Мақолалар

Кофир деманг!

Динимиз таълимотига кўра, банда Аллоҳнинг ягоналигига, Фаришталарига, муқаддас китобларига, барча Пайғамбарлар Унинг элчиси эканига, Охират кунига, тақдирнинг яхши ва ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, ўлгандан кейин Қиёмат куни қайта тирилишига имон келтирса ва қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ҳамда ҳаромни ҳалол демаса ҳақиқий имонли мўмин ҳисобланади.

Ҳанафий мазҳабига кўра, имон – Аллоҳнинг ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга келган барча нарсаларнинг ҳақлигига тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқлашдир. “Тил билан иқрор қилиш” – “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ”, яъни Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир”, деган сўзларни талаффуз қилишдир. “Қалб билан тасдиқлаш” эса юқоридагиларнинг барчасига қалбда заррача ҳам гумон ва шубҳа қолдирмасдан ишонишдир.   

Инсоннинг имонини ҳисоб-китоб қилиш улкан масъулият бўлиб, кишининг мусулмон ёки кофирлигини муҳокама қилиш ҳуқуқи ҳар кимга ҳам берилмаган. Чунки имоннинг макони инсоннинг қалбида, қалбнинг муҳокамаси эса бандаларга берилмаган, балки фақатгина Аллоҳнинг ҳукмидадир.

Маълумки, имоннинг зидди “куфр” бўлиб, у “беркитмоқ”, “кофир бўлмоқ”, “динсиз бўлмоқ” каби маъноларни англатади. Қалбида умуман имони бўлмаган шахсга эса «кофир» дейилади.

Бу сўзни ишлатишнинг юки ўта оғир ва оқибати жуда хатарли эканини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг хадисларида алоҳида таъкидлаганлар. Имом Бухорий Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Агар бир киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккаласидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади”, дедилар.

Бундан келиб чиқадики, қалбида заррача имони бор кишини куфрда айблайдиган инсоннинг ўзи диндан чиқиб, кофир бўлиш хатари вужудга келади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар қалб зулмга мойил бўлса, золимларни яхши кўради. Қайси тоифани яхши кўрса, улар жумласидан бўлади. Агар қалб Ҳаққа ва унга эргашганларга мойил бўлса, уларга дўст бўлади. Бунинг сабаби шуки, амал ва сўзларнинг юзага чиқиши қалбга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам, тил билан имон келтириб, қалб билан имон келтирмаган банда Аллоҳнинг наздида мўмин эмас ва аксинча, қалб билан имон келтириб, тил билан имон келтирмаган банда Унинг наздида мўминдир”, деб таълим берганлар.

Ҳижрий 970 йилда вафот этган Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлмиш Ибн Нажийм раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, деганлар.

Бу билан бизга кўп бўлиб кўринган тўқсон тўққиз, Яратганнинг ҳузурида ҳеч нарсага арзимас бўлиши, биз учун кам бўлиб кўринган арзимас бир нарса эса Аллоҳ учун барча нарсадан аҳамиятли бўлиши мумкинлигини англатади.

Шу билан бирга, биргина далил инсоннинг имони бор эканини тасдиқлайдиган бўлса, уни мусулмонлар сафида олиб қолиш, қолган мусулмонлар зиммасидаги шарт ва лозим бўлган вазифа эканини ҳам англатади.

Аммо бугунги кунда динда ҳаддан ошиб ғулувга кетган тоифа ва оқимлар бу масалада “мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейишлик учун биргина далил топилса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига мутлақо тескаридир.

Ислом тарихи экстремистик оқимлар куфр масаласида Исломнинг моҳиятига зид даъволар билан чиққанидан гувоҳлик беради. Хусусан, “хавориж ёки хорижийлар” номи билан тилга олинадиган тоифанинг “гуноҳ иш қилган мўминни кофир, фаҳш ишни қилган мусулмонни эса диндан чиққан”, деган иддаоси қирғин-барот урушларнинг келиб чиқишига ва кўплаб мусулмонларнинг қони тўкилишига сабаб бўлган эди.

Бу эса Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабига мутлақо зид эътиқоддир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфр борасидаги ҳадисларига эътибор қаратсак, уларда жумладан бундай дейилади: “Мусулмон билан куфрнинг ўртасида, намозни тарк қилиш бордир” (Муслим ривояти), “Ким Аллоҳдан ўзга ила қасам ичса, батаҳқиқ кофир бўлибди” (Имом Ҳоким ривояти).

Шу каби ҳадисларда келган масалалар ҳақида Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабининг якуний хулосаси шуки, хадисларда зикр этилгани каби ишларга йўл қўйган мўмин қилаётган ишида қатъийлик билан фарзни инкор этмаса ва ҳаромни ҳалол санамаса, шариат таъқиқлаган муҳокамага киришмаса кофир бўлмайди, балки ўта оғир гуноҳкор бўлади.

Абу Довуд Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса имоннинг аслидандир: “Лаа илааҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик. Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”, дедилар.

Шу ерда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг мазкур ҳадисга берган шарҳиларини келтириш ўринли бўлади: “Калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб-китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола! “Лаа илааҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида - шу!

Бугунги кунда йўл қўйилаётган катта хатолардан бири, куфр ҳақидаги умумий фатвони якка шахсларга татбиқ қилинаётганидир. Масалан, уламолар “фалон тоифага мансуб кишилар кофир бўлади”, деган фатвони чиқарганлар. Бу эса мазкур тоифага мансуб кишиларнинг ҳар бири кофир, дегани ҳам эмас. Куфр фатвосини якка шахсларга нисбатан беришдан аввал, у ҳақида сўраб суриштириб, аниқлик киритиб, шахсан баҳс олиб бориб, унинг куфрда эканини исботлагач, бўйнига қўйиш лозим бўлади.

Ақийда илми уламолари: “Баъзи бир гап куфр бўлиши мумкин. Ўша гапни айтган кофир бўлади, деган ҳукм ҳам чиқиши мумкин. Аммо мазкур гапни айтган муайян шахсни, ҳужжат ва далил билан тасдиқланмагунча, кофир деб ҳукм чиқарилмайди”, деб ҳукм берганлар.

Қуръони каримнинг “Нисо” сурасининг 10-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар. Ушбу ояти каримадаги қўрқитиш, шунга ўхшаш бошқа оятларда ҳам борлиги ҳақдир. Аммо мана шу оятга биноан, аниқ бир шахсга келганда, бу одам, албатта, дўзахга тушади, деган қатъий ҳукмни айтиб бўлмайди.

Аҳли қибла бўлган бир кишининг бу каби  ҳолатларда дўзахга киришига даб-дурустдан гувоҳлик бериш мутлақо билим ва савиясизликдир. Чунки у мазкур оят маъноси ва ҳукмини билмаслиги мумкин. Билгач эса гуноҳидан тавба қилиши, шу гуноҳни ювадиган савоб ишларни амалга ошириши, Қиёмат кунида Шафоатчининг шафоатидан баҳраманд бўлиши ёки бошқа имкониятлардан фойдаланиб жаннатга кириш эҳтимоли мавжуд. Буларни мутлақо эътибордан қолдириш мумкин эмас!

Бир одамнинг куфр гапни айтгани сабаб қозининг ҳузурига келтирилса, қози гувоҳларнинг даъволаридаги масала – куфр гапни айтгани ҳақида сўрайди. Агар айтганидан тонса, қўйиб юборилади. Чунки гапдан тонишнинг ўзи тавба ҳисобланади.

Агар айбдор мен бу гапнинг куфр эканини билмасдим, деса унга тушунтирилади. Бундан кейин ҳушёр бўлишни уқтирилиб, бу ҳолатда қўйиб юборилади.

Аммо ўша одам, мен бу гапни билиб айтдим, динимдан қайтдим, деса, уни тавба қилишга чақирилади ҳамда тавба қилгунига қадар қамаб қўйилади.

Хулоса шундан иборатки, куфр гапни очиқ айтган ва тан олиб турган одамга Исломнинг муомаласи шу бўлгач, имони бор эканини тасдиқлаётган ва Исломга имкон қадар амал қилаётганларни турли баҳона ва асоссиз сабаблар туфайли кофирга чиқариш ва уларга турли кўринишдаги зулмни раво кўриш бизнинги ақийдамизга мутлақо тўғри келмайди.

Шундай экан, мусулмоннинг имонини муҳокама қилишга ўта хушёр бўлишимиз лозим.

 

Манбалар асосида

Акмалхон Аҳмедов тайёрлади

Read 2846 times
Tagged under

Мақолалар

Top