Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Ишорат тўрт имомғаким, муқтадойи дину пешвойи аҳли таъйинлар (Ўттиз биринчи мавзу)

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Билки, бу тўрт имом барҳақдур –

Ким, алардин бу динға равнақдур.

Бу имомеки шаръ адосидурур,

Дин ила шаръ муқтадосидурур.

Бириси Бу Ҳанифа Нуъмондур,

Яна бири Шофиъийи пурдондур.

Яна бири Молику яна Аҳмад,

Қилдилар жаҳд шаръ аро беҳад.

Ҳар бирига мутобиъу ҳампай,

Даражоту нажот хўб топқай.

Тенгридин бизга кўп латифадурур,

Муқтадомиз Абу Ҳанифадурур.

Тенгрига шукрлар дейинг яксон,

Қилди бизларга ишни ул осон.

 

НАСРИЙ БАЁН

Диннинг эргаштирувчи имоми ва аҳли таъйиннинг (илму дониш, таҳқиқ аҳлининг) раҳнамоси бўлган тўрт имом ҳақида

 

Билгинки, бу тўрт имом барҳақдир (бутун ислом аҳли бунга иттифоқ қилгандир), чунки улардан бу динга равнақ – ривож ва яшнаш бордир. Бу  имом  шариъатнинг  ҳукмларини  адо  қилувчи,  дин  ва  шариъатнинг эргаштирувчи  раҳбаридир.  Улардан  бири  Абу  Ҳанифа  Нуъмон,  яъни (Имоми  Аъзам)  ҳазрати  Нуъмон  ибн  Собит  Абу  Ҳанифадирлар,  яна бирлари кўп олим зот бўлмиш ҳазрати (Муҳаммад) Шофиъийдирлар.

Яна бирлари ҳазрати Имом Молик ва яна бирлари ҳазрати Имом Аҳмад (ибн Ҳанбал)дирлар. Улар шариъат ичра беҳад кўп жаҳду ғайрат  қилдилар.

 

Ҳар  бирларига  итоат  этиб  эргашувчилар  –  изларидан юрувчилар яхши даражалар ва (охиратда ҳам) нажот топадилар.

Аллоҳ таъолодан бизга кўп лутфлар – нозик илтифотлар бўлгандирки, муқтадомиз – эргаштирадиган имомимиз ҳазрати  Абу  Ҳанифадирлар.  Аллоҳга  бирдай  шукрлар  айтингизки, у зот бизларга ишни осон қилдилар.

 

ИЗОҲ. Ҳазрати Имом Раббоний Аҳмади Форуқ ас-Сарҳандий ҳазрати Хизр айлайҳиссаломдан нақл этиб: “Валоятнинг (авлёликнинг) камоли (юқори нуқтаси) Имом Шофиъий фиқҳига мувофиқдир, Нубувватнинг камоли (пайғамбарликнинг олий нуқтаси) эса Имом Аъзам – Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) фиқҳига мувофиқдир” деганлар ва: “Ҳазрати Ийсо алайҳиссалом осмондан тушганларида (ва Ислом аҳкоми ила ҳукм юргизганларида) Имом Аъзам мазҳабига кўра амал қиладилар”, деб хабар берганлар (“Мактубот”, 1-жилд, 282-мактуб).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Read 1862 times
Tagged under

Мақолалар

Top