлади. Ҳадисларни Абу Ҳанифанинг шайхларининг номлари бўйича тартиблаб чиқди”.

650-ҳижрийда Абу Муаййад Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Хоразмий Абу Ҳанифанинг муснадларини жамлади. У китоб 1326  хижрийда Мисрда чоп этилган бўлиб, тақрибан 800 саҳифа атрофида бўлган. Бу китобдаги ҳадисларни муаллиф машҳур ҳадис уламоларининг Абу Ҳанифа ҳадисларини жамлаган ўн бешта муснад китобларидан танлаб олган. Бу муснадларни фиқҳ боблари тартибига биноан, ҳадисларни ва иснодларни такрор ёзмасдан жамлаган.

Аҳли зоҳир кишилари Абу Ҳанифанинг мазхабига таъна қилишган ва "Бу форсча фалсафа, шариат булган фиқҳ вазъий амалга айлантириб қуйилди. Далиллардан ўзга нарсаларга суяниш жоиз эмас. Маъно ва иллатларга назар солиш ихтилоф ва беқарорликни келтириб чиқаради. Бундан ташқари бу раъй ва ҳавоий нас билан шариат тузиш демакдир”, дейишган. Кўриб турганингиздек, бу қиёсни ҳужжат эканлигини очиқдан очиқ инкор қилиш ва унга амал қилишлик дурустлигига таъна қилиш демакдир. Бу масалани фуқаҳолар ва усул олимлари аллақачон ҳал қилиб бўлишган. Қиёсга амал қилишликни фақат Абу Ҳанифа айтган эмас, балки бошқа имомлар ҳам қиёсни ҳужжат эканлигини тан олишган. Биз ҳукмларни истинбот қилиб Абу Ҳанифа тўтган йўлларини бошқа мужтаҳид имомлар ҳам татбиқ қилганларини яхши биламиз. Абу Ҳанифа айтганлар: "Мен ҳукмларни Қуръондан оламан, ундан топа олмасам, Расулуллоҳнинг суннатларидан оламан. Агар Куръондан ҳам, суннатдан ҳам топа олмасам, саҳобалардан хоҳлаган кишининг сўзини оламан, хоҳламаганимни олмайман. Кейин уларнинг сўзларидан чиқмайман. Аммо Иброҳим, Шаъбий, Ҳасан, ибн Сирин, Саъид ибн Мусаййиб (яъни тобеинлар) га келсак, мени ҳам уларга ўхшаб ижтиҳод қилишга ҳаққим бор", деганлар.

Буңдан кўриниб турибдики, аҳли зоҳирларнинг Абу Ҳанифанинг фиқҳи форсча фалсафа, фиқҳ вазъий амалга айлантириб қўйилди - деганларининг ҳеч қандай маъноси йўқ.

Албатта, баъзи ҳукмларда Абу Ҳанифа бошқа мужтаҳид имомларга қараганда ўзгача назар билан қараганлар. Бу эса у кишининг эҳтиёткорлиги, ривоят қилган ҳадис ва асарларига бўлган ишончлари ёки бошқа сабаблар натижасидир. Ҳар бир мужтаҳиднинг мақсади ўз ижтиҳоди орқали гумонига ғолиб келган нарсани Аллоҳнинг ҳукми деб айтишликка эришмоқлиқдир. Бундан ташқари Абу Ҳанифа ҳадисни ишончли кишилар орасида машҳур бўлмоқлигини, ровий ўзи ривоят қилган ҳадисига хилоф тарзда амал қилмаслигини ва ривоят қилинган нарса оммага бало келтирадиган бўлмаслигини шарт қилдилар.

Гоҳида қиёс зарурат юзасидан ёки бирор бир асарнинг мавжудлиги туфайли тарк қилинади. Ёки бўлмаса умумий маънодаги аслни олинади ёки ундан ҳам кучлироқ қиёс аввалги қиёсдан олдинга қуйилади ва буни номини "истиҳсон" дейилади. Тўрттала имомларнинг барчалари қиёсни ҳам юқорида айтиб ўтилган маънодаги "истиҳсон" ни ҳам амалда қўллаганлар. Фақатгина бошқа имомлар буни истиҳсон деб номламайдилар, балки уни бошқа бобга, масалан, "истислоҳ" бобига киргизадилар. Қисқа  қилиб айтганда ҳанафийлар қиёсдан ва истиҳсондан бошқа мазҳабларга қараганда кенгроқ фойдаланганлар.

Муҳаммад ибн Ҳасан айтадилар: "Абу Ҳанифа шогирдлари билан қиёсли масалаларда мунозара қилар эдилар. Шогирдлари у кишига қарши чиқишар ва у кишидан инсоф талаб қилишар эди. Қачонки у киши мен буни "истиҳсон" (яъни, яхши) деб биламан деганларидагина истиҳсонда масалалар кўп булганлиги учун у кишига ҳеч ким сўз айтолмасди ва барчалари у кишига таъзим қилиб, у кишининг гапларини тўғри деб топардилар.

Абу Ҳанифа биринчи бўлиб тақдирий фиқҳ билан ва ўша даврда воқеъ бўлмаган фаразий масалалар билан шуғулландилар ва уларнинг ҳукмларини ҳам баён қилиб бердилар. Агар ўша масалалардан бирортаси воқеъ бўлиб қолса, унинг ҳукми ҳам ўз-ўзидан кўриниб турар эди. Шу тариқа фиқҳ илми кенгайиб, кенг қамровлик бўлиб борди.

Абу Ҳанифанинг бунданда кўп фазилатлари бор. У Зот 150 ҳижрий санада вафот қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

 

Read 2761 times

Мақолалар

Top