Мақолалар

Умматнинг чироғи Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Маълумки, юртимизда ўн икки асрдан буён ибодатлар ҳанафий мазҳаби асосида адо этиб келинади. Ҳанафий мазҳабининг юртимизга кириб келиш тарихи ҳижрий 150 – 217 саналарда яшаб ўтган Абу Ҳафс Кабир раҳматуллоҳи алайҳ билан боғлиқ. У киши имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳдан ҳанафий фиқҳини ўрганиб, Бухорога келганларида мана шу мазҳаб бўйича таълим бердилар. Натижада ушбу фиқҳий йўналиш юртимизда ибодат қилинадиган расмий мазҳабга айланди. Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган неча-неча хонлар, подшоҳлар ва уларнинг фуқаролари айнан ҳанафий мазҳаби асосида ибодат қилиб келишган. Ҳанафий мазҳабининг асосчиси эса Абу Ҳанифа – Имом Аъзам эдилар.

Абу Ҳанифа куняси билан машҳур бўлган Нуъмон ибн Собит ибн Марзубон ҳур форс авлодларидан бўлиб, оилалари қавмининг энг шарафлиси эди. У зотнинг асл келиб чиқишлари Кобул – ҳозирги Афғонистоннинг пойтахтидан бўлган. Боболари Марзубон Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида мусулмон бўлиб, Куфага кўчиб келганлар ва ўша ерни ўзларига ватан қилиб олганлар. Имомул аимма ва сирожул умма (имомлар имоми ва Ислом умматининг чироғи), ҳанафий мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (Имоми Аъзам) ҳижрий 80 (милодий 699) йили Куфа шаҳрида ипак-шойи савдогари оиласида туғилган. Ёшлигидан пухта таълим олган бу бола саҳобаларнинг сўнгги вакилларини ҳам кўрди. Йигирма икки ёшида ироқлик атоқли олим Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушиб, ўн саккиз йил унидан илм таҳсил олди. Устози вафотидан сўнг унинг шогирдларига ўн йилгача таълим-тарбия берди. Куфа, Басра фиқҳ олимларининг нуфузли устози сифатида танилди.

Хатиб Исмоил ибн Ҳаммоддан Абу Ҳанифагача бўлган санад билан ривоят қиладилар: «У зот бундай дедилар: «Бизга ҳур форс авлодларидан бўлган Исмоил ибн Ҳаммод ибн Нуъмон ибн Собит ибн Марзубон хабар берди. У: «Аллоҳга қасамки, бизлар ҳеч қачон қул бўлмаганмиз. Бобом саксонинчи йили таваллуд топдилар. Собит Алий ибн Абу Толибнинг олдига бордилар. Ўшанда Абу Ҳанифа ёш бола эди. Шунда Алий розияллоҳу анҳу у зотнинг ҳақларига ва зурриётлари ҳаққига барака тилаб дуо қилдилар. Биз Аллоҳдан Алий ибн Абу Толибнинг қилган дуоларини ижобат этишини умид қиламиз», деди». Абу Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Кидом айтади: «Дарҳақиқат, Алий розияллоҳу анҳунинг дуолари ижобат бўлиб, Аллоҳ Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни улуғ қилиб қўйди. Мусулмонларнинг аксари у зотга эргашди ва фиқҳда у зотнинг фикрларига таянди».

Абу Ҳанифа Куфада обрўли, бой, солиҳ мусулмон оилада ўсди. У ота-онасининг ёлғиз фарзанди эди. Отаси газламачи бўлиб, Куфадаги дўконида кийим сотарди. Абу Ҳанифа ҳам ота касбини давом эттирди. У зот Қуръони Каримни ёшлигида ёд олган солиҳ ва зиёли зот эди. Абу Ҳанифа ўша даврнинг алломаси Шаъбийга йўлиққунга қадар дўконда отаси билан бирга савдо қилди. Шаъбий билан кўришиш имом Абу Ҳанифанинг ҳаётида жуда катта яхшилик дебочаси бўлди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда шундай дейди: «Бир куни Шаъбийнинг олдиларидан ўтдим. У зот ўтирган эдилар. Мени ўз ёнларига чақириб: «Кимдан таълим оляпсан?» деб сўрадилар. Мен: «Фалончидан таълим оляпман», дедим. У зот: «Бозор ҳақида таълим олаётганингни эмас, уламолардан дарс олишингни назарда тутдим», дедилар. Мен: «Уламолардан кам дарс оламан», дедим. У зот: «Ундай қилма. Сенга илм олиш ва уламолар билан бирга ўтириш вожиб. Чунки мен сенда сергаклик ва ҳушёрликни сезяпман», дедилар. Шунда Шаъбийнинг сўзларидан қалбим таъсирланиб, савдо қилишни тарк этдим ва илм олишга киришдим. Натижада Аллоҳ у зотнинг сўзлари ила мени манфаатдор қилди».

Абу Ҳанифанинг замондошлари ва у кишидан кейингилар мазҳаббошимиз ҳақида ажойиб фикрларни келтиришган: Язид ибн Ҳорун айтади: «Минг кишини кўрдим ва уларнинг кўпчилигидан ҳадис ёздим. Лекин уларнинг ичида бешта олимдан кўра фақиҳроқ, тақводорроқ ва билимдонроқ кишини кўрмадим. Уларнинг биринчиси Абу Ҳанифадир». «Жарҳ ва таъдил»нинг имоми Яҳё ибн Саъид Қаттон: «Аллоҳга қасамки, Абу Ҳанифа Аллоҳ таоло ва Унинг Расулидан келган нарсани билишда бу умматнинг энг билимдонидир», деди. Имом Заҳабий «Тазкиратул ҳуффоз» китобида бундай деган: «Аллоҳга қасамки, саҳобалар, тобеъинлар, Авзоъий, Саврий, Молик ва Абу Ҳанифанинг шуғулланган илмлари Қуръон ва ҳадис эди. Мантиқ, жадал ва аввалгиларнинг ҳикмати каби илмлар улар учун бегона эди».

Абу Ҳанифа ўн олти ёшга етганида отаси билан фарз ҳисобланган ҳаж ибодатини адо қилиш, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг масжидларини зиёрат қилиш учун йўлга чиқди. Имом Кардарий «Маноқиби имом Абу Ҳанифа» китобининг «Интисор» бобида зикр қилишича, «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бундай деди: «Мен тўқсон олтинчи йили, ўн олти ёшга тўлганимда отам билан бирга ҳаж қилдим. Ўшанда бир шайхга кўзим тушди. Унинг атрофига одамлар тўпланиб олган эди. Мен отамдан: «Бу шайх ким?» деб сўрадим. Отам: «Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлади. Унинг исми Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Жазъ ибн Зубайдий», дедилар. Шунда мен отамга: «Унда нима бор?» дедим. Отам: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадислар бор», дедилар. Мен: «Мени унинг олдига олиб боринг», дедим. Шунда отам менинг қўлимдан ушлаб, одамлар орасидан ўтиб, у зотнинг олдиларига яқин олиб бордилар. Ўшанда у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини эшитдим».

Абу Ҳанифанинг биринчи қилган ишлари усулуд-дин (ақийда илми) ҳамда мулҳид (Худони инкор қилувчи) ва адашган фирқалар билан баҳслашиш бўлди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ адашган фирқалар билан баҳслашиш, шариатни шубҳали нарсалардан тозалаш ва залолат аҳлининг шариатга етказмоқчи бўлган зарарларини даф қилиш учун Басрага ўн етти мартадан кўп келган. Жаҳм ибн Сафвон билан ҳам тортишиб, ниҳоят, уни мот қилиб қўйди. Мулҳидлар билан эса то улар шариатни англаб етгунларича баҳслашди. Худди шунингдек, мўътазила ва хаворижлар билан ҳам мунозара қилиб, уларга кучли ҳужжат ва далилларни келтириб, ақлини киритиб қўйди ва ғулувга кетган шиъалар билан тортишиб, уларга ҳам етарли даражада далиллар келтирди.

 Абу Ҳанифа мана шу йўлда, яъни калом илми ва усулуд-дин билан шуғулланиш ҳамда адашган фирқалар билан тортишишда давом этди. Ҳатто у зот бармоқ билан саналадиган машҳур инсонлардан бирига айланди. Бу пайтда у киши йигирма ёшда эди. Шундан сўнг Куфа масжидида ўзларининг ҳалқаларини тузди ва унда илмни ўрганувчи талабаларга дарс бера бошлади.

(Давоми бор)

Муҳаммад Айюб Ҳомидов

«Ҳилол» журналининг 1(22) сонидан

Islom.uzдан одинди

Read 2075 times

Мақолалар

Top