Мақолалар

Илмнинг зиёда бўлиши китоб билан

 

Келажак авлод бўлмиш ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади.

 

Аллоҳ таоло Ўзининг иродаси, илми ва раҳмати билан инсон зотини ақл-идрокли қилиб яратди ва унинг ер юзида ҳаёт кечириши учун лозим бўлган барча шароитларни ҳам муҳайё қилди. Инсон мана шу ақл-идрок, илму одоби билан ўзи яшаб турган жамиятдаги бошқа инсонларга манфаат етказиши керак, чунки илм ўз эгасини икки дунё саодатига эриштиради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳ васалламга Ҳиро ғорида нозил бўлган илк ваҳий «Ўқи!» деган амр эди. Илк ваҳийнинг ўқишга, илм олишга даъват билан бошланишининг, Аллоҳ охирги динини ўқиш-ёзишни билмайдиган уммий киши орқали инсониятга етказишни ирода қилганининг буюк ҳикмати бор эди. Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига муяссар бўлиш воситаси қилди.

Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорини танишга буюрди. «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маъноларда келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашни буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ва подшоҳликка ҳам эришдилар”.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб бундай деганлар: “Иймон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”, деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Дарҳақиқат, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга, ҳалокатга юз тутади.

Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой бўлади.

Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб: “Ёшларда болалик чоғидан китобга меҳр уйғотиш, мустақил фикр ва кенг дунёқарашни шакллантириш уларнинг ҳаёт йўлларида мустаҳкам замин бўлади” деб алоҳида таъкидладилар.

Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,

Наманган шаҳри “Абдулқодир қори” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2021 times

Мақолалар

Top