Мақолалар

Тилни сақлаш

Тил инсоннинг энг мукаррам, шу билан бирга энг хатарли  азоси ҳамдир. Агар  инсон уни яхшиликга  ишлатса, улкан ажр-мукофотларга эга бўлади, бордию ёмонликга ишлатса уни ортидан маломатга қолиши тайин. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг кўпчилик хатолари тилидан” [1]  деганлар.

Инсонни абадий саодатга эришиб жаннатга кириши, ёки бахтсиз бўлиб дўзахга киришишининг ҳам асосий сабабчиси тилидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, инсонларни жаннатга киритадиган амалларнинг кўпроғи ҳақида сўралганларида: “Аллоҳга тақво қилиш ва чиройли хулқ” дедилар. Инсонларни дўзахга киритадиган нарсаларнинг аксари ҳақида сўралганларида эса: “Оғиз ва фарж” [2] дедилар. Демак инсоннинг нажот топишига Аллоҳга бўлган тақвоси ва чиройли хулқи сабабчи бўлса, ҳалокатга учрашига тилини лағвдан, авратини зинодан сақламаслиги сабаб бўлар экан. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсани сақлашни кафолатини берса, мен унга жаннат кафолатини бераман. Бирор бир садақа Аллоҳ азза ва жаллага яхши сўздан кўра маҳбуброқ эмас” [3]   дедилар.

Сўзнинг аҳамияти шунчалик муҳимки инсон биргина сўзи билан мусулмон бўлиши ёки диндан чиқиши, инсонлар ўртасини ислоҳ қилиши ёки бузиши мумкин. Шундай экан Аллоҳ таоло неъмат қилиб берган тилларимизни фақат хайрли амалларга ишлатмоғимиз ва уни Аллоҳ ва Росули қайтарган нарсалардан тиймоғимиз лозим. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Токи тилини сақламагунича бирортангиз ҳам иймоннинг ҳақиқатига ета олмайди” [4] дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу аълайҳи васаллам ҳадиси шарифда марҳамат қилганларидек иймоннинг ҳақиқатига етиш мақсадида тилимизни ундан сақлашимиз керак бўлган нарсаларни яна бир бор эслатиб ўтишни лозим деб билдик. Чунки Аллоҳ таоло: “ (Эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”[5] деган.

 

 

Имом Бухорий номидаги

Тошкент Ислом институти

“Таҳфизул-Қурьон” кафедраси ўқитувчиси

Абдулаҳад  Собиров.  

 

[1] Табароний ва Ибн Абуддунё ривояти.Ваҳид Абдуссалом  Болий. Ҳифзуллисан 5-бет.1990-йил Макка-и мукаррама.

[2] Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деган 3.245 Ваҳид Абдуссалом Болий. Ҳифзуллисан 5-бет. 1990-йил Макка-и мукаррама.

[3] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 4915- ҳадис. 1990-йил  Байрут. Дарул кутубил иълмийя.  

[4] Имом Байҳақий. Шуъабул-иймон, 4- жуз, тилни сақлаш боби 5005- ҳадис. 1990-йил Байрут.  Дарул кутубил иълмийя.  

[5] Зориёт сураси 55-оят.Шайх Абдулазиз Мансур.  Қуръони карим маъноларининг таржимава тафсири. 2009-йил Тошкент. ТИУ нашриёти.

Read 2189 times

Мақолалар

Top