Мақолалар

Тавба ва истиғфорнинг зарурати

Маълумки, бандаларни Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи амалларнинг афзали, тоат-ибодатларнинг улуғи тавба ва истиғфорни кўпайтиришдир. Бу амалларни бажаришга инсонларнинг  барчаси бирдек амият қаратмоғи даркор. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг илоҳий каломида шундай марҳамат қилади: “Эй мўминлар, барчаларингиз Аллоҳга тавба қилингиз. Шоядки нажот топсангиз” (Нур сураси 31-оят).

Аллоҳ таолонинг бу хитоби барчани: ибодатли инсонни ҳам, гуноҳкорни ҳам, яхши амалларни кўп қилувчини ҳам, фожирни ҳам, ва бошқа солиҳ инсонларни ҳам ўз ичига олади, ҳаттоки Пайғамбарларни ҳам.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот бўлишларига қарамасдан бир кунда 70 марта истиғфор айтишлари саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган. Саҳобий розияллоҳу анҳумлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бир мажлисда мана бу истиғфорни бир неча бор такрорлаганларини ривоят қилганлар, ҳаттоки уни саҳобалар санаб ўтирар эдилар: “Аллоҳим, менинг гуноҳларимни кечиргин ва тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилувчи, раҳмдил Зотсан”. Бу ерда эътибор қилиниши лозим бўлган жиҳат шуки, инсон қанчалар ибодатда мустаҳкам бўлсада, солиҳ амалларни кўп қилсада доимо ўзини Аллоҳ таоло ҳузурида қанчалар нуқсонли эканини, камчиликларга йўл қўяётганини ҳис қилиб туриши зарур.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган яна бир машҳур ҳадисда: “Одам фарзанди хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшиси хатоларига тавба қилувчиларидир”,- деб тавба қилувчиларни таъкидлаганлар. Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом : “Мўмин киши нуқсонга йўл қўйиб, дарров нуқсонини тузатувчидир. Хатосини тузатиб вафот этган мўминга Тубо бўлсин”,- дея хатосини тушуниб, уни тузатган инсонга бериладиган даража ҳақида хабар бермоқдалар. Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларига қанчалар марҳаматли Зот !!!  Шайх Рамазон Бутий ҳазратлари мана бу ҳадисни шарҳлар эканлар, унга ажиб бир қиёсни келтирадилар: “Агар исломни мўмин кишининг либосига ўхшатилса-ю, киши хато қилиб либосини йиртиб олса, ўрнини ямаши лозим бўлади. Мўминнинг тавбаси ана шу кийимдаги ямоқдир”.

Бу ерда мўмин киши эътибор қаратиши лозим бўлган иккита маъно бор: биринчиси – Аллоҳ таолодан қўрқиши, иккинчиси – Аллоҳ таолодан умид қилиши.

Аллоҳ таоло бандаларининг барча ҳаракатлари ва саканотларини билувчи ва ҳисобга олувчи Зотдир. Бандалари бажараётган барча тоат-ибодат ва гўзал амалларини ёзиб тургани каби, барча махфий ва ошкора гуноҳ-маъсиятларини билиб, ҳисоблаб туради. Ким шу гуноҳларидан тавба ва истиғфор орқали фориғ бўлиб олмаса Аллоҳ таолонинг азобига йўлиқиши муқаррар.

Ҳеч бир инсон хато-камчиликдан ҳоли бўлмайди. Чунки камчилик ва нуқсон унинг хилқатидандир. Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: “Ва инсон заиф яратилгандир” (Нисо сураси 28-оят),- бунинг исботидир. Демак, банда тарафидан содир этиладиган хато-камчилик уни Роббисидан узоқлаштирувчи омил эмас. Балки шу хатоларига рост тавба қилмаслик, уларда бардавом бўлиш ва Роббисига қайтмаслик бандани Аллоҳдан узоқлаштирувчидир. Банда Аллоҳдан гўзал умид билан тавба қилиб, гуноҳларининг кечирилишини сўраши унинг иймонининг гўзаллигидандир.

Солиҳ инсонлар ва Пайғамбар алайҳимуссаломларнинг ҳаётларидан маълумки, улар тавба ва истиғфорга катта аҳамият берганлар. Бунинг мисоли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида ҳам яққол намоён бўлади. Демак, шу зотлар бу ишга катта аҳамият берганлар. Биз оддий инсонларга эса ҳар нафасда Аллоҳ таолога чин тавба қилишимиз лозим бўлади.

Бугун сиз неча маротаба истиғфор айтдингиз?

Тошкент ислом институти талабаси

Нуриддин Турғунбоев

Read 6166 times

Мақолалар

Top