Мақолалар

Ис газидан заҳарланишнинг 6 сабаби

Қиш келиши билан юртимизда ис газидан заҳарланиш ва бунинг оқибатида фуқароларимизнинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез учраб туради. Хўш, бундай ачинарли ҳолатларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш керак? Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги АОКАда бўлиб ўтган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходими Самандар Ҳикматуллаев ана шу масалага тўхталиб ўтди.

“Ис гази — рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма — табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

- фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

- ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

- иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

- ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш...”

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъул ходими Самандар Ҳикматуллаев ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш учун хавфсизлик қоидаларига ҳам амал қилиш лозимлигини айтиб ўтди.

«Куз-қиш мавсумида юз бериши мумкин бўлган ёнғин, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

Ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;

Электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;

Иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;

Иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;

Газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;

Газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда, газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;

Газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;

Ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;

Газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг».

Умр – ғанимат. Юқоридаги сабабларга диққат қилсак, ўзимизни, оила аъзоларимизни, яқинларимизни кўринмас ёвдан асраган бўламиз. Зеро, бепарволикдан каттароқ ёв бўлмаса керак...

Read 2517 times

Мақолалар

Top