Мақолалар

Ватанга хизмат–олий бахт

Инсон қаерда туғилиб парвариш топса, ўша жойга меҳр қўяди. Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсани ардоқлаб, соғиниб яшаш инсон табиъатида табиий, туғма ҳиссиётдир. Бу ҳиссиёт инсонни ўзининг моли, вақти, кучи, ҳатто жонини ҳам ватан учун мардларча фидо қилишга ундайди. Унинг тинчлиги учун барча нарсаларни тақдим қилишга тайёр бўлади.

Ватан ҳимояси – халқ ҳимоясидир. Ватан чегаралири халқ учун, унинг осуда ҳаёти учун қўриқланади. Халқни ҳамма хавф-хатардан ҳимоя қилиш инсоннинг Аллоҳ таолони олдида ва ватан олдида муқаддас бурчидир.

Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш, сергаклик билан туни-кун ҳушёр туриш улуғ фазилат, айни вақтда ибодат бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم – يَقُولُ  ” عَيْنَانِ لاَ تَمَسُّهُمَا النَّارُ عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللَّهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِى سَبِيلِ اللَّهِ“  رَوَاهُ الترمذى.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расууллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Икки кўзни дўзах оташи куйдирмайди.  Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз, Аллоҳнинг йўлида тунлари қўриқчилик қилган кўз” – деганларини эшитдим”. Имом Термизий ривоят қилган.

Инсонлар охират диёрида дунёда қилган амалларига кўра, жаннат ёки дўзахга ажралиши муқаррардир. Ватандошимиз Имом Абу Исо Термизий ривоят қилган мазкур ҳадиси шарифда икки тоифа инсонлар фазилатли амаллари билан дўзах азобидан нажот топиши, натижада улуғ мукофат билан мукофотланиши зикр қилинмоқда.

Ушбу фазилатли амалнинг биринчиси – Аллоҳ таолодан қўрқиб, қилган гуноҳларидан тавба қилиб йиғлаган кўз соҳиби. Кўз ёши билан, чин ихлос билан қилинган тавбани Аллоҳ таоло қабул қилади. Тавба қилувчи инсон ўз нафси билан курашувчи, барча гуноҳ ва жиноят ишлардан ўзини тўхтатувчи ва буюрган ишларга бўйсинувчи инсондир. Бу инсонларнинг қалб кўз очиқ бўлади.

Инсон кўзидан ёш тўкиши билан қалб юмшатади. Инсон қалби юмшаши натижасида ўзи ва ён атрофидаги фақат манфаат келтиради.

Иккинчиси – Аллоҳ таолонинг йўлида ватан ҳудудини қўриқчилик қилган кўз соҳиби. Бу инсонлар юртнинг тинчлиги ва осудалиги учун уйқусидан кечиб, бедорлик билан тунни ўтказувчи инсонлар. Улар юрт душманлари билан курашувчи, тинчлик ва осудаликка раҳна солувчиларни тўхтатувчи инсондир. Бу инсонларнинг ҳақиқий кўзлари очиқ бўлади.

Демак, инсон нажот топиш учун доим икки кўзи очиқ бўлиши керак. Ҳар икки кўз очиқ бўлиши бир-биридан муҳим. Кўздан ёшдан тўкувчи душманларнинг энг каттаси бўлган нафс билан курашувчи инсондир. Сарҳадларни қўриқловчи ватан душманлари билан курашувчи инсондир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳадиси шарифда бу икки инсонни душман билан курашувчи бўлишда баробар эканлигини зикр қилдилар.

Бу икки кўзи очиқ инсонлар икки дунё бахт-саодатига эришадилар.

Жалолиддин ХОЛМЎМИНОВ

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом юрти ўқитувчиси

 

Read 1893 times

Мақолалар

Top