Мақолалар

Жаноза намозининг ўқиш тартиби

Жаноза намози тўрт такбирдан иборат бўлиб, уни ўқиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  1. Жаноза намозини ўқишга ният қилинади.

 

  1. Жамоат имоми “Аллоҳу акбар” деб такбир айтгач, бошқалар ҳам ичида “Аллоҳу акбар” деб айтиб қўлни қулоқларнинг юмшоқ еригача кўтаради ва қўлларини боғлайди.

 

  1. Қўллар қовуштирилгач “Сано” дуоси ўқилади:

Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва ла илаҳа ғойрук.

 

  1. Сано дуосидан сўнг имом иккинчи такбирни айтади. Бунда қўллар кўтарилмайди ва тананинг бошқа аъзолари ҳам ўз ҳолида туради.

Эслатма! Баъзи бир кишиларнинг такбир вақтида, яъни имом “Аллоҳу акбар” деб айтганда осмонга қараш ҳолати кўзатилади. Бундай қилиш ножоиздир.

 

  1. Иккинчи такбирни айтгач, қуйидаги салавот айтилади: Аллоҳумма солли ъала Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа соллайта ъала Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд.

Аллоҳумма баарик ъалаа Муҳаммад ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа баарокта ъалаа Иброҳийма ва ъалаа аали Иброҳийм, иннака ҳамийдум мажийд.

 

  1. Салавотдан кейин учинчи такбир айтилади. Учинчи такбирдан кейин маййит ҳаққига қуйидаги дуо ўқилади:

Аллоҳумма мағфир лиҳаййинаа ва маййитинаа ва шааҳидинаа ва ғоибинаа ва соғийринаа ва кабийринаа ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма ман аҳйайта ҳува миннаа фа аҳйиҳи ъалал Ислаам ва ман таваффайта ҳува миннаа фатаваффаҳу ъалал иймаан.

Маъноси: Аллоҳим, бизнинг тирикларимиз ва маййитларимиз, ҳозирларимиз ва ғоибларимиз, кичикларимиз ва катталаримиз, эркакларимиз ва аёлларимизни мағфират қилгин!

Аллоҳим, Сен бизлардан кимни яшатадиган бўлсанг, уни Исломда яшатгин. Бизлардан кимни вафот эттирсанг, уни имонда вафот эттир.

 

  1. Маййит ҳаққига дуо қилингач тўртинчи такбир айтилади Тўртинчи такбирдан кейин дуо қилинмасдан, икки ёнга салом берилади.

Балоғатга етмаган болаларга ёки мажнунларга жаноза намози ўқилганда уларнинг гуноҳлари кечирилиши сўралмайди. Сабаби улар гуноҳсиздирлар. Уларга қуйидаги дуо ўқилади:

Аллоҳумма, аъизҳу мин ъазаабил қобр.

Маъноси: Аллоҳим, уни қабр азобидан сақлагин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 54776 times
Tagged under

Мақолалар

Top