Мақолалар

Тоға

Ҳамма халқларнинг қардошлик ришталарида тоғанинг рутбаси баланд. Айниқса, бизнинг ўзбекларда тоғага муносабат бутунлай ўзгача. Суннат тўйи қилса, тоға той етаклаб келади. Фарзандлар учун таълим даргоҳини танлаш, ўғил уйлаш, қиз чиқариш каби жиддий масалаларда ота-она қанчалик жон куйдирса, тоға ҳам улардан кам куйиниб югурмайди. Охир-оқибат, кўзланган режаларнинг бирортаси унчалик ўхшамай қолгудек бўлса балога қолган ҳам тоға бўлади.

  Фарзандларимизнинг тоғалари кўп, илмли, одобли – яхши жойларда ишлайдиган, ўқийдиган кўркам йигитлар. Улар бизникига келса ёки бизникилар уларникига борса, жиянларининг қўлига бирор нима тутқазади. Шунда фарзандларимизнинг онаси тўлқинланиб кетади-да: “Тоғанинг бори яхши-да”, деб ака-укаларини алқаб қолади. Айниқса, у бот-бот акасидан миннатдор бўлиб, акам, умридан барака топсин, силаи раҳмни жойига қўйиб келяптилар – ҳар доим бизнинг, укаларимизнинг ҳолидан хабар олиб ёрдам кўрсатиб юради, бояқиш, дейди.

     “Шунинг учун ҳам Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб қўйган-да. Ҳасан (розияллоҳу анҳу) Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Банданинг фарз намозни адо қилиши ва қариндошлари билан силаи раҳм қилиши учун юрган қадамидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш йўқдир”, дейилган экан. Акангизнинг сизни, жиянларини йўқлаб келган ҳар бир қадамига ажру савоблар ёзилиб турибди”, дейман мен...

     Бизнинг эса тоғамиз бўлмаган. Волидамиз туғилишидан бурун урушга кетган бобомиз шу кетганча қайтмаган. Онаизоримиз биргина фарзанд бўлиб қолаверганлар: на ака бор, на ука. Олти ёшга етганида оналари ҳам оламдан ўтиб буткул етим бўлиб қолганлар.

Биз – болалар отамизнинг, онамизнинг тоғаларини “тоға” деб улғайдик. Аммо ота-онанинг тоғаси кишига ўзининг тоғасидек бўлмас экан. Уларнинг олдига  тоғамнинг олдига боряпман дея учиниб борсак, “Ҳа жиян, яхшимисан?” деб қўярди қуруққина қилиб.

Куни кеча ўғлимиз: “Тоғамникига бориб келишим керак эди-да”, деб қолди. Гапининг авзойидан тоғасидан нимадир ундириб келиш нияти борлигини пайқаш қийин эмас эди. Шу билан тоға-жиянлик мавзусида  гап очилиб кетиб укам бундай деб қолди: “Санав (Санобар – амакимнинг қизи) икковимиз ўйнаб юрганда Яздонқул бобо келиб қоларди. Шунда Санав “Тоғам келди”, деб унга қараб югурарди. Мен ҳам орқасидан чопиб борардим. Яздонқул бобо Санавни кўтариб оларди-да, менга эътибор ҳам қилмасди. Нима қилишни билмасдан серрайиб қолардим. Ўзимнинг тоғам йўқлиги алам қиларди. Дагар тоға (Онамизнинг тоғасининг амакиваччасими, шунга ўхшашроқ) Россиядан қайтиб келганларида мени “жиянгинам” деб шундай эркаладики, мен худди ёш боладек бўлиб қолдим. Болалигимдаги аламларим ёдимга тушдими, беихтиёр кўзимдан ёш ҳам қўйилиб кетди”.

Унинг гапини эшитиб тўлқинланиб кетдим. Бизга насиб этмаган тоға неъматини фарзандларимизга етказганига шукр келтириб, укажонимнинг дардини аритиб кетгани учун Дагар тоғамиздан ниҳоятда миннатдор бўлдим ва охирати обод бўлишини сўраб дуо қилиб қолдим. 

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

Read 6394 times

Мақолалар

Top