Мақолалар

Алҳамдулиллаҳ, мўминман

Мўминлар – Аллоҳ таоло мадҳ этган бандалардир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2-4 – оятлар).

 

Мўмин – гуноҳига тавба қилувчидир.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, нажот топсангиз" (Нур сураси, 31-оят).

 

Мўмин – инсонларнинг энг ишончли кишиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўмин барча инсонларнинг ишончли кишисидир”, деганлар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар моллари ва жонларини ишониб топширадиган киши ҳақиқий мўминдир”, деганлар.

 

Мўмин – биродарининг кўзгуси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир. Мўмин мўминнинг орқасидан ҳам ҳимоя қиладиган ва уни қўллаб қувватлайдиган биродаридир”, деганлар.

 

Мўминлар жипслашган иморат кабидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, деганлар.

 

Мўмин – энг яхши дўст.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши дўст бўлади ва дўст тутилади”, деганлар.

 

Мўмин – инсонларнинг энг ғайратлиси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши ғайратли-рашкли бўлади”, деганлар.

 

Мўмин – жуда зийрак ва заковатли инсон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши жуда заковатли, қобилиятли, зийрак ва ҳушёрдир”, деганлар.

 

Мўминнинг ҳеч кимга оғирлиги тушмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳақиқий мўмин бировга оғирлиги тушмайдиган кишидир”, деганлар.

 

Мўмин – инсонларнинг мушкулини енгил қилувчи.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларга аралашиб юрадиган ва уларнинг азиятларига сабр қиладиган мўмин киши, одамларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мўмин кишидан афзалроқдир”, деганлар.

  

Мўминлар бир тана кабидирлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мўминларнинг ўзаро раҳм қилишлари, дўстликлари ва меҳрибончиликларида худди бир танадек эканини кўрасан. Бирор аъзо хасталанса, тананинг қолган жойлари бедорлик ва иситмалаш билан унга ҳамдард бўлади", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 2181 times
Tagged under

Мақолалар

Top