Мақолалар

Қуръон ва суннат ҳукмда мувофиқдир

“Суннат” ва “Ҳадис” атамаси бир хил маънони билдиради. Аммо уларни диққат билан ўрганадиган бўлсак, ҳадиснинг хос, суннат умумий эканини биламиз. Ҳадис деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади.

Суннат сўзи эса, араб тилида “сийрат, тариқат – маънавий йўл”. маъносини англатади. Тариқат ёмонлик ниятида хам, яхшилик ниятида хам бўлиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар ажрига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар (Муслим ривояти).

Пайғамбарнинг суннати деб айтилганда, у зотнинг ҳаётий йўли тушунилади. Муҳаддислар истилоҳида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади.

Суннат икки илоҳий ваҳийнинг бири бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Ваҳийнинг бошқаси Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони каримдир. Бунга Қуръон, суннат ва уламоларнинг ижмоларида аниқ баён этилган:

Қуръони каримда:

“У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4-оятлар мазмуни).

Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар(Наҳл сураси, 44-оят мазмуни). Бу оятда зикрдан мақсад Қуръони Каримдир. Яъни, Пайғамбарларни ўз қавмларига турли очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар билан юбордик. Сизни эса, эй Муҳаммад, одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикр – Қуръон билан юбордик.

Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир(Ҳашр сураси, 7-оят мазмуни).

Сиз: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айтинг(Оли Имрон сураси, 31-оят мазмуни).

Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо сураси, 65-оят мазмуни).

 “Унинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар(Нур сураси, 63-оят мазмуни).

Суннатга эргашишга қизиқтирадиган, уни лозим тутиш вожиб экани ва унга хилоф иш тутиш ҳаром экани ҳақидаги оятлар Қуръонда кўп келади.

Суннатда:

Ҳадисларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала экани очиқ-ойдин айтилган.

Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъ отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен бирортангизнинг супасида ёнбошлаб ётганида унга мен амр қилган ёки қайтарган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор “Буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг Китобида нима келса, шунга эргашамиз”, деганингизга дуч келмайин”, дедилар” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривоятлари).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръонга амал қилсак бўлди, Суннатнинг кераги йўқ”, дейдиганлар чиқмаслиги зарурлигини баён қилмоқдалар. Бу ҳам келажакда бўладиган нарсалардан ўзига хос огоҳлантиришдир. Шунингдек, Қуръони карим билан бирга суннати набавияга катта эътибор қаратиш кераклигини таъкидладилар, чунки у зотнинг суннатлари Қуръон аҳкомларини баён қиладиган ва изоҳлаб берадиган манбадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўплаб ихтилофларни кўради. Шунда менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлашни лозим тутинг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг. Ўзингизни янги пайдо қиладиган ишлардан эҳтиёт қилинг, чунки ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъатдир, ҳар бир бидъат эса залолатдир”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Шунга ўхшаш суннатни лозим тутиш ва уни мукаммал қилишга тарғиб қилувчи ҳадиси шарифдан иборат далиллар кўп.

Буюк алломаларнинг гапларида:

Ҳасан Басрий: “Имрон ибн Ҳусайн биродарлари билан ўтирган эди. Шунда улардан бири: “Бизга фақат Қуръон билан гапиринглар” деди. Унга: “Яқин кел” деди. У яқин келди.  Имрон ибн Ҳусайн: “Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Пешин намозини тўрт ракат эканини, Асрнинг тўрт ракат эканини ва Шомнинг уч ракатлигини топа оласизларми?

Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Тавоф етти марта эканини, Сафо ва Марва тавофи қанчалигини топа оласизми?”, деди (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя). Яъни Қуръон ҳукмларини суннат билан тўлиқ билиб олишга ишора қилган.

Ҳассон ибн Атийядан ривоят қилинади: “Жаброил алайҳиссалом суннатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни нозил қилгани каби нозил қилар эди” (Имом Доримий  ривояти).

Айюб Сахтиёнийдан ривоят қилинади: “Бир киши Мутарриф ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирга: “Бизга Қуръондаги нарсасиз бирор сўз гапирма”, деди. Унга Мутарриф: “Аллоҳга қасам, Биз Қуръонга ўзгартиришни хоҳламаймиз. Лекин бизнинг ичимизда ким Қуръонни билувчироқ эканини билишни истаймиз”, деди” (Қуртубий. Жомиъ баёнил илм ва фазлиҳ).

Авзоъийдан ривоят қилинади: “Айюб Сахтиёний: “Бир кишига суннатни гапирадиган бўлсангиз, у одам: “Буни қўйинглар, бизга фақат Қуръондан гапиринглар”, дейди. Билингки, у адаштирувчи адашган одамдир”, деди” (Ҳоким Найсабурий. Маърифату улумил ҳадис).

Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи: “Суннат Қуръоннинг тафсири, таърифи ва баёнидир”, деган (Хатиб Бағдодий. Ал-Кифоя фи илмир ривоя).

Бу ҳақда алломалар жуда кўлаб фикрларини билдиришган.

Қуръон ва суннатда ҳеч қандай бир-бирига хилофлик йўқ. Бугунги кунда суннатни инкор қилувчилар жамоаси суннатни тарк этиб фақат Қуръондан ҳукм олиш керак деган фитналари билан мусулмонлар орасини бузишга ҳаракат қилмоқда. Юқоридаги далиллар уларнинг тутаётган йўллари нотўғри эканига далолат қилади. Диннинг мукаммаллиги Қуръон ва Суннат билан намоён бўлишини унутмайлик.

 

Қодирхон МАҲМУДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Read 2573 times

Мақолалар

Top