Мақолалар

Нозик хилқатнинг нозик тарбияси

Қиз боланинг тарбиясини қайси вақтдан бошлаш керак,  деб  сўраб қолишди. Ажиб савол. Аслида бола тарбияси унга  она танлаш чоғидан бошланади.  Ўзи-ку, савол эгаси қиз болага хос тарбияни назарда тутган эди, менимча.

Қиз фарзандми, қиз неварани кўриб, юрагингиз бир ҳапқириб кетади.  Унинг ширин қилиқлари-ю, бийрон гапиришлари кишини ийдириб юборади. Аммо Яратганнинг ана шу неъматини асраб авайлаб, чиройли тарбия бериш  ғоят нозик масала.

Қиз боланинг тарбиясига гўдаклигидан қаттиқ туриш керак, чунки  қиз бола бировнинг хасми – сизнинг шаънингизни  бошқа оилада  ҳимоя қилгувчи нозигу буюк ҳилқат.

Ишхонамизнинг йўли устида боғча бор.  Ишга келаётиб-қайтаётиб боғчага келаётган-кетаётган ширинтойларга кўзим тушади. Қизчаларнинг  кийимига назар солар эканман, катталарнинг ўзлари қизлар тарбиясини йўлдан чиқаряптимикан, деб ўйлаб қоламан баъзан. Боғча ёшидаги қизларнинг  бўй етган қизларга тақлид қилиши, елкаси очиқ, айниқса,  юбка ёки куйлаклар шу қадар калтаки, ички кийимигача кўриниб туради. Ички кийимлари эса  тор ва кичкина бўлади. Боғчада бўлганида ўтириш бор, ухлаши бор...

Баъзи оналар ўзлари болаларини чўмилтиришга эриниб, 6-7 ёшли ўғлига синглингни чўмилтириб чиқ, деб иш буюради. Бир хонада, бир жойда ўрнини ҳам битта қилиб берадиганлар ҳам бор. Алоҳида хонада ётқизишни иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаса, бир хонадаги жойини бўлак қилиш мумкин-ку!

Бир хонадонга борганимизда у ердаги манзарани кўриб, ҳайрон бўлиб қолдик. Тоға-жиян бўладими, амаки-жиян бўладими, ҳамма бир-бири билан белидан ушлаб, ўпишиб кўришиш одати бор экан. Келиннинг қайнота билан ўпишиб кўришиши қайси мантиққа тўғри келади? Дадасими, тоғасими, амакисими, отасими – келинлар ўтириб, бемалол бола эмизиб ўтирибди. Балки бу гапимиз баъзиларга эриш туйилар, нима бўлибди, қариндош-ку дейишар. Аммо орадаги масофани сақлаш керак, ҳатто у ота билан қиз бўлганда ҳам...

Уламодан: “Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима онамизни  ўпган эканлар, шунга кўра, ота қизини ўпса бўладими?”  деб сўрашибди. Уламо: “Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотимани пешонасидан, рўмоли устидан ўпганлар”, деб жавоб берибди.

Ҳаё, ибо, иффат каби фазилатларни ёшларга болалигидан тушунтириб бориш керак. Ҳаё бир ҳусн бўлса, ҳаёси йўқ юз жонсиз жасад кабидир. Бу борада ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига ибрат бўлишлари лозим.

Оналарнинг фарзандлари олдида очиқ-сочиқ юришининг ўзи ҳам ҳаё тўғрисидаги панд-насиҳатнинг қадрини йўқотади. Онасидан очиқ кийимларни кийишни  ўрганган қиз ҳам  эркаклардан тортинмайдиган ҳаёсиз бўлиб вояга етади. Аёлларнинг очиқ ҳолда кўриб вояга етаётган ўғил болалар бу ҳолга  кўникиб қолади ва вақти келиб мижоз совийди.   

Фарзандларга ҳаё борасида насиҳат қилишдан олдин ўзимиз шу фазилатга эгамизми, йўқми, ўйлаб кўришимиз керак. Тарбия масаласида катталарнинг гапидан кўра уларнинг хатти-ҳаракати  фарзандларга тезроқ таъсир қилади. Онасининг ёш йигитлар билан телефон орқали “Одноклассник”, “Телеграмм”да мулоқот қилаётганини  кўрган қизалоққа, 3-4 йил ўтиб, йигитлар билан телефонда гаплашмасликни тақиқламоқчи бўлган  оналар қизларидан қандай муомала кутсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида: «Бола уни эмизган онанинг ахлоқи билан хулқланади», дея марҳамат қилганлар. Халқимиз орасида ҳам “Онасини кўриб, қизини ол!”, деб бежизга айтилмаган.

Тарбия учун вақт ҳеч қачон кеч бўлмайди. Тарбияни  ҳамма ўзидан бошласа, атрофдагиларга одоб-ахлоқ борасида гапириш ўринли бўлади.  Ниятимиз ҳар бир оилада оқила аёлларга ҳаёли, иболи қизларни тарбиялашда Яратганнинг Ўзи мададкор бўлсин!

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Read 6385 times

Мақолалар

Top