Юлдузлар инсоният ҳаётида ҳар доим муҳим ўрин тутган. Денгизчиларга йўл кўрсатувчи, сайёҳларга харита, мусулмон умматига қиблани аниқловчи воситадир юлдузлар. Астроном ва географлар юлдузлар туркумини ўрганишга ҳаётларини бағишлашади. Милодий X асрда Сурияда яшаган мусулмон олима Марям Устурлобия Ижлия устурлоб ясовчи моҳир усталардан бири эди.
Марямнинг отаси бағдодлик машҳур устага шогирд тушган муҳандис эди. Марям эса отасидан шу соҳанинг сир-асрорларини ўрганди.
Тарихчи Ибн Надимнинг сўзига кўра, Марям отаси туфайли Бағдоднинг устурлоб ясовчи машҳур устаси, астроном Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Настулусга шогирд тушган (Dodge, Bayard (1970).
Йиллар ўтиб Марям ушбу касбнинг моҳир устасига айланди. Ҳатто унга “Устурлобия” (устурлоб ясовчи) лақаби берилди ва шу ном билан дунёга танилди. Унинг ишлари ҳамадонийлар сулоласининг амири Сайфуддавла (944–967) томонидан юқори баҳоланди ва шу сабабли Марям ўз фаолиятини саройда давом эттирди (Salim Al-Hassani. “Women᾿s Contribution to Classical Islamic Civilisation)
Ўша даврда соат ҳали кенг оммалашмагани боис олиманинг асосий мақсади вақтни аниқ кўрсатадиган устурлоб ясаш бўлган. Марям неча асрлардан бери қўлланилаётган устурлобга ўзгартиришлар киритиб, уни такомиллаштирди. Натижада у ясаган устурлоб ёрдамида осмон жисмларининг уфқдаги баландлигини ўлчаш имконияти пайдо бўлди.
Устурлоб қандай асбоб?
Устурлобнинг диаметри 15 сантиметрдан бир неча метргача бўлиши мумкин. Ўрта аср астрономлари уни чўнтак соатидек ёнларида олиб юришган. Устурлоб – жойнинг географик координаталарини, вақт, юлдузларнинг чиқиш ва ботиш пайтларини аниқлашда, шунингдек, амалий астрономиянинг бошқа масалаларини ҳал қилишда ишлатиладиган асбоб. У даражаларга бўлинган доира, чизғич ва визирловчи диоптрдан иборат.
Устурлоб ҳақида араб ва лотин тилларида юзлаб асарлар ёзилган. Рассомлар уни асарларида акс эттиришди, шоирлар шеърлар битишди. Устурлоб шоҳларга, султонларга ва юқори амалдорларга хос совға сифатида тортиқ қилинган. У бир вақтда ҳам соат, ҳам масофа ўлчагич, навигатор, ҳисоблаш машинаси ҳамда координат ва тригонометрик амаллар учун маълумотнома вазифасини бажарган. Устурлобдан минг йил давомида олимлар, сайёҳлар, савдогарлар, астрологлар, устоз ва талабалар унумли фойдаланишди.
Устурлоб ёрдамида намоз вақтлари қайд этилди, йил ҳисоблари юритилди. Рамазон ойи ва қибла йўналиши аниқланди. Шубҳасиз, уни тайёрлаш ҳам шарафли касблардан бири бўлди.
Марям Устурлобия Ислом уммати учун зарур ишга қўл урган олималардан ҳисобланиб, унинг номи ҳанузгача тарих саҳифаларида юлдуздек порлаб турибди. Жумладан, 1990 йили Генри Ҳолт томонидан аниқланган астероидга “7060 Ижлия” номи берилди.
Манбалар асосида Мунира НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади
“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 5-сонидан