Мақолалар

Ватанни ҳимоя қилиш – дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқ

14-январь мамлакатимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида кенг нишонланади. Бу байрам кун-у тун чегарада турган, ватанни ички ва ташқи душмандан ҳимоя қилаётган ва шу йўлда жонини тиккан харбийларимизнинг байрами десак бироз камроқ таъриф берган бўламиз. Аслида, бу шодиёна Ўзбекистонимизнинг барча эр йигитларига тегишлидир. Чунки, ўзининг, оиласининг ва яқинларининг жони, моли, шаъни ва обрўини ҳимоя қилаётган ҳар бир эркак ватан ҳимоячиси номига лойиқдир.

Уламолар Аллоҳ таоло инъом этган неъматлар ичида энг тотли ва азизларидан бири бу хотиржамлик ва тинчлик дея таъкидлашган. Зеро, қўлингизда бутун дунё бойлиги жам бўлсаю, тинчлик ва хотиржамлигингиз бўлмаса у бойликдан наф йўқ. Бахт ва саодатни ҳам шу икки неъматсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Демак, тинч ва осуда ҳаёт кечиришимиз ва хотиржам яшашимиз учун хизмат қилаётган мард аскарларимиз бор эканлигини унутмасдан, уларнинг ҳақларига доимо Аллоҳ таолодан мағфират ва саодат тилаб дуо қилмоғимиз лозим.

Аслида, ватанни ҳимоя қилиш Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам савоби улуғ, эвази улкан амаллардан ҳисобланади.      

Ҳадиси шарифларда Набий алайҳиссалом: “Бир кун муробата (ватанни ҳимоя) қилиш дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир”, – деганлар, бошқа бир ҳадисда эса у зот: “Икки кўзга (дўзахда) олов тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга”, – деганлар. Яъни мамлакат тинчлигини ҳимоя қилиб қўриқчилик қилган аскарларни ҳам Аллоҳ таоло дўзах оловидан асрайди.

Барча Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклаймиз!

 

Саидаброр Умаров

Read 2031 times

Мақолалар

Top